Ўзбекистон терма жамоасининг етакчи футзалчиси Артур Юнусов фаолиятини Озарбайжон чемпионатида давом эттирадиган бўлди. У ўтган ҳафта Озарбайжон олий лигаси пешқадамларидан бири - «Фенербахче» билан шартнома тузди. Ушбу жамоа пойтахт - Боку шаҳри шарафини ҳимоя қилади. Озарбайжон футзали Европада юқори ўринларда туришини инобатга олсак, бу Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси учун яхшигина трансфер. "Интерфутбол" газетаси мухбири Артур билан боғланиб, эксклюзив интервью олди.
- Артур, ушбу трансфер қандай амалга ошди?
- Боку шаҳрининг «Фенербахче» клуби таклиф билан чиқди ва шартнома имзоладим. Энди чемпионат якунига қадар ушбу клубда тўп сураман. Жамоамиз олдида ўта муҳим 5та учрашув бор. Уларда ижобий натижа қайд этсак, Озарбайжон чемпионлигини қўлга киритамиз. Қисқаси, «Фенербахче»га чемпионлик йўлидаги курашда ёрдам бериш учун келдим. Ўта жиддий жамоа. Таркибида кучли футзалчилар жамланишган. Турли термаларнинг етакчи футзалчилари ўйнашяпти. Клуб раҳбарияти чемпионатда ғолиб чиқишимиз учун барча шароитларни яратиб берган. Мени илк кунданоқ илиқ қабул қилишди. Оддий айтганда, ҳаммаси маъқул.
- Таклиф яқинда Тошкентда бўлиб ўтган халқаро турнир чоғи тушдими?
- Йўқ. Аслида сентябрь ойидаёқ «Фенербахче» сафига қўшилишим керак эди. Лекин ўшанда жароҳатим йўл қўймаганди. Кейин терма жамоа таркибида йиғинларда иштирок этдим, халқаро турнирга тайёргарлик кўрдим. Пойтахтимизда ўтган турнир давомида Озарбайжон клуби вакиллари билан барча масалада қайта келишиб олдик ва энди «Фенербахче»нинг тўлақонли аъзосиман.
- Айнан ким билан музокара олиб бордингиз? Боку клубига сизни ким чорлади?
- Озарбайжон терма жамоаси футзалчилари билан яхши алоқадаман. Бу ерда дўстларим кўп. Улардан бири - Виталий Борисов. Озарбайжон терма жамоаси аъзоси саналган Борисов шу йил Клублар ўртасидаги Осиё чемпионатида «Ардус» таркибида майдонга тушганди. Айнан у ўйин услубим жамоага мос келишини айтиб, мени «Фенербахче» президенти ва бош мураббийига тавсия қилибди. Жамоа кўригидан ўтдим, ҳаракатларим мураббийга маъқул келди, чоғи, мавсум якунига қадар шартнома туздик.
- «Ардус» ва «Фенербахче» клублари трансферингиз бўйича қандай келишишди?
- Бу борада ҳеч қандай муаммо туғилмади. Мени ижарага беришди, яна текинга. Қисқаси, «Ардус» раҳбарияти халқаро тажрибамни янада ошириш имкониятини таъминлади. Бунинг учун клуб вакилларига алоҳида раҳмат.
- Янги жамоангиз машғулотларида иштирок этдингиз, муҳит билан танишдингиз. Хўш, илк таассуротлар қандай?
- Юқорида таъкидлаганимдек, мени Бокуда жуда илиқ кутиб олишди. Жамоа сафида кучли футзалчилар етарли. 3 нафар сербиялик, яна шунча маҳаллий, 5 нафар украиналик ва бразилиялик футзалчи жамоанинг етакчилари ҳисобланади. «Фенербахче» бош мураббийи ҳам сербиялик мутахассис. Айтишларича, у Сербия футзалининг афсонаси экан.
- Клуб базаси, умуман, жамоадаги инфратузилма билан ҳам танишдингизми?
- Жамоанинг шахсий базаси йўқ. Клуб томонидан легионерларга квартира берилади. Айримлар оилалари билан, баъзилар якка ҳолда яшашади. Менга ҳам шаҳар марказидан алоҳида уй ажратилди. Шароитлар тўлиқ қониқтиряпти.
- Озарбайжон чемпионатининг савияси ҳақида нима дея оласиз?
