Ҳаммасига хотин айбдор. Бугун Ўзбекистон – Уммон ўйнаркан, тилвизорда футбол кўраман деб ишхонадан зўрға рухсат олиб, уйга эртароқ келгандим. Ишхонадаги қизлар бошлиққа ёпишволишса бўладими, “бизгаям рухсат берасиз” деб. Ўзиям ярим соат лекция ўқибман – “Уммон” ашулачи артислар гуруҳи эмас, футбол жамоаси деган мавзуда.
Уйга келиб диванга шундоқ чўзилмоқчи бўлганимда, кенайингиз “ахлатни ким ташлаб келади а?” деб челакни шундоқ қўлимга тутқазди. Ҳа майли, деб кўчага чиқсам, Носир “носфуруш”ни учратдим. Совуқ хабарниям ўша турқи совуқдан эшитдим. Нима эмиш, бугун Олмалиқ шаҳрида ўтказиладиган Ўзбекистон ва Уммон терма жамоалари ўртасидаги ўйин ўзимизнинг “Спорт” каналида жонли эфирда олиб берилмасмуш. Гарчи ТВ дастурда бу ўйин 19-00га белгиланган бўлса-да, ўйин ёзиб олинган ҳолда 21-30да кўрсатилармуш. Фақат “Машъал” радиоси (бу радиони “Машъал” футбол клубига хеч қандай алоқаси йўқлиги ҳақида 12 бетлик мақолам ўтган йили қайсидир газитда чиқувди) бу ўйиндан тўғридан-тўғри концерт қўйиб берармуш. Мактаб ўқимаганей, концерт дейдия. Хуллас, носфурушхўжа, бир пайтлари каптархонага берворган радиоприёмнигини опкегани кетаётган эмиш.
Хомуш тортиб қолдим. Кайфият ўзини томдан ташашгаям тайёр турибди. Ҳаёл суриб уйга қайтдим. Шунда саксонни уриб қолган қўшнимиз Бекжон бобони учратдим. (Айтганча, Бекжон бобо 1978 йили Аргентинада ўтказиладиган жаҳон чемпионатига яёв бораман деб турволган экан. Ўртада денгиз бор қаёққа борасиз деб зўрға опқолишган экан).
Бобо билан бугунги ўйинни тўғридан-тўғри олиб берилмаслик сабаблари ҳақида мунозара қилдик. Шунда бобо: “Бу ўйинни Ал-Жазирама Спўрт, Энтиви+фудбол, Овроспўрт, Канал+Спўрт каби кеккайиб кетган хориж каналлари тўғридан-тўғри олиб беришмас экан. Натижада Спорт каналимиз ҳам бу ўйинни шу каналлардан кўчириш орқали Ўзбекистон аҳлига намойиш этишдан мосуво бўлибди” – деди.
Ҳаҳ, бу хориж каналларигаям ҳайронсан одам. Бу каналларни хўжайинлари қаёққа қараяпти ўзи а? Қандайдир бадиий гимнастика, араб жамоаларини ўртоқлик учрашувлари, от спорти, бильярд ўйинларини тўғридан-тўғри эфирга узатгандан кўра, мана шу Ўзбекистон – Уммон ўйинини жонли эфирда намойиш этсаларинг бўмайдими? Сизлар туфайли неччи миллионлик ўзбек футбол мухлислари ўз терма жамоаларини ўйинларини кўролмай қолди-ку? Инсоф борми сизларда? Нимага фақат ўзларингизни ўйлайдиган худбин бўлиб қолдинглар а? Англия, Италия, Испания чемпионатлари ўйинларидан ўзбекистонликларни маҳрум қилдингиз, Европа лигаси, чемпионлар лигаси ўйинларидан маҳрум қилдингиз, энди келиб-келиб ўзимизни терма жаоамиз ўйинларини ҳам олиб бермоқчи эмасмисизлар? Уялмайсизларми? Нимага энди “Спорт” каналимиз бу ўйинларни кўрсатиш учун сизларга пул тўлаши керак? Ахир Жумонг, Изаура ва бошқа сериаллар турганида футболга пул тўлашга бало борми? Қаердан олади бунга пул? Спорт каналида жарақ-жарақ пул йўқ-ку? Олмалиқдан тўғридан-тўғри репортаж олиб бериш учун пул йўқ, кўчма станция йўқ, кўчма станция автобуси бузилган, ғилдирагини дами чиққан. Олмалиқда свет йўқ, стадионда шароит йўқ, интернет ҳам йўқ, йўл ҳам йўқ. Кўчма станцияда цифравой ускуна ҳам йўқ, видеокамера бузуқ, диск ҳам йўқ, ҳатто лентали видеокассета ҳам йўқ.
Мамарайим ака вақтида етиб кела олса, шу кассетани қўйиб бераркан “Спорт” каналида. Етиб келолмаса, ўйинни эртага кўрсатаркан, чунки Мамарайим акани рўзғори, бола-чақаси бор, иннанкейин кенайимданам рухсат олишлари керак дегандай.
Хўш, унда “Спорт” каналида нима бор? Зўр сериаллар бор, ўтган йилги ўйинларни запислари бор, такрор кўрсатиш мумкин. Ундан кейин бир қарич тил бор, спорт мухлисларини ёмонлаш, клублар учун “заказ” кўрсатув тайёрлаш, кимларгадир тинмасдан “пахта” қўйиш, журналистларни пўстагини қоқиб туриш учун бир қарич тил бор! Терма жамоа ўйинига бало борми? Футболга бало борми? Жонли ижро “қироли” стадионда концерт берса, футбол ўйинига бало борми?
Биз мухлислардаям бир тешалик иш бор-да аслида. Терма жамоа ўйинини вилоятларда ўтказайлик, одамлар кўрсин, завқ олсин деб вайсайвердик, мана оқибати. Энди 5 427 одам ўйинни стадионда, “жонли эфирда” кўради, 5427000 одам “Машъал” радиосида эшитади. Тинчгина Тошкентда ўтказса бўлмасмиди?
Хуллас бу хориж каналлари одам бўмайди шекилли, ҳали жаҳон чемпионати ўйинларини кўрсатиш учун ҳам “Спорт” каналимиздан пул талаб қилишаётганмуш. Бош бармоғини кўрсаткич ва ўрта бармоғи орасига тиқиб: “муллажирингдан олмасангизлар сизларга футбол йўқ!” деяётганмушлар! Ноинсофлар!
Хуллас, кайфият тушган ҳолда уйга қайтдим. “Биз XXI асрда, техника технологиялар асрида яшаяпмиз, радиога бало борми, бор томга опчиқиб ташла радиони” – деб хотинга ўшқирганим бор-да. Энди “бор олиб туш” дейишга ғурур йўл қўймаяпти, бўйин кор бермаяпти. Ҳа майли, 21-30гача бир амаллаб вақтни ўтказарман, унгача ноутбукда қарта ўйнаб тураман.