«Тоттенхэм» собиқ бош мураббийи Харри Реднапп Лондоннинг «Арсенал» клуби чемпионлик учун ажойиб имкониятга эга деб ҳисоблайди. Ҳозирда жамоа 6 очколик фарқ билан пешқадамлик қилмоқда, бироқ «Манчестер Сити»да захирада 2 та ўйин бор.
Реднапп «канонирлар»нинг қолган учрашувлари ҳақида тўхталиб ўтди. У «Вест Хэм» билан ўйин борасида хавотир билдирган бўлса-да, мотивациясини йўқотган «Бёрнли»га қарши баҳсдаги муваффақиятга шубҳа қилмаяпти.
«Агар «Арсенал» уларни 3:0 ёки 4:0 ҳисобида мағлуб этиб, тўплар нисбатини яхшилаб олмаса, ҳайрон қоламан. Агар ҳаммаси тўплар фарқига боғлиқ бўлиб қолса, тақвим уларга катта устунлик беради. Агар «Арсенал» қолган барча ўйинларида ғалаба қозонса, менимча, улар чемпион бўлади. Ҳатто «Сити» ҳам барча ўйинларини ютган тақдирда ҳам», — дея Реднаппнинг сўзларини келтиради Daily Mail.
Мамлакат чемпионатидан ташқари, «Манчестер Сити»ни Англия Кубоги финалида «Челси»га қарши ўйин кутмоқда, «Арсенал» эса Чемпионлар Лигасида камида яна битта баҳсда (Мадриднинг «Атлетико»сига қарши) майдонга тушади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).