Сер Алекс Фергюсон:
“Мураббий ҳамма гапини ўйиндан олдин айтиши керак,
чунки майдонда бақириш бефойда!”
Жаҳон чемпионатида Испания йирик ҳисобда мағлубиятга учрагач, кўпчилик Луи ван Гал исмини қайта-қайта такрорлай бошлади. Терма жамоа ярим финалгача чиқиб келганида, айниқса, Коста Рикага қарши ўйинда қўшимча вақтларда алмаштирилган дарвозабон (!) Тим Крулл пенальтиларни қайтарганида эса бу исмнинг ёнига “даҳо” нисбати қўшиб ишлатиладиган бўлди. Оқибатда Луи ван Гал мундиалдан кейин дунёнинг энг кучли клубларидан бири “Манчестер Юнайтед”га бош мураббий этиб тайинланди.
Девид Мойес тупроққа қориштириб кетган “Қизил иблислар” кемаси наздида ван Гал халоскордек кўринди. Голландиялик мутахассис ҳам клубга келгани заҳоти ишга киришди. Тўғри, айни дамда “Манчестер Юнайтед”нинг жадвалдаги ўрни ва натижалари ҳавас қилгудек эмас, лекин ван Гал қўллаётган тактикадан ажойиб режанинг иси келяпти. Қандай дейсизми?
ЎЗГАРИШ БЎЛСА ЎЗГАРИШ-ДА...
“МЮ”ни аввалги ҳолига қайтариш учун ё жамоани Сер Алекс Фергюсон давридагидек қилиш керак, ёки умуман бошқатдан қайта қуриш керак эди. Ван Гал иккинчи йўлни танлади. У Фергюсон давридаги “Манчестер Юнайтед”ни эмас, ван Галнинг “Манчестер Юнайтед”ини тузишни истади. Шу боисдан трансфер бозорида фаол ҳаракат қилган клуб таркиби қатор тажрибали футболчилар билан бойиди. Тан олиш керак, “МЮ”нинг таркиби яқин йиллар ичида бунчалик кучли футболчилар билан тўлмаган эди. Ван Гал ўзгартиришни аввало таркибдан бошлади.
УНИВЕРСАЛЛИК ИШ БЕРМАЙДИ...
Эҳтимол, “Фергюсон даврида кучли футболчилар йўқ эди, лекин Алекс керакли натижага эришарди-ку”, дерсиз. Сиз ҳақсиз. Бунинг сабаби эса қуйидагича: Фергюсонга универсал, ҳар томонлама кучли футболчи эмас, ўзига бириктирилган ишнигина қойилмақом қилиб бажарадиган ўйинчи керак эди. Унинг даврида жамоада ҳимоячи фақат ҳимоя қилишни, ярим ҳимоячи ҳужум ташкиллаштиришни, ҳужумчи эса гол уришни ўйларди. Фергюсон шу муҳитни шакллантира олганди. Қолаверса, ўйинчилар наздида САФ даҳодек кўринар, улар бу инсонга қаттиқ ишонишарди. Фергюсон “ўалаба қозонамиз”, дедими, демак, “МЮ” ғолиб бўлиши аниқ эди. Бу эса футболчиларнинг руҳиятини анча кўтариб юборарди. Эҳтимол, шунинг учун ҳам Мойес келгандан кейин клубнинг ўйини кескин пасайиб кетгандир. Сабаби, илгари майдонда Эшли Янг ёки Луиш Нани тушса, албатта, нимадир қиларди. Мойес даврида эса бу футболчилар ҳеч нарсага ярамай қолди.
Луи ван Гал жамоага универсал футболчиларни жалб қилди. Лекин улар ҳозирча зўр ўйин кўрсатаётгани йўқ. “МЮ” бир ўйинда ажойиб ҳаракат қилса, кейингисида қовун туширяпти. Демак, универсаллик ҳар доим ҳам иш беравермас экан.
ЭНДИ НАВБАТ ЁШЛАРГА
Луи ван Гал ҳар битта ўйинда асосий таркибда Аднан Янузайни майдонга туширяпти. Ваҳоланки, бу ёш ўйинчи сўнгги пайтларда захирада қолиб кетаётганди. Шунингдек, Уилсон ҳам Ван Персининг ўрнига алмаштириляпти. Демак, ван Гал ёшларга ишоняпти. У жамоанинг пойдеворини ёшлардан қурмоқчи. Эҳтимол, бунга уни баъзи тажрибали футболчиларнинг жароҳатлангани мажбур қилаётгандир. Бироқ, нима бўлганда ҳам, бу жамоа фойдасига ишлаши аниқ.
