Пойтахтимизда сув спорти турлари бўйича IX Осиё чемпионати бошланди
Баҳо:
+0; -0
Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Миллий олимпия қўмитаси, мамлакатимиз сузиш федерацияси ҳамда Осиё сузиш федерацияси (AASF) томонидан ташкил этилган ушбу нуфузли мусобақада қитъамизниг 26 давлатидан мингга яқин спортчи ғолиблик учун баҳслашмоқда. Чемпионатда Ватанимиз шарафини 130 дан ортиқ спортчи ҳимоя қилмоқда.
Чемпионатнинг очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси раиси Р.Қурбонов, сузиш федерацияси раиси Қ.Санақулов ва бошқалар сўзга чиқди.
– Осиё чемпионати юқори даражада ташкил этилганини алоҳида таъкидламоқчиман, – деди Осиё сузиш федерацияси вице-президенти Вирендра Нанавати. – Мамлакатингизда барча соҳалар қатори спорт ҳам жадал тараққий этаётгани, болалар спортини ривожлантиришга катта эътибор қаратилаётгани, ёшларнинг барча қатламини – умумтаълим мактаблари ўқувчиларидан тортиб олий ўқув юртлари талабаларигача ўзига қамраган ноёб тизимнинг йўлга қўйилгани таҳсинга лойиқ. Бундай эътибор спортчиларингизнинг халқаро майдонларда юксак натижаларга эришишига хизмат қилмоқда.