— Катта оилада вояга етганман. Отам раҳматли Саъдулла акадан саккиз фарзанд қолганмиз. Онам Мелихон ая 83 ёшдалар, умрлари узоқ бўлсин, бизни ҳеч нарсага зориқтирмай тарбиялади. Катта оиланинг кенжа фарзанди бугун оила бошлиғи сифатида уч фарзандни вояга етказяпмиз.
Ўғлим Зафар “Насаф” футбол мактаби тарбияланувчиси. Дўстларим Зафар Холмуродов ва Зафар Имомхўжаевларга ҳавас қилиб шу исмни қўйганман.
Китобдаги 9-мактабда ўқиганман. Қишлоғимизда ҳеч қандай спорт турларидан тўгараклар бўлмасада мактаб майдончаси ҳар доим волейбол ва футбол ўйновчилар билан гавжум бўларди. Ҳатто мактаблараро мусобақаларда шу спорт турлари билан бараварига иштирок этардик.
Шу кўйи мактабни битирдим. Ҳужжатларимни тўплаб Тошкентга, Жисмоний тарбия институтига топширдим. Бироқ учта имтиҳоннинг баридан уч олиб, мандатдан йиқилдим. Ўша пайтда ҳафсалам пир бўлди, ҳарбий хизматга кетишни лозим топдим. 1991 йили хизматдан қайтиб яна ўша институтга келдим. Мақсадим қандай бўлмасин спортнинг қайсидир бир туридан ўқиш, билим олиш, кейин ўз қишлоғимга қайтиб, шу соҳада астойдил ишлаш эди.
Бу сафар ўқишга кирдим. Айни пайтда “Спорт” телеканалида ишлаётган Зафар Имомхўжаев, ўша пайтнинг ўзида машҳурликка эришган Николай Ширшов, Акмал Хошимов, Валентин Коваленко билан курсдош бўлганман. Улар ҳам футболдаги маҳоратимни кўриб, нима учун футбол жамоаларига бормаганимга ҳайрон бўларди.
Мен эса ниҳоятда уятчан эдим, ичимдагини ҳаммага ҳам айтолмасдим. Институт қоидасига кўра, олий ва биринчи лига жамоалари мураббийлар тез-тез институтда малака ошириб туришарди. Бир гал “Янгиер” бош мураббийи, раҳматли Карим ака Мўминов малака ошираётган пайтда курсдошларимнинг қистови билан ўқитувчимиз Марат ака мени унга тавсия қилиб қолди.
Карим ака ҳам йўқ демади, ўқув-машғулот йиғинига таклиф этди. 1993 йилнинг январида Янгиерга келдим. Клуб директори Баҳром Давлатов эди. Синаб кўргач, мени ва мен билан бирга йиғинга келган Ҳайрулла Абдиев, курсдошларим Нўъмон Нурматов ва Рустам Ориповни базада олиб қолишди. Бир ҳафталик машғулотлардан кейин эса олий лига жамоаси билан шартнома туздик.
Шундай қилиб, баъзилар футболни тарк этаётган бир вақт – 22 ёшимда катта футболга кириб келдим. Айтиш мумкинки, мактаб кўрмай катта футболга кириб келган йигитман. Катта футболдаги дастлабки дўстларим Бахтиёр Давлатов, Шуҳрат Шамсиев, Александр Сазанов, Андрей Лошков, Тимофей Шабанов, Тимур Тимашев бўлган.
Китобга қайтиб, хурсандчилигимни оила-аъзоларим билан бирга баҳам кўрдим. Айниқса, футболга ишқибоз акаларим бу ишимдан ниҳоятда севинишган. Янгиерда тўрт мавсум ўйнадим. 1997 йили Баҳром Давлатов ўзи билан бирга саккиз нафар ўйинчини, жумладан, мени ҳам “Насаф”га олиб келди. Бу пайтда менинг олдимда иккита вариант бор эди ё “Насаф”га келиш, ёки “Дўстлик” таклифига рози бўлиш.