“МЕН ДАҲОМАН!”
Жамоа муваффақиятининг асосий сири — руҳият. Ван Галнинг кучли мураббий эканлиги ҳаммага аён. Шундай бўлса-да, у худди Фергюсон каби шогирдларига кўп нарсага қодирлигини, у қўллаётган тактика иш беришини ва, албатта, кейинги рақибларни осонгина енгиш мумкинлигини уқтириши керак. Шу билан бирга, “Манчестер Юнайтед” ўйинчилари қалбида 6-7 ўринларга бўлган кўникма шаклланишига йўл қўймаслиги лозим. Футболчилар наздида бу ўринлар одатий эмас, фожиа деб қаралиши зарур. Мойес айнан шу ўринларга ўрганган мураббий эди, шунинг учун ҳам у, асосан, мағлубиятга учрамасликни тайинлагандир, балки (бу ҳақда жамоанинг собиқ ҳимоячиси Фердинанд кўп бора таъкидлаб ўтган). Ван Галдан эса ҳар бир ўйиндан олдин жамоани фақат ва фақат ғалаба қониқтиришини таъкидлаш талаб этилади.
АСОСИЙ МУАММО — ҲИМОЯ!
Бу сир эмас. Чунки “Манчестер Юнайтед” аксарият ўйинларда рақибидан устунлик қилади, лекин рақиб камдан-кам уюштирилган ҳужумларни ҳам гол билан якунлайди. Оқибатда “қизил иблислар” яна қимматли очколарни бой беришади. Хусусан, “Манчестер Сити”га қарши ўтган матчда ҳам айнан ҳимоя чизиғининг панд бергани сабабли гол киритилди. Ҳозирги футболчилар, айниқса, Маркос Рохо унчалик яхши таассурот қолдираётгани йўқ. Назаримизда, у кўпроқ ҳужумкор ўйинчига ўхшаб кетяпти. Ҳимояда эса фақат ҳимоя ҳақида ўйлайдиган футболчи тўп суриши керак.
ХАТОЛАР ТАҲЛИЛ ҚИЛИНИШИ ЛОЗИМ!
Луи ван Гал ҳар бир ўйиндан кейин футболчилар билан йўл қўйилган хатолар борасида жиддий гаплашиб олиши, кераксиз ҳаракатларни қилмасликни уқтириши керак. Баъзида футболчиларнинг рақибга нисбатан кераксиз вазиятда қўполлик ишлатишларини кўриб, очиғи, ҳайрон қоламиз. Ёки “МЮ” ишқибозларининг ҳали ҳам хаёлидан кетмаётган ҳолат — Смоллингнинг биринчи сариқ олгандаги аҳмоқона ва кулгили ҳаракати. Очиғи, бир нарса тушунарсиз, ҳар қандай профессионал футболчи дарвозабонга халал бериш мумкин эмаслиги, бу ҳеч қандай самара бермаслигини яхши билади-ку! Смоллинг ўша пайтда нимани мақсад қилганди? Ван Гал бу борада футболчи билан жиддий гаплашиб олиши, умуман, ҳар битта ўйинчи билан, ўйин қандай натижа билан тугашидан қатъий назар (ғолиб бўлдик-ку, ҳечқиси йўқ, шундай қилди-да, қабилида иш тутмасдан), хатоларни муҳокама қилиши лозим. Бу футбол ривожининг асосий омилларидан бири саналади. Мураббий бугун шогирдининг хатосига кўз юмса, шогирди эртага ҳам худди шундай, эҳтимол, бундан-да баттарроқ хатога йўл қўяди.
Умуман олганда, яқин вақт ичида “Манчестер Юнайтед” яна аввалги ҳолига қайтади. Чунки клубнинг шонли тарихи унинг ўртамиёна жамоа бўлиб қолишига йўл қўймайди. Минглаб, ҳатто миллионлаб ишқибозлар жамоанинг зафарли онлари ҳали қайтишига ишонишади. Демак, “қизил иблислар”ни яна аввалгидек йиртқич қиёфада қарши олишга ҳозирланаверинг.
Низомжон ИСЛОМОВ
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).