АҚШ, Канада ва Мексика майдонларида ўтаётган Жаҳон чемпионати Шимолий Америкада момақалдироқ ва чақмоқлар энг кўп кузатиладиган мавсумга тўғри келмоқда. Шу сабабли турнир давомида об-ҳаво инжиқликлари туфайли ўйинларнинг тўхтатилиши эҳтимоли жуда юқори.
Бундай вазиятларда FIFA ўзининг эмас, балки маҳаллий ҳукумат қоидаларига бўйсунади. АҚШда учрашувлар Миллий Океан ва Атмосфера тадқиқотлари бошқармаси (NOAA) кўрсатмаларига асосан бошқарилади.
Қоидага кўра, стадиондан 8 миля (тахминан 13 км) радиусда чақмоқ чақиши қайд этилса, ўйин дарҳол тўхтатилиши шарт. Барча футболчилар майдонни тарк этади, мухлислар эса ўриндиқларидан туриб хавфсизроқ жойга ўтиши талаб қилинади. Шундан сўнг мажбурий 30 дақиқалик кутиш режими бошланади. Агар шу вақт оралиғида яна чақмоқ чақса, таймер нолланади ва яна 30 дақиқа кутишга тўғри келади. Бундай ҳолатларда битта учрашув ўртача 3-4 соатга чўзилиши мумкин
Агар вазият ўнгланмаса, FIFA ҳар бир ҳолатни алоҳида кўриб чиқади. Асосий эътибор минглаб мухлисларнинг стадиондан уйга хавфсиз етиб олишига қаратилади. Мабодо учрашувни давом эттиришнинг мутлақо имкони бўлмаса, ўйин бошқа кунга қолдирилади. Бунда эътиборли жиҳати шундаки, ўйин бошидан эмас, балки айнан тўхтатилган дақиқасидан ва қандай ҳисоб қайд этилаётган бўлса, худди шу ҳолатдан давом эттирилади.
Қайси шаҳарларда хавф юқори?
Асосан АҚШнинг жануби-шарқий ҳудудлари ва Кўрфаз соҳилларида хавф юқори. Хусусан, Атланта, Бостон, Даллас, Ҳьюстон, Канзас-Сити, Майами, Нью-Жерси, шунингдек, Мексиканинг Мехико ва Монтеррей шаҳарларида момақалдироқлар тез-тез кузатилади. Бироқ Атланта, Даллас ва Ҳьюстондаги стадионлар ёпиладиган томга эга бўлгани учун уларда об-ҳаво ўйинга ортиқча таъсир қилмайди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).