Мен эса биринчидан, ўз вилоятимни, иккинчидан эса жамоадошларим билан бирга бўлишни лозим топдим. Ўша пайтда Баҳром ака бош мураббий, Иванов, Макаров, Борисов унга ёрдамчи эди. Олий лигадаги биринчи йилидаёқ ажойиб натижа кўрсатдик – олтинчи ўринни эгалладик. Мана, орада, 1999 йили маълум сабабларга кўра “Машъал”да уч ой ўйнаб келганимни инобатга олмаганда, жамоамнинг биринчи кунидан буён биргаман.
Футболчи ва мураббий сифатида етти маротаба бронза медалига сазовор бўлдим, 2001-2002 йилги Осиё Чемпионлар лигасининг ярим финалига етиб бордим, ОФК Кубогини қўлга киритдим. Менимча, оддий бир футболчи бошидан ўтказиши керак бўлган воқеа-ҳодисаларни мен ҳам бошимдан ўтказдим.
— Мактаб кўрмаган йигитнинг кўрган-кечирганлари мактаб кўрганларникидан кам эмаску?
— Мактаб кўрмай шу савияга чиқиш кутилмаган воқеа. Бундан ҳам юқорироқ савияга чиқа олмаганимнинг сабаби шу мактабни кўрмаганимда бўлса керак.
— Гапим қаттиқ ботса, олдиндан узр сўрайман – миллий терма жамоа либосида майдонга тушмаганингиз армон бўлиб қолган бўлса керак?
— Миллий термам либосинику кийишга кийганман, лекин майдонга туша олмаганимдан ростдан ҳам армондаман. Бунинг учун ҳеч кимни айбламоқчи эмасман, сабаби, ўша пайтда ҳар чизиқда тажрибали ва маҳоратли футболчилар кўпчиликни ташкил этарди. Менинг чизиғимдаги футболчиларга эътибор беринг – Миржалол Қосимов, Нўъмон Ҳасанов, Шуҳрат Раҳмонқулов, Илҳом Шарипов, Ёрқин Назаров, Вали Келдиев, Степан Атоян, футболимизнинг чинакам юлдузлари эмасми булар.
— Содиқ ва собиқ жамоангизда мураббийликка ўтиш – кўп йиллик фаолиятингизга жавобми ёки истак-хоҳишнинг самарасими?
— Ҳарқалай тасодиф, демаган бўлардим. Футболчи сифатида 314 маротаба майдонга тушдим, 70 га яқин голга муаллифлик қилдим. Ҳали авж футболчилик пайтимдаёқ келажагимни ўйлардим, мураббийлик соҳасини ички ҳиссиётлар ила кузатиб борардим. Давлатов, Борисов, Ҳакимов каби ўз ишининг уста мутахассислар ўгитини олдим, 2009 йилдан Кумиков, Фомичев ва Демьяненкога ёрдамчи сифатида шу соҳани янада жиддий ўргандим, ўзлаштирдим. Қолаверса, лицензия курсида ўзбек футболи профессори Рустам Акромовдан футболнинг илмий жиҳатларини диққат билан ўқидим. Шуларнинг бари энди қўл келяпти.
— Ўша пайтда балки яна бир-икки йил майдонда ҳаракат қилишга кучингиз етарди чоғи?
— Ўйнасам бўларди. 2008 йилги мавсумни тугатмай жамоадан кетдим. Икки ой уйда бўлдим, шуғулланмадим ҳам. “Машъал”дан келган Виктор Кумиков чақириб олди. Тайёргарлигим йўқ бўлса-да, майдонга қайтдим, 9-ўринни сақлаб қолдик. Шундан кейин Кумиков истасам футболчиликни давом эттиришим, ёки мураббий сифатида унга ёрдам беришим ҳақида гап очиб қолди. Ўйлаб ўтиришга вақт йўқ эди, бу ёғи ёшим ҳам 36га кириб қолган, ёшларга ўрин берадиган онлар келиб қолганди, мураббийлик қилишга рози бўлдим. Шуни мамнуният билан айта оламанки, майдонни ҳақоратсиз тарк этдим, мураббийликни вақтида бошладим.
— 4-5 йилда бу соҳада ҳам тажрибангиз анча ошди. “Насаф”га эмас, бошқа клубга бош мураббийликка таклиф бўлганида...
— Бормаслигим мумкин эди. Ҳар қандай соҳада бир жойдан бошқа жойга кўчиш маълум маънода осон бўлмайди. Бошқа жойнинг жамоаси, муҳити, урф-одати барибир сиздан ортиқча меҳнат, сабр-тоқат талаб қилади. Меҳнатдан қочадиганлардан эмасман, сабр-тоқатим ҳам етарли. Лекин табиатдан уятчанлигимни, киришимлигим қийин кечишини юқорида айтдим. Шунинг учун “Насаф”дан бошқа таклифни ўйлаб ҳам кўрмаганман. Бу ерда эса ўринбосарлар гуруҳидан чиққан эмасманми, шогирдларимнинг нималарга қодир эканлигини, уларнинг имкониятларини яхши билардим. Шунинг учун қийин кечмади.
— Ўтган йили бош мураббий сифатида натижангиз ёмон кетмаётганди, лекин ўрнингизни Тошевга бўшатиб бердингиз.
— Йил бошида жамоани қабул қилиб олдим. Мақсадимиз ОЧЛда имкон қадар узоқроққа бориш эди, лекин менинг ҳам, шогирдларимнинг ҳам халқаро тажрибаси етишмади. Ахир ОФК Кубогидаги жамоаларга нисбатан ОЧЛнинг фарқи бор-да. Миллий чемпионатда эса ишимиз ёмон эмасди, ҳатто пешқадамликда бораётгандик. Лекин менга маълум бўлмаган сабаблар билан бош мураббийликка Усмон Тошевни тайинлашди. Бундан ҳам нолиганим йўқ, билардим мураббийларнинг тақдири шундай бўлишини. Ёшлар билан ишлашда давом этдим. Охир-оқибат бу менга анча қўл келди. Жамоага тайинланган масъул одам масъулиятни ҳис қилиш, аввалгилардан-да юқорига интилиш талаб этилади. Жамоамиз эса нафақат пешқадамликни тарк этди, балки совриндорлар сафидан ҳам чиқиб кетди. Бу йил бошида клуб бош менежери Шамил Ярулин таклиф билан чиқди. Бу пайтда масъулиятни ўз зиммамга олишга тайёр эдим, негаки, хато ва камчиликлардан, яхши-ёмонлардан хулоса чиқариб бўлгандим. Бир сўз билан айтганда, енг шимариб ишлашга тайёр эдим.
— Турган гапки, ишни нимадан бошлашни ҳам режалаштириб бўлгандингиз.
— Албатта, энг аввало ички муҳитни яхшилаш, жамоанинг ўйин услубини шакллантириб олиш талаб этиларди. Хорижлик футболчиларни таклиф этишдан кўра маҳаллий йигитларга эътиборни оширдик. Элдор Суюнов, Шерзод Аъзамовлар кам майдонга тушмаётганди. Футбол мактабимиз тарбияланувчиси Одил Ҳамробековга имконият бердик. Ўринбосарлардан жалб этганимиз Фаррух Сайпиев, Улуғбек Дадабоев, 1-лигадан келган Азамат Олланиёзов каби ёшлар Ботир Қораев, Артур Геворкян, Илҳом Юнусов сингари тажрибали футболчилар сафида ишончимизни оқлай бошлашди. Бир сўз билан айтганда, ёшлар билан катталарни уйғунлаштирдик, мақсад сари бирлаштирдик.
— “Насаф” ортда қолаётган чемпионатда ҳатто олтин медални ҳам қўлга киритиши мумкин эди, лекин сўнгги турларга келганда очколар йўқотилди.
— Чемпионат сўнггидаги рақибларимизга эътибор беринг – “Локомотив”, “Пахтакор”, Кубок финалида “Бунёдкор”. Аксига олиб таркибимизнинг Каримов, Муҳаммадиев, Кенжаев, Юсупов каби энг тажрибали вакилларида жиддий жароҳатлар бор эди. “Пахтакор” билан дуранг ўйнадик, “Локомотив”га ютқаздик. Асосий мақсадимиз Ўзбекистон Кубогини қўлга киритиш эди, барча эътиборимизни шу ўйинга қаратгандик, лекин омадимиз келмади. Мағлубиятдан кейин шогирдларимнинг ҳам анча руҳи тушди. Натижада Бекободда ҳам ютқаздик. Шуларнинг бари натижамизга таъсирини кўрсатди. Аслида мавсум бошида вилоятимиз ҳокими аввалги натижадан-да яхшироқ натижа қайд этишимизни вазифа қилиб белгилаганди. Маҳаллий йигитлар эвазига, бунинг устига кўплаб жароҳатлар билан эришган натижамиз барча қашқадарёликларни қониқтирди, деб ўйлайман.
— Клубда яратилган шароитлар ҳақида савол бермасам ҳам бўлса керак...
— Шароитдан нолишга ҳаққимиз йўқ, аксинча, шу шароитларга яраша жавоб беришимиз ҳақида бош қотиришимиз керак. Бу борада “Бунёдкор”, “Локомотив”дан устунмиз демоқчи эмасман, лекин бошқаларга нисбатан бизда бу борада яхшироқ.
— “Насаф” бой клублардан саналади, лекин хорижлик футболчиларга у қадар эътибор берилмаётганини қандай изоҳлайсиз?
— Ортиқча изоҳга хожат йўқ, менимча. Четдан ҳамма “Насаф”ни бақувват клуб, деб ҳисоблашади. Лекин юлдузларни олиб келишга ҳозирча имкониятларимиз камроқ. Аслида, танлаган йўлимиз тўғри – хорижлик футболчини “отни калласидек маблағга” ўйнатгандан кўра пойдеворни яратиб, узоқни кўзлаганимиз маъқул. Ўзим кўп бор гувоҳ бўлдим, хорижлик футболчи юзага келган кичик қийинчиликларга чидай олмай, дарҳол кетиш пайига тушади, бошланган ишни ярим йўлда ташлаб кетишдан хижолат ҳам бўлмайди. Шундан келиб чиқиб, “Насаф”нинг ҳозирги стратегиясини энг тўғри йўл деб айта оламан.
— Рўзиқул суҳбатимиз сўнгида катта унвон – “Йилнинг энг яхши мураббийи” бўлганингиз билан яна бир бор муборакбод этаман.
— Раҳмат. Бу муваффақият биргина менинг эмас, бутун жамоамизники эканлигини таъкидламоқчиман. Тўғрисини айтсам, мамлакатимизда кучли, тажрибали мураббийлар, мутахассислар кўпчиликни ташкил этади. Менинг номим ҳам шулар орасида қайд этилганидан хурсанд бўлдим. Албатта, бу унвон менга келгусида янада каттароқ масъулият юклайди, янада юқорироқ натижаларга интилишимга, тинимсиз меҳнат қилишимга, ўқиб-изланишимга, билимимни янада чарҳлаб боришимга ундайди. Фурсатдан фойдаланиб, ЎФФнинг тадбирида мен каби саҳнага чиқиб, мукофотланганлар орасида жамоадошларим – клубимиз бош менежменти Шамил ака Ярулинни, тажрибали ҳужумчимиз Артур Геворкянни ва матбуотимиз котиби Азиз Нурийни самимий табриклаб қоламан.
Ойбек ЮНУСОВ суҳбатлашди
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).