Ҳар бир юрт биринчи навбатда, ўз футболчисини қадрлайди, мамлакат шаънини ҳимоя қилувчиларни ардоқлайди. Ўзбекистон миллий термаси ҳам 23 йилдан буён юртимиз шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Ўтган давр мобайнида бош жамоада кимлар ўйнамади, дейсиз? InterFutbol нашри сиз азиз мухлисларни термамиз либосида энг кўп майдонга тушган футболчилар билан таништиришга қарор қилди.
ТЕМУР КАПАДЗЕ
Туғилган сана: 05.09.1981
Амплуа: ярим ҳимоячи
Терма жамоадаги ўйинлар: 119та
Голлар: 10та
Сариқ карточка: 9та
Қизил карточка: -
Темур Кападзе «миллионлар ўйини» сир-асрорларини 1998 йили она шаҳри - Фарғонада ўрганди. Дастлаб ҳужумчи сифатида тўп сурган футболчи 2002 йили «Пахтакор»га ўтгач, фаолиятини янги амплуа - таянч ярим ҳимоясида давом эттирди.
Кападзе «шерлар» таркибида 2007 йилгача ўйнади. Ўша мавсумда мамлакатимизнинг энг кучли чарм тўп усталарини ўз таркибига жамлаётган «Бунёдкор» Темурни ҳам назардан четда қолдирмади. Футболчи 2011 йилни Жанубий Кореянинг «Инчхон» жамоасида ўтказди. Орадан бир йил ўтиб, Қозоғистоннинг «Актобе»си сафида ушбу юрт чемпионлигини қўлга киритди. Айни вақтда Тошкентнинг «Локомотив» клуби шарафини ҳимоя қилмоқда.
Кападзе 2002 йилдан буён Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. Ўтган вақт мобайнида Осиё кубогида 4 марта иштирок этишга улгурган. 2004 ва 2007 йилги қитъа чемпионатининг 4та ўйинида майдонга тушган бўлса, 2011 йили 6та, 2015 йилги мусобақада эса 2та учрашувда ўйнади.
ЮТУҚЛАРИ:
Ўзбекистон чемпиони: 2001, 2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007, 2008, 2009, 2010
Ўзбекистон кубоги соҳиби: 2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007, 2008, 2010
Қозоғистон чемпиони: 2013
Қозоғистон суперкубоги соҳиби: 2014
Шахсий ютуғи: 2013 йилда Қозоғистон чемпионатининг энг яхши легионери
Қизиқарли факт: Темур Кападзе Ўзбекистон чемпионатида қаторасига 10 марта ғолибликни қўлга киритган ягона футболчи ҳисобланади. Бу ютуқларга 3та жамоа - «Нефтчи», «Пахтакор» ва «Бунёдкор» сафида эришган.
СЕРВЕР ЖЕПАРОВ
Туғилган сана: 03.10.1982
Амплуа: ярим ҳимоячи
Терма жамоадаги ўйинлар: 107та
Гол: 23та
Сариқ карточка: 13та
Қизил карточка: 1та
Сервер Жепаров Чирчиқда туғилган. Унинг спортдаги фаолияти футбол эмас, балки гимнастикадан бошланган. Сервер урган голларини ажабтовур сальто билан нишонлашидан хабарингиз бор. Бу ўша - енгил атлетикада тўплаган тажрибалари маҳсули.
Гимнастикада ўз истеъдодини ҳар томонлама намойиш этган Сервернинг футболчилик салоҳияти унданда юқори эди. Шу сабабли, ёшлик чоғларидаёқ «миллионлар ўйини»га меҳр қўйди. Профессионал фаолиятини 2000 йили Наманганнинг «Навбаҳор» клубида бошлади. 2002 йилда эса терма жамоа базаси сифатида шаклланаётган «Пахтакор»га чақирилди. 2007 йилдан бошлаб юлдузлардан таркиб топган «Бунёдкор» сафига қўшилди. Тошкентдаги муваффақиятли фаолияти самараси ўлароқ, орадан бир йил ўтар-ўтмас, Сервер Осиёнинг энг яхши футболчиси сифатида тан олинди.
Шундан сўнг унга хориж клубларидан қизиқиш кучайди. 2010 йили «Бунёдкор»ни тарк этган ярим ҳимоячи Жанубий Кореянинг «Сеул» клубига ўтиб, ўз жамоаси билан Корея чемпионлигини қўлга киритди. Бир йил ўтар-ўтмас, уни Саудия Арабистонининг «Аш-Шабоб» клуби 8 миллион доллар эвазига сотиб олди. Жепаров араблар ўлкасида ҳам чемпионликни тантана қилди. Орадан икки йил ўтиб, яна Жанубий Кореяга сафар уюштирди. Бу гал унга «Сеонгнам» клуби қизиқиш билдирди. Сервер бу жамоа билан Корея Лигаси кубогини қўлга киритди. Айни вақтда фаолиятини «Ульсан»да давом эттирмоқда.
Сервер Жепаровнинг терма жамоадаги дебюти 2002 йилга тўғри келган. Ўша кезлари унинг «иккинчи Қосимов» бўлиши тахмин қилинганди. Ўтган вақт давомида Жепаров бу номга лойиқлигини исботлаш баробарида «биринчи Жепаров» сифатида танилишни ҳам уддалади.
Ўзбекистон миллий жамоаси билан Осиё кубогида 4 марта иштирок этган. Узоқ йиллардан буён термамиз сардори вазифасини бажариб келмоқда.
ЮТУҚЛАРИ:
Ўзбекистон чемпиони: 2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007, 2008, 2009
Ўзбекистон кубоги соҳиби: 2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007, 2008
Жанубий Корея чемпиони: 2010
Корея Лига кубоги соҳиби: 2010, 2014
Саудия Арабистони чемпиони: 2011|12
ШАХСИЙ ЮТУҚЛАРИ:
Ўзбекистоннинг энг яхши футболчиси: 2008, 2010
Осиёнинг энг яхши футболчиси: 2008, 2011
Ўзбекистон чемпионати тўпурари: 2008
Қизиқарли факт: Сервер Жепаров қайси чемпионатда ўйнамасин, албатта, ғолибликни қўлга кирита олган ягона ўзбекистонлик футболчи ҳисобланади.
ИГНАТИЙ НЕСТЕРОВ
Туғилган сана: 20.06.1983
Амплуа: дарвозабон
Терма жамоадаги ўйинлар: 92та
Ўтказган голлари: 100та
Сариқ карточка: 1та
Қизил карточка: -
Дарвозабонлар ