Рубен Аморим “Манчестер Юнайтед”дан бўшатилганидан сўнг, жамоа раҳбарияти мавсумнинг қолган қисми бўйича қарорларни аниқлаштириш учун клубнинг собиқ футболчилари билан мулоқот қилмоқда. Аввал бош мураббий сифатида ишлаган Оле-Гуннар Сульшер ва Майкл Керрик вақтинча бош мураббий лавозимни эгаллаши мумкин бўлган номлар сифатида кўриб чиқилмоқда.
Ҳозирда жамоани Даррен Флетчер вақтинча бош мураббий сифатида бошқармоқда. Бироқ клуб ичида мавсум охиригача жамоани янада тажрибали мутахассисга топшириш тарафдорлари бор. Сабаби, “Манчестер Юнайтед” олдида ҳали муҳим вазифалар турибди. Доимий бош мураббий масаласи эса чуқур таҳлил қилинадиган мавзу бўлиб қолмоқда.
Раҳбарият 2013 йилда Сер Алекс Фергюсон бош мураббий лавозимини тарк этганидан сўнг мураббийлар ва уларнинг штаблари учун қарийб 100 миллион фунт стерлинг (115 миллион евро) миқдорида компенсация тўлаган.
Масалан Рубен Аморим шартномасининг қолган бир ярим йили учун 10 миллион фунт стерлинг (11,5 миллион евро) миқдорида қўшимча маблағга эга бўлади.
Маълумотларга кўра, “Манчестер Юнайтед” сўнгги 12 йил ичида муддатидан аввал ишдан бўшатилган мураббийлар ва уларнинг штабларига жами 78 миллион фунт стерлинг (90 миллион евро) компенсация тўлаган.
Тўланган товон пуллари қуйидагича:
Девид Моес — 4,9 миллион фунт (5,6 миллион евро);
Луи ван Гаал — 8,4 миллион фунт (9,6 миллион евро);
Жозе Моуриньо — 19,6 миллион фунт (22,6 миллион евро);
Оле-Гуннар Сульшер — 10 миллион фунт (11,5 миллион евро);
Ралф Рангник — 14,7 миллион фунт (16,9 миллион евро);
Эрик тен Ҳаг — 10 миллион фунт (12 миллион евро).
Шунингдек, клуб мураббийларни таклиф этиш, директорларни ёллаш ва уларни ишдан бўшатиш билан боғлиқ жараёнларга ҳам қарийб 21 миллион фунт стерлинг (24 миллион евро) сарфлаган. Энг катта ягона компенсация 11 миллион фунт стерлингни (12,6 миллион евро) ташкил этиб, у 2024 йилда айнан Рубен Аморимни бош мураббий этиб тайинлаш учун “Спортинг” клубига тўлаб берилган.
“Манчестер Юнайтед” Сер Алекс Фергюсон истеъфосидан бери еттинчи янги бош мураббийини изламоқда. Яна 4 нафар вақтинчалик мураббийлар ҳам бор. 5 январь куни Рубен Аморим ишдан бўшатилгач, жамоани собиқ ярим ҳимоячи Даррен Флетчер бошқариб бориши маълум бўлди. У вақтинча бош мураббий сифатида Англия Премьер Лигаси 21-тури доирасида “Бёрнли”га қарши сафар ўйинида жамоани бошқарди ва учрашувда 2:2 ҳисоби қайд этилди. Мавсум давомида энг омадсиз трансфер деб айтилаётган Бенямин Шешко дубль қайд этди. Флетчер, шунингдек, 11 январь куни “Брайтон”га қарши Англия кубоги 3-босқич учрашувида ҳам жамоани майдонга олиб чиқади.
ESPN нашрининг хабарига кўра, клуб раҳбарияти доимий бош мураббий тайинлаш борасида ҳали якуний қарорга келмаган. “Манчестер Юнайтед” бу қарорни тез фурсатда қабул қилиши ёки 2026-йилги Жаҳон чемпионатидан кейин бир қатор машҳур мутахассислар истеъфога чиқиши эҳтимоли сабаб янги мавсум бошлангунига қадар кутиши мумкин.
“Олд Траффорд”даги навбатдаги бош мураббий бўлишга кимлар даъвогар?
Дарҳол тайинланиши мумкин бўлган номзодлар:
Оливер Гласнер (“Кристал Пэлас”)
“Кристал Пэлас” бош мураббийи жорий мавсум якунида клуб билан тузилган шартномасини якунлайди ва ҳозирча янги келишув бўйича музокаралар олиб борилмаган. Ўтган мавсумда Англия кубогини қўлга киритиб, жамоани УЕФА Конференциялар Лигасига олиб чиққанидан сўнг Гласнернинг обрўси кескин ошди. У 2022 йилда “Айнтрахт Франкфурт” билан Европа Лигасида ҳам ғолиб чиққан.
51 ёшли мутахассис Аморим сингари уч ҳимоячили тизимни афзал кўради. Агар “Манчестер Юнайтед” шу моделни сақлаб қолмоқчи бўлса, Гласнер энг мос номзод ҳисобланади. Шартнома ҳолати сабаб у ҳозирнинг ўзидаёқ янги клуб билан музокараларга киришиши мумкин.
Киран Маккенна (“Ипсвич Таун”)
39 ёшли мураббий “Ипсвич Таун”ни кетма-кет икки бор юқори лигага олиб чиқди. 2024 йилда у “Челси” бош мураббийлиги учун суҳбатдан ўтган, бироқ клуб Энсо Марескани танлаган эди. Маккенна аввалроқ Жозе Моуриньо ва Оле-Гуннар Сульшер штабларида ишлаган, шу сабабли у “Манчестер Юнайтед” муҳитини яхши билади.
“Ипсвич” жорий мавсумда яна АПЛга чиқиш учун курашмоқда, бироқ “МЮ”дан таклиф тушса, буни рад этиши қийин бўлиши мумкин.
Гарет Саутгейт (ишсиз)
Англия терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Евро–2024 мусобақасидан сўнг лавозимини тарк этганидан бери ишсиз. 55 ёшли мутахассис ҳозирча мураббийликка қайтиш истагини билдирмаган, бироқ Англияни икки марта Европа чемпионати финалига ва 2018 йилги Жаҳон чемпионати ярим финалига олиб чиққани сабаб “Олд Траффорд”да унинг келишини хоҳловчи томонлар бор.
Саутгейт эркин агент бўлгани учун компенсация ҳам талаб этилмайди ва у қизиқиш билдирса, дарҳол асосий номзодга айланиши мумкин.
Хави (ишсиз)
Собиқ “Барселона” бош мураббийи каталонияликларни 2022–2023 йилги Ла Лига чемпионига айлантирган. У 2023–2024 йилги мавсум охирида клубни тарк этганидан бери ҳеч бир клубда фаолият юритмаган.
45 ёшли Хави АПЛда ишлашга қарши эмас. Бироқ инглиз футболининг юқори темпи ва мураббийнинг зич тақвимида тажрибаси камлиги — айниқса Аморим ва Эрик тен Ҳагнинг мослашишда қийналгани фонида — “манкунианликлар” учун хавфли омил бўлиши мумкин.
Майкл Керрик (ишсиз)
Керрик 2021 йилда Сульшер кетганидан сўнг уч ўйинда “Манчестер Юнайтед”да бош мураббий вазифасини бажарган. Сўнгги уч йилни “Мидлсбро” билан Чемпионшипда ўтказган 44 ёшли мутахассис ўтган мавсум охирида клубни тарк этди.
У ҳозирча мураббийликка қайтиш истагини билдирмаган бўлса-да, клубни яхши билиши уни ёзгача вақтинчалик “хавфсиз вариант”га айлантиради.
Оле-Гуннар Сульшер (ишсиз)
Сульшер футболчи сифатида 1998–1999 йилги шонли мавсум қаҳрамонларидан бири бўлиб, мухлислар орасида ҳануз машҳур. У 2018–2021 йилларда бош мураббий сифатида ҳужумкор услуб намойиш этган.
“Юнайтед” 2020–2021 йилги мавсумда у билан АПЛда иккинчи ўринни эгаллаган, бироқ ҳимоядаги муаммолар сабаб 2021 йил ноябрида, жумладан “Ливерпуль”дан 0:5 ҳисобида учралган мағлубиятдан кейин истеъфога чиқарилган. У яқинда “Бешиктош”ни тарк этган ва собиқ клубига қайтиш эҳтимоли паст бўлса-да, мавжуд вариантлардан бири сифатида кўрилмоқда. Қўшимчасига, норвегиялик мутахассиснинг ўзи клуб бош мураббийи бўлишга тайёрлигини билдирган.
Энцо Мареска (ишсиз)
Мареска “Челси”ни тарк этгач, эркин агентга айланди. Лондон клубидаги 18 ойлик фаолияти давомида у Конференциялар Лигаси ва Клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ғалаба қозонган.
