Андрес Иньеста — 2013 йилнинг энг яхши плеймейкери
Халқаро футбол тарихи ва статистикаси федерацияси "Барселона" футболчиси Андрес Иньестани 2013 йилнинг энг яхши плеймейкери деб топди.
Дунёнинг турли қитъаларидан танлаб олинган 70 нафар футбол экспертлари саккизинчи маротаба ташкил этилган сўровномада иштирок этишди. Натижада Иньеста 132 балл тўплаб, 2013 йилнинг энг яхши диспетчери деб топилди. "Барса" ярим ҳимоячиси ўтган йили ҳам IFFHSнинг ушбу номинациясида ғолиб чиққанди.
Иккинчи ўринни эса "Арсенал" ярим ҳимоячиси Месут Ўзил қўлга киритди. Унинг ҳисобида 94 очко тўпланди. Учинчи ўрин эса "Ювентус" диспетчери Андреа Пирлога насиб этди (78 балл). Тўртинчи ва бешинчи ўринларга эса Бастиан Швайнштайгер ("Бавария") ва Хави ("Барселона") муносиб кўрилди. Сўровномада, шунингдек, Яя Туре ("Манчестер Сити"), Тони Кроос ("Бавария"), Давид Сильва ("Манчестер Сити") ва Хуан Мата ("Челси")нинг номлари ҳам тилга олинган.
2006 йилдан бери ўтказиб келинаётган IFFHSнинг мазкур сўровномасида Зидан (2006), Кака (2007), Хави (2008 ва 2011) каби футболчилар ҳам ғолибликни қўлга киритишган.
Киритилди: 11:02, 20.01.2014. Ўқилди: 5146 марта. Фикрлар: 12 та.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).