- Бемалол айта оламан, ўта кучли чемпионат. Олий лигада 8та клуб иштирок этади. Барча жамоалар сафида легионерлар бор. Айнан улар мамлакат чемпионати савиясини белгилаб беришади. Олтин медаллар учун кураш асосан «Фенербахче» ва «Хазар» клублари ўртасида кечмоқда. Лекин таъқибчилар билан ўртадаги фарқ унча катта эмас. Биз «Хазар»дан 2, 3-ўриндаги жамоадан 4 очко олдинда боряпмиз. Яъни чемпионат пешқадамимиз. Аммо хотиржамликка берилиш ярамайди. Мураббийимиз ҳам буни кўп уқтиряпти. Агар Ўзбекистон чемпионати билан таққосласак, Озарбайжон биринчилиги нисбатан кучли.
- Машғулотларда ҳам фарқни сездингизми?
- Албатта, фарқ бор. Европача ўйин услуби кўзга ташланмоқда. Машғулот бошидан охиригача тўп билан ишлаш билан ўтади. Мураббий ўта талабчан. Биринчи галда, тезликка эътибор қаратади. Бир дақиқага ҳам бўш қолмайсиз. Хуллас, 1 соатдан ошиқ давом этадиган машғулот чоғи доимий равишда ҳаракатда бўласиз.
- Маош масаласи-чи?
- Ҳамманики турлича. Шартномага кўра, ҳақ олишади. Эшитишимча, бразилиялик ўйинчиларнинг моянаси 3-4 минг долларга тенг. Сербия ва украиналик футзалчилар ҳам тахминан шунча олишади. Тўғри, ҳеч ким маоши қанча эканлигини аниқ айтмайди.
- Сербиялик мураббий билан тил топишингиз қийин кечмаяптими? Тил масаласида муаммога дуч келмадингизми?
- Мураббийимиз рус тилини яхши билади. Деярли барча футзалчилар рус тилида сўзлашади. Шундай экан, бу масалада ҳеч қандай муаммо йўқ.
- Боку шаҳрида катта ўзгаришлар бўлаётган экан...
- Худди шундай. Кенг миқёсда қурилиш ишлари кетяпти. Шаҳар кўз ўнгимизда кундан-кунга гўзаллашиб бормоқда. Бевосита спорт йўналишида айтсам, бу борада ҳам ўзгаришлар катта. Спорт мажмуалари бунёд этиляпти. Билишимча, келаси йили май ойида Озарбайжонда Бутуневропа ўйинлари бўлиб ўтади. Ҳозир барча саъй-ҳаракатлар шу мусобақани юқори савияда ўтказишга қаратилган.
- Артур, энди Тошкентда ўтказилган халқаро турнир ҳақида гаплашсак. Бўлажак чемпион билан дуранг ўйнаб, Озарбайжонга йирик (3:6) ҳисобда ютқаздинглар. Бунинг сабаби нима?
- Аввало айтиш керак, пойтахтимиз мезбонлик қилган мусобақа жуда юқори савияда ташкил этилди. Европанинг кўзга кўринган 3та кучли терма жамоасининг қатнашгани барчасини айтиб турибди. Якунда иштирокчилар мусобақанинг жаҳон андозалари даражасида ўтказилганини эътироф этишди. Боку матбуотида ҳам Тошкент турнири ҳақида илиқ фикрлар ёзилди. Қозоғистон терма жамоасидаги дўстларим ҳам бу ҳақда гапиришди. Бундай юқори савиядаги мусобақаларни имкон қадар кўпроқ ташкиллаш керак. Бундан биринчи галда, Ўзбекистон футзали ютади. Терма жамоамизнинг ўйини ҳам кучайиб боради. Европа жамоалари тезкор ўйин намойиш этишади. Шунинг ҳисобига улар биздан кучлироқ кўринишяпти. Бу каби учрашувлар орқали бизнинг ўйинда ҳам ўсиш кўзга ташланади. Энди саволингизга келсак, Қозоғистон билан ўйинда мураббийимиз кўрсатмасига кўра, иккинчи рақам остида, асосан қарши ҳужумларга таяниб ҳаракатландик. Тан олиш керак, Қозоғистон термаси турнирнинг энг кучли иштирокчиси эди. Биз мураббий ва жамоамиз раҳбарларининг кўрсатмаларини бажардик. Тўғри ва бехато ҳимояландик. Қозоғистон терма жамоаси дарвозабони дунёнинг энг кучли посбони ҳисобланади. Ҳатто исталган пайт бешинчи футзалчи вазифасини ҳам бажаради. Майдоннинг