У “Манчестер Сити”да ёрдамчи мураббий сифатида ишлаган пайтда “МЮ” бош директори Омар Беррада ва спорт директори Жейсон Уилкок билан яқин ҳамкорлик қилган. Бироқ тўп назоратига асосланган фалсафаси “қизил иблислар” таркибига мос келмаслиги мумкин.
Узоқ истиқболдаги мураббийлар:
Томас Тухель (Англия)
Англия терма жамоаси бош мураббийи 2024 йил ёзида тен Ҳаг ўрнига “Юнайтед” билан музокара олиб борган, бироқ клуб футболига қайтишни истамаган. Унинг шартномаси Жаҳон чемпионатидан кейин тугайди.
52 ёшли Тухель “манкунианликлар” талаблари бўйича деярли барча мезонларга жавоб беради: у “Челси” билан Чемпионлар лигасини ютган, шунингдек “Бавария” ва “ПСЖ” каби гранд жамоаларни бошқарган. Бироқ раҳбарият билан келишмовчиликка мойиллиги ички зиддиятларга сабаб бўлиши мумкин.
Маурисио Почеттино (АҚШ)
АҚШ терма жамоаси бош мураббийи Жаҳон чемпионатидан сўнг клуб футболига қайтишга тайёр бўлади. Клуб раҳбарияти сўнгги 10 йил ичида унинг номзодини уч марта кўриб чиққан.
2022 йилда у Эрик тен Ҳаг билан бирга қисқа рўйхатда бўлган. Премьер лигадаги тажрибаси ва “ПСЖ”, “Челси”, “Тоттенҳэм”даги фаолияти уни мос номзодга айлантиради.
Карло Анчелотти (Бразилия)
66 ёшли мураббий Бразилия терма жамоаси билан Жаҳон чемпионатидан кейингача шартнома асосида ишлайди. Агар “Юнайтед” катта тажрибага эга мутахассисни хоҳласа, Анчелотти энг кучли вариант ҳисобланади.
У “Милан” ва “Реал Мадрид” билан беш марта Чемпионлар лигасида ғалаба қозонган, шунингдек “Бавария”, “Ювентус”, “ПСЖ”, “Наполи” ва “Челси”да фаолият юритган. У юқори маош ва кучли трансферларни талаб қилиши мумкин, бироқ унинг келиши клуб жозибадорлигини оширади.
Юлиан Нагелсманн (Германия)
Германия терма жамоаси бош мураббийи Евро–2028 турниригача шартномага эга. Унинг келажаги Жаҳон чемпионатидаги натижаларга боғлиқ бўлиши мумкин.
38 ёшли Нагелсманн “Бавария”даги мураккаб даврдан сўнг терма жамоада обрўсини тиклади. “Ҳоффенҳайм” ва “Лейпциг”даги муваффақиятлари уни Европанинг энг истиқболли мураббийларидан бири сифатида сақлаб турибди.
Андони Ираола (“Борнмут”)
“Борнмут” бош мураббийи бюджетдан юқори натижалар кўрсатиб келаётгани билан эътироф этилмоқда.
Унинг юқори интенсивликка асосланган услуби “Юнайтед”нинг ҳозирги таркибига қанчалик мос келиши савол остида, бироқ Премьер лигадаги тажрибаси сабаб клуб эътиборида бўлади.
Хулоса қилиб айтганда, жамоа бош мураббийи бўлиш учун номзодлар турли услубларга асосланган ўйин фалсафасига эга. Ҳатто клубни бошқарган аввалги мутахассислар ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.
Бу жараён кўпинча қисқа муддатли натижаларни кўзлаб амалга оширилади: ҳар бир мураббий ўз тактикасини жорий қилади, ўйин услубини ўзгартиради ва таркибни қайта мослаштиради. Натижада жамоа барқарорликни йўқотиб, футболчиларнинг устун томонлари юзага чиқмай қолмоқда. Шу сабабли, “Манчестер Юнайтед”да охирги 12 йил ичида 7 нафар мураббий муддатидан аввал ишдан бўшатилди. Жамоани тарк этган аксарият футболчилар — Скотт Мактоминей, Маркус Рэшфорд, Дин Ҳендерсон, Давид Де Хеа, Ромелу Лукаку, Мэйсон Гринвуд, Антони, Андреас Перейра янги клубларида барқарор ўйин намойиш эта бошлади.
Балки жамоа раҳбарияти — Глейзерлар оиласи ҳамда футбол бўйича амалиётлар учун жавобгар ва клубнинг 25 фоиз акцияларига эгалик қилувчи Жим Ретклиф клубни барқарор ривожлантириш бўйича келишиб олиши зарурдир. Қолганини вақт кўрсатади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).