«Ювентус» президенти Андреа Аньелли Италия футболида ўзига яраша обрўга эга функционер. Ҳар ҳолда, унинг бошқарувидаги клуб «А» сериясида мутлақ «гегемон» бўлиб турибди. «Кекса синьора» раҳбари Calcio dello Stivale рубрикаси (Il Messaggero) учун махсус интервью бериб, мамлакат футболидаги ҳолатга атрофлича тўхталди. Хўш, жаноб Аньелли Италия футболининг бугунги мавқеидан қониқяптими?
- Синьор Аньелли, «Ювентус» ҳақидаги илк хотираларингиз нималардан иборат?
- 1982 йилнинг ёзида отам - Умберто мени клубнинг машғулотлар марказига олиб келганди. Ўшанда 6 ёшли болакай эдим. Биз бутун жамоа билан бирга тушлик қилганмиз. Мендан кимнинг ёнида ўтиришни хоҳлашимни сўрашганида, Паоло Россини танлаганим ҳеч ёдимдан кўтарилмайди.
- Демак, Италия миллий жамоаси тўпурари, ЖЧ-82 финалида 3та гол урган футболчи ёнида ўтиргансиз...
- Ҳа, Росси ўша «Ювентус»да ўйнайдиган 6 нафар жаҳон чемпионининг бири эди. Шунингдек, жамоада УЕФАнинг амалдаги президенти Мишель Платини ҳам катта роль ўйнарди. Ҳамон яхши эслайман, Росси ёнида ўтирганча шунчалик ҳайратланганманки, бутун тушлик давомида бир оғиз гапирмаганман. Ҳаттоки, ҳозир ҳам ўша пайт бахтиёрликдан гўёки, осмонда учгандек бўлганимни унутмаганман.
- Оилангиз узоқ 1923 йилдан буён «Ювентус»га эгалик қилади...
- Бу борада рекордчимиз. Бошқа бирорта оила клубни шунчалик узоқ вақт бошқаргани билан мақтанолмайди. Аньеллилар «Ювентус»ни аслида оддий мақсад йўлида сотиб олишган. Яъни бу билан FIAT ходимларини дам олиш куни иш билан таъминлашни ўйлашган. Мана, шундай бўлиб чиқдики, бугун «кекса синьора» бутун Италияда энг кўп мухлисга эга. Жамоамизни шимолдан тортиб, жанубгача - ҳар ерда яхши кўришади.
- Қизиқ, футболга қизиқмайдиган қариндошларингиз ҳам борми?
- Оиламиз ниҳоятда катта ва айрим қариндошларимиз бошқа жамоаларни қўллаб-қувватлашади, буни яширмайман. Футболга бефарқ қарайдиганлари эса йўқ, менимча. Муҳими, бугунги кунда «Ювентус» чамаси 13 миллионлик тиффозилар армиясига эга. Эътибор беринг, бу мамлакат аҳолисининг деярли тўртдан бир қисми демакдир.
- Сиз Аньеллилар оиласидан чиққан 4-клуб президенти ҳисобланасиз. Яъни бунгача бобонгиз, амакингиз ва отангиз юқори лавозимда иш олиб боришган. Нима, Аньеллилар оиласи аъзоси автоматик тарзда «Ювентус» президентига айланадими?
- Ҳазиллашяпсизми? Бугунги кунда футбол соҳасида фаолият юритиш шу қадар мураккаблашдики, клуб президенти креслосини дуч келган кишига топшириб қўйиш ярамайди. Яна футбол жамоасини бошқаришга хобби сифатида қарамаслик керак. Амаким ва отам президентлик қилишган пайт раҳбариятда 7 ёки 8 киши ишлаган, холос. Ҳозир эса агар футболчилар ва мураббийларни ҳам қўшиб ҳисобласак, «Ювентус» тизимида деярли 400 нафар ходим бор. Биз 300 миллион евро миқдорида даромад топяпмиз. Оиламиз 2010 йили «Ювентус» келажаги ҳақида қайғуриб, президентликка мени танлади. Зеро, спорт менежменти хусусида кўп нарсадан хабардорман.