турли нуқталаридан кучли зарба билан қарама-қарши томондаги дарвозани ишғол қилишга қодир. Футзалчилари ҳам шунга монанд кучли. Бундай жамоага қарши очиқ ўйин намойиш этиб бўлмасди. Ўша учрашувда кўп куч сарфладик ва бу ҳолат кейинги ўйинда салбий натижа қайд этилишига замин яратди. Очиғини айтаман, Озарбайжон билан учрашувга чарчоқ аломатлари билан ҳорғин ҳолатда тушдик. Бу айниқса, иккинчи бўлимда яққол кўзга ташланиб қолди. Қисқаси, ўйингача тўла тикланолмадик. Мураббийлар ва мухлислар кутган натижани кўрсатолмаган бўлсакда, турнир фақат фойдамиз учун хизмат қилди, деб ўйлайман. Фурсатдан фойдаланиб, бизни ўйинларда фаол қўллаб-қувватлашган мухлисларга миннатдорчилик билдираман. Бугунги кунда терма жамоамизда авлодлар алмашинуви даври кетаётганини ҳам инобатга олиш керак. Таркибнинг 60 фоизини ёшлар ташкил этишяпти. Ёш истеъдодлар кашф қилинмоқда. Терма жамоамизнинг асосий мақсади - ЖЧ йўлланмасини қўлга киритиш. Ҳозир бор эътибор шунга қаратилган. Ассоциация раҳбарияти ЖЧга йўлланма берувчи Осиё чемпионатига муносиб тайёргарлик кўришимиз учун барча шароитларни яратиб бермоқчи. Ҳали футзал терма жамоамизга мундиалда қатнашиш бахти насиб этмаган. Ўйлайманки, бу сафарги уриниш самарали бўлади.
- Якунига етган мавсум Ўзбекистон термаси учун омадли келди, дейиш мумкин. Ҳарқалай, жамоамиз Осиё чемпионатида кучли учликдан жой олди.
- Ҳақиқатан ҳам, 2014 йилги футзал мавсумида омадимиз чопди. Терма жамоамиз илк бор Осиё чемпиони - Японияни мағлуб этиш уддасидан чиқди. Вьетнамда ўтган Осиё чемпионатида чакки ўйнамадик. «D» гуруҳидаги илк учрашувда Қирғизистон билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнадик. Эътиборлиси, ушбу Осиё чемпионатига саралаш вазифасини ўтаб берган турнир Тошкентда ўтказилган ва ўшанда ён қўшниларимиздан йирик - 5:1 ҳисобида устун келган эдик. Бу сафар кўплаб қулай вазиятлардан фойдаланолмадик. Кейинги учрашувда айнан Японияни 2:1 ҳисобида таслим этдик. Шу ўйинда ғалаба тўпини киритганимдан хурсандман. Биринчи гол Андрей Шлёма ҳисобига ёзилганди. Ўша ўйинда очко йўқотишга ҳаққимиз йўқ эди. Сабаби, илк ўйиндаёқ икки очкодан маҳрум бўлгандик. Делегациямиз раҳбари Жаҳонгир Усмонов кичик йиғилиш ўтказиб, қандай бўлмасин, Японияни мағлуб этишимиз шартлигини вазифа қилиб қўйди. Биз эса топшириқни шараф билан уддаладик. Осиёнинг амалдаги чемпионини мағлубиятга учратиш осон эмас, ҳарқалай. Мабодо яна очко йўқотганимизда, гуруҳ босқичидан ҳам чиқолмасдик. Гуруҳнинг сўнгги учрашувида эса Жанубий Корея терма жамоасини йирик - 3:0 ҳисобида енгдик. Энди мусобақанинг ўзига келсак, у юқори савияда ташкил этилди. Вьетнам бундай мусобақаларни биринчи марта қабул қилгани йўқ. Бу борада катта тажрибага эга. Чемпионат атрофидаги муҳит ҳам яхши бўлди. Фақат биргина муаммо иқлим билан боғлиқ эди. Жуда иссиқ ва намгарчилик юқори об-ҳаво шароитида ўйнаш Ғарбий Осиё жамоаларига кўпроқ қийинчилик туғдирди. Мажмуа ичидаги кондиционерлар деярли ёрдам бермади. Гуруҳда биринчи ўринни олганимиз яхши бўлди. Бунинг натижасида чорак финалда Ливан терма жамоаси билан тўқнаш келдик ва рақибни муаммосиз енгиб (6:2), ярим финалга йўлланма олдик. Агар бу ЖЧга йўлланма берадиган Осиё чемпионати бўлганида, мундиал чиптасига эга чиқардик.
- Финал йўлидаги рақиб - Эрон термаси қитъанинг энг кучли жамоаси. Аммо ўта йирик ҳисобли мағлубият учун бу ҳимоя воситаси вазифасини бажармайди...
- Фикрингизга қўшиламан. Эрон билан баҳс жуда оғир ўтди. Кетма-кет қўйиб юборилган голлардан сўнг ўйинни қутқариб қолиш мушкул эди. Рақиб тезкорлик эвазига бизни мағлуб этди. Ҳисоб йириклашгандан сўнг мураббийларимиз асосий ўйинчиларни захирага олиб, уларга дам беришди. Зеро, 3-ўрин учун Қувайтга қарши кечадиган учрашувга куч йиғиб олишимиз керак эди. Хуллас, навбатдаги баҳсга анча тетик ҳолда чиқдик, бунинг устига, қувайтликлар билан ҳисоб-китобимиз бор эди. Аввалги қитъа биринчилигида айнан Қувайт термаси гуруҳда биз билан дуранг ўйнаб, оёғимиздан чалиб қолганди. Бу ўйинда ғалаба қозонишимиз шарт эди, ҳеч қачон ютқазмаган рақибга бронза учун баҳсда енгилиш мумкин эмас, ахир. Буни ўйин давомида тўла исботладик ва медални қўлга киритдик.
- Терма жамоа етакчилари - Дилшод Ирсалиев ва Нодир Элибоев жароҳатлари сабаб, ўша ўйинларда иштирок эта олишмади. Агар улар сафда бўлишганида, натижа янада яхши кўриниш олармиди?
- Бу икки ўйинчимизнинг йўқлиги терма жамоамизни заифлаштиргани рост. Лекин спортда кутилмаган ҳолатларга ҳамиша тайёр туриш керак. Бежиз мураббийлар тенг кучли икки таркибни шакллантириш учун жон куйдиришмайди. Етакчиларнинг ўрнини эгаллаган ёш футзалчилар учун вақт керак. Бошқа томондан, кутилмаган ҳолатлар ёшларга ўзларини кўрсатиш учун ажойиб имконият тақдим этади. Терма жамоа мураббийлари ишонч билдиришаётган экан, бундан максимал даражада фойдаланиб қолиш шарт. Лекин ёшлар халқаро ўйинларда унча кўп майдонга тушишмаган. Юқорида айтганимдек, Тошкентда ўтказилгани каби юқори савияли халқаро турнирлар кўпроқ ташкил этилса, ёшларнинг ўсишлари тезлашади. Сафимизга қўшилишган ёш ўйинчилар ҳақида фикрим ижобий. Энг муҳими, ҳаракат ва интилиш бор.
- Баъзи мутахассисларнинг фикрларига кўра, терма жамоамиз кучсизлангандек туюлмоқда. «Сапо ёки Мендез давридаги Ўзбекистон футзал терма жамоасини кўрмаяпмиз», деган фикрлар янграяпти. Буларга қўшиласизми?
- Тўлиқ эмас. Агар Эронга ютқазганимиз назарда тутилаётган бўлса, биз қитъанинг энг кучли жамоасига дуч келдик. Шунга қарамай, терма жамоа таркибида бир неча футзалчи дебют ўйинини ўтказди. Табиийки, уларда ҳаяжон сезилиб қолди. Катта футболдан фарқли равишда, майдонда 4 нафар футзалчи ўйнайди. Мен дарвозабонни қўшмаяпман. Элибоев ва Ирсалиев шу тўртликка киришарди. Қисқаси, уларнинг йўқликлари катта йўқотиш эди. Мана, халқаро турнирда ўйин сифати бўйича чакки кўринмадик. Хуллас, ҳали ўз сўзимизни айтамиз.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).