Эрон футбол федерацияси президенти Меҳди Таж 2026 йилги жаҳон чемпионати ташкилотчиларига нисбатан талаб қўйди.
Апрель ойи охирида Таж бошчилигидаги Эрон делегацияси ФИФА конгрессида иштирок этиш учун Ванкуверга учиб келган эди, бироқ «иммиграция идораларининг ҳурматсиз муносабати туфайли» ватанига қайтишга қарор қилганди. Кейинроқ Канада иммиграция вазири Лена Метледж Диаб Эрон футбол федерацияси раҳбарининг Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (ИИҚК) билан алоқалари борлиги сабабли унинг визаси у самолётда бўлган вақтда бекор қилинганини тасдиқлади.
«У ерга боришимиз учун тизимимиз рамзларини, айниқса, Ислом инқилоби қўриқчилари корпусини ҳақорат қилишга ҳақлари йўқлиги ҳақида кафолатлар керак. Улар бунга жиддий эътибор қаратишлари лозим. Агар улар шундай кафолат бериб, мажбурият олсалар, Канададаги каби ҳодисалар бошқа такрорланмайди.
Биз саралашдан ўтган жаҳон чемпионатига боряпмиз ва бизнинг мезбонимиз ФИФАдир, жаноб Трамп ёки Америка эмас. Агар улар бизни қабул қилишга рози бўлсалар, унда ҳарбий институтларимизни ҳеч қандай тарзда ҳақорат қилмасликни ҳам тан олишлари керак. Чунки бундай ҳолат юз берса, табиийки, Канададаги каби вазият келиб чиқиши мумкин ва биз қайтиб кетишга мажбур бўламиз. Шунинг учун, у ерга хотиржам боришимиз учун кафолатлар бўлиши шарт», — деди Таж IRIB нашрига берган интервьюсида.
Эслатиб ўтамиз, ЖЧ-2026 мусобақаси 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтади. АҚШ 2019 йилда, Канада эса 2024 йилда ИИҚКни террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган эди
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).