- 2006 йили юзага келган «кальчополи» иши юзасидан чиқарилган ҳукмни ҳамон адолатсизлик, деб ҳисоблайсиз. Хўш, қайси асосларга кўра, «Ювентус»нинг оқланишини талаб қиласиз?
- Оқлаш - бу энг мос келувчи ибора эмас. Ҳукм спорт нуқтаи назаридан чиқарилди. Бироқ ҳамма гап шундаки, зудлик билан, атиги 1 ой ичида аниқ тўхтамга келишди. Кейин эса яна янги фактлар юзага чиқдики, ҳеч ким уларни эътиборга олгани йўқ.
- «Ювентус» шу сабабдан 443 миллион евро миқдорида компенсация пули талаб қиляптими?
- Шундай. Бироқ 3 йилдан буён талабимиз қондирилмаяпти. Бу сумма кетма-кет 2 йил ЧЛда ўйнолмаганимиз туфайли кўрган зараримизга мувофиқ келади. Боз устига, чипталар ва ТВ-трансляциялар сотувида ҳам кўп пул йўқотдик. Биз ҳозир ҳам кутяпмиз: ушбу иш қачондир қайта кўриб чиқилиши шарт.
- «Юве»ни шунчалик тез тиклашни қандай уддаладингиз?
- Дарҳол барча менежерларни янгиладим. Муҳими - омилкорлик, билим. Футбол - бу алоҳида бизнес. Бизда ягона мақсад бор - жамоа ғалабаси. Президент сифатида клуб муваффақиятини кафолатлашим шарт. Бунинг учун фақат фойда берадиган қарорларни чиқариш талаб этилади. Яна ортиқча ҳиссиётга берилмаслик керак. Зеро, ҳаммаси фақат футболчиларга боғлиқ эмас. Тўғри, уларнинг роллари катта - бу клуб фаолиятининг асоси. Аммо майдон ташқарисидаги ишларнинг аҳамияти ҳам ниҳоятда катта.
- «Ювентус» «А» серияси бўйича шахсий стадионида ўйнаётган илк жамоа. Бу нечоғли муҳим?
- Ақл бовар қилмас даражада аҳамиятга эга. 41 минг ўриндиқли стадион деярли ҳар сафар тўляпти. Бу ҳолат даромадга ижобий таъсир этишдан ташқари, жамоага руҳий нуқтаи назардан салмоқли ёрдам беради. Мана, биз 28 минг дона мавсумий абонемент сотдик, ўтган йили 45 миллион евро топдик. Бошқача айтганда, эски аренадан келган тушумни деярли 4 баравар оширдик - бу катта гап.
- Ҳа, «Ювентус» стадиони лиқ тўляпти, аммо бошқа клубларнинг ареналари бўш қоляпти. Ҳаттоки, «Рома», «Милан», «Интер» ва «Наполи» клублари ҳам бу йўналишда кўп пул тополмайдилар. Нега?
- Чунки деярли барча стадионлар шаҳарлар муниципалитетига тегишли ва охирги марта ЖЧ-90 учун реконструкция қилинган. Авваллари даромаднинг катта қисмини чипталар сотуви тушуми ташкил этарди. Қолаверса, 70 минг ўриндиқли ареналар қурилган. Чунки одамлар стадионга талпинишарди. Сабаб шуки, барча ўйинлар ТВ орқали кўрсатилмасди. Энди замон ўзгарди. Барча ўйинларни уйда ўтирганча томоша қилиш имконияти бор. Стадионларнинг катта қисми эса ҳувиллаб турибди. Оддий айтганда, улар бугунги кун учун ниҳоятда катта.
- Италиядаги стадионларнинг «ўртача ёши» 64 йилга тенг. Бу итальян футболидаги инқироз оқибатими?
- Ҳа, 100 фоиз шундай.
- Умумий иқтисодий инқироз футболда ҳам акс этаётгандек. Айрим шаҳарларда янги ареналардан кўра, замонавий шифохоналарга эҳтиёж катта.
- Шахсан мен кальчонинг даҳшатли қулаши ҳақида гапирмоқчи эмасман. «А» серияси - Европадаги 4-яхши биринчилик. Мана, ТВ-трансляциялар ҳуқуқларидан олинадиган даромад ўсишда давом этяпти. Айтайлик, «А» серияси клублари 2018 йилга бориб, бир мавсум учун чамаси 1 миллиард евро олишади. Кейин нима бўлишини ким билади? Шу маънода айтсак, шахсий стадион - бу кафолат. Оддий мисол, битта музейимизнинг ўзи салмоқли маблағ келтиряпти. Унга 2,5 йил ичида 400 минг киши кирди. Шунингдек, биз тиффозиларга хавфсизликни тўла кафолатлаймиз.
- Қандай тарзда?
- Стадионимизга замонавий кузатув камералари ўрнатилган. Улар бутун трибуналарни қамраб олган. Афсуски, бу мажбурий чора. Хуллас, аренамизга келган мухлислар агар муштлашувни бошлашса, ўзларига жабр бўлишини яхши билишади. Асосий мақсадимиз, одамлар футболга оила бўлиб келсинлар, музейни томоша қилсинлар, ресторан ва кафеда бемалол дам олсинлар. Бузғунчилар эса яхши мижозлар, оддий мухлисларни чўчитишади, холос.
- «Ювентус» Италияда ҳар бир жабҳа бўйича 1-рақамли клуб бўлиб турибди. Европада эса даромад бобида атиги 10-ўринда боряпсизлар.
- Ҳозир 4та клуб борки, улар билан рақобатлашиш мумкин эмас. Булар - «Реал», «МЮ», «Бавария» ва «Барселона». Жиддий сармоядорларга эга «ПСЖ» ва «Манчестер Сити»ни ҳам унутмаслик керак. Айтайлик, Париж клуби ҳар йили БААнинг туристлик фирмасидан 200 миллион евро оляпти. «Манчестер Сити» орқасида эса Абу-Даби гуруҳи бор. Агар шу 2 клубни ҳисобга олмасак, «Юве» даромад бўйича 8-ўринда боряпти. Менинг асосий мақсадим - 3-4 йил ичида бу борада 5-қаторга кўтарилиш.
- «Кекса сеньора» бошқарув тизимига хорижликни жалб этган италиянинг биринчи клуби ҳамдир. Ливиялик Муаммар Каддафига тегишли компания 2002 йили жамоанинг 7,5 фоиз акциясини харид қилиб, оилангиздан сўнг иккинчи таъсир кучига эга акционерга айланганди.
- Худди Италия ва Ливия ўртасидаги тарихий алоқалар каби FIAT ва Каддафилар оиласи ўзаро қалин муносабатлар билан боғланган. Бироқ Каддафининг ҳисоб рақами музлатиб қўйилган пайт биз акциялар сонини кўпайтирдик ва Lafico компанияси улуши 2 фоизга тушди. 2011 йилга келиб эса, акционерлар кенгашида Ливиядан бирор вакил қолмади.
- «Интер» индонезиялик миллиардерга тегишли, «Рома» эса америкалик сармоядорларга. Энди Сильвио Берлускони «Милан»нинг 30 фоиз акциясини таиландлик бизнесменга сотишни ўйлаяпти. Қуйи дивизионларда ҳам хорижликлар таъсири ошяпти: «Венеция» соҳиби россиялик, «Павия»ники хитойлик. «Ювентус» эса соф итальянча клуб бўлиб қоляпти.
- Аслида мен учун сармоянинг қаердан келиши аҳамиятсиз - Пьемонтданми, Фриулиданми ёки Индонезиядан. Муҳими, сармоя киритаётган кишилар лойиҳанинг узоқ муддатли эканлигига ишонишсин. Айтайлик, Жеймс Паллотта билан иттифоқдошмиз. Ҳа, унинг жамоаси биз билан скудетто йўлида кураш олиб боради, аммо фалсафамиз ўхшаш. Иккимиз ҳам клубларимизни Европа аренасидаги мавқеини оширишни истаймиз.
- Аньеллилар инқилоб қилиш тажрибасига эгалар. Хусусан, сизни Италия футболидаги мухолиф куч бошлиғи сифатида тилга олишади.
- Йўқ, мухолифият бошлиғи эмасман, чунки бундай кучнинг ўзи йўқ. Тўғри, менинг фикрларим бошқа клублар президентлари, лига раҳбариятидагиларникидан фарқланади. Қарашларимиз ҳам турлича. Менимча, «А» серияси Англия премьер-лигасидан ўрнак олиши керак. Туманли ўлкада бутун чемпионатни яхлит ҳолда сотишяпти. Биз ҳам шу йўлдан боришимиз зарур. Акс ҳолда, чемпионатимиз хорижликларда қизиқиш уйғотмайди. Ҳозир бизда президентлар кенгашида қабул қилинган қарорлар ёки муайян рухсатсиз ҳеч нарса қилиб бўлмайди. Лига раҳбарияти бўш, унда на обрў бор, на менежментлик салоҳияти. Қолаверса, ҳаммаси унчалик шаффоф эмас. Айтайлик, ТВ-ҳуқуқлар сотувида шундай. Бу иш ва «А» серияси маркетинги билан Infront компанияси шуғулланмоқда. Шунинг баробарида Infront айрим клублар ва терма жамоа билан ҳамкорлик қилади. Шундай экан, манфаатлар хусусида можаролар келиб чиқиши табиий.
- «А» сериясининг кўплаб клубларида молияга боғлиқ муаммолар бор. Мана, «Парма» таназзулга юз тутди, 3 ой ичида уни 2 марта арзимас чақага сотишди. Ҳаттоки, кийиниш хонасида иссиқ сув йўқ, клуб эса жиҳозларни сотиш билан овора.
- «Парма»нинг ҳолати айсбергнинг учи. Охирги 4 йил ичида кўплаб клублар таназзул ёқасига келишди ва энди вазият янада оғирлашди. Бу раҳбарият олиб бораётган ишнинг оқибати. Мен битта нарсани тушунмайман: ўтган йили УЕФАдан лицензия ололмаган «Парма» қандай қилиб, «А» сериясида иштирок этяпти? Бунга ким ва қандай рухсат берганлигини биров тушунтириб бера оладими?
- Боз устига, клубга чемпионатни якунига етказиб қўйиши учун 5 миллион евро ажратишди. Ушбу ҳолат Италия футболи имиджига худди «кальчополи» ва ирқчилик можаролари каби қаттиқ зарба бериши, шубҳасиз.
- Англия, Германия, Франция ва Италияда биздаги допинг, келишилган ўйинлар ва «Парма» билан рўй берган вазиятларни эшитиб, чемпионатимизни қандай қабул қилишларини кўп ўйлайман. Бошқача айтганда, мени италияликларнинг фикрлари унча қизиқтирмайди. Чунончи, аввало, четда обрўмизни сақлашимиз зарур.
- Вазиятни қандай ўзгартириш мумкин? Эски бошқарув тизимига қарши курашиш йўли борми?
- Биз олдинга қадам ташлаяпмиз. Шубҳасиз, ўзгаришларга қўл уриш лозим. Бироқ айрим клубларнинг 60-70 ёшли президентлари ва бош функционерлари янги ғояларга эҳтиёж сезишмаяпти. Хайриятки, ёшлар ҳам бор. Бизнинг авлод олдидаги ягона мақсад битта - фарзандларимиз нафақат бошқача футбол дунёси, балки мутлақо ўзгарган давлатда яшашсин. Яъни жозибадор, барқарор ва рақобатбардош Италияда.
Манба: "ИнтерФУТБОЛ" газетаси
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).