|
ЖАВОБ: Ваалайкум салом. Билмадим, шахсан мен атиги бир марта, интервью олган пайтимда учрашганман. Бошқа гаплашмаганман.
Биласизми, холислик, нохолислик ҳақида жуда кўп айблашади, талаб қилишади, масалан мухлислар. Аслини олганда, ҳар бир мақола қайсидир маънода субъективдир, у ерда шахсий фикрлар бор, демак, журналист тарозибон эмас, доим ниманидир қоралаб, ниманидир тарафини олади. Чегарани англаб олиш баъзида мушкулга ўхшайди, лекин мен ўзим учун жуда аниқ белгилаб олганман. Икки жиҳатдан:
1) Кимнидир мақташим ёки танқид қилишим ўша мавзудаги фикрларим асосида ҳосил бўлса, холислик деса бўлади. Кимнидир мақташим ёки танқид қилишим ўша одам билан шахсий муносабат (дўст, қариндош, пул олиб ва ҳоказо) натижасида ҳосил бўлса бу - нохолислик. Вассалом.
2) Футболда, футбол шахслари ҳақида фикрлар ўзгариб туради, чунки ўша фикрларга асос бўлувчи фактлар доим ўзгарувчан. Янгилари қўшилиб туради.
Лекин ўлчовлар фактлардан эмас, принциплардан келиб чиқади. Ҳам шахстпараст бўлиб, ҳам принципни сақлаб қолишнинг иложи йўқ. Бугун фалончини мақтаб, эртага танқид қилиш, нохолислик эмас. Чунки кеча мақташ учун, бугун танқид қилиш учун асослар пайдо бўлмоқда. Ёмони: бир ҳолат учун бирини танқид қилиб, иккинчи одамни худди шу ҳолат учун мақташ. Мана бу ўлчовларнинг бузилганидан дарак, яъни нохолислик. Жавоб берилган сана: 18.09.2013 12:50
|