«Реал Мадрид» собиқ юлдузи Гарет Бэйл Чемпионлар лигаси ярим финали доирасидаги «ПСЖ» – «Бавария» (1:1) учрашувининг 66-дақиқасида Усмон Дембеленинг захирага олиниши ва футболчининг бунга муносабати ҳақида ўз фикрларини билдирди.
«Луис Энрике 66-дақиқада Усмон Дембелени захирага олганини кўриб шокка тушдим, лекин Дембеленинг бунга муносабати мени янада ҳайратда қолдирди... У шунчаки жамоадошларини олдинга боришга ундади, тўғри мураббийнинг олдига бориб, ҳеч қандай эътирозсиз, юз ифодасини ўзгартирмасдан ва драма қилмасдан унинг қўлини сиқиб қўйди. Кейин эса гўёки энг оддий иш содир бўлгандек ўриндиққа ўтирди.
Мана нима учун у ҳозир Энрике қўл остида майдонда «учяпти». У тизимга тўлиқ мослашди — ҳимояда ишлаяпти, прессинг қиляпти, жамоани биринчи ўринга қўйяпти. Бу камтарликнинг идеал кўриниши, ҳеч қандай «эго» йўқ. Унинг «Олтин тўп» даражасида ўйнаётгани бежиз эмас.
«Реал»да ҳам худди шундай эди: ҳеч бир футболчи клубдан устун бўлмаган, қанча гол уришингиз ёки нечта соврин ютишингиздан қатъи назар. Сиз мураббийнинг қарорини қабул қилардингиз, чунки клуб эмблемаси биринчи ўринда турарди.
Ҳозирги кунда кўплаб футболчиларда ўзларига алоҳида муносабат талаб қилиш менталитети бор — агар уларни алмаштирсангиз, дарров аразлашади, либосларини улоқтиришади. Футбол ўзгарди, лекин кимда-ким Энрике қўл остидаги Дембеле каби буни тушунса, якунда улар ҳамма нарсани ютишади», — деди Бэйл.
Икки ўйин натижасига кўра «ПСЖ» «Бавария»ни 6:5 ҳисобида мағлуб этиб, финалга йўл олди. Париж клуби ҳал қилувчи баҳсда «Арсенал» билан тўқнаш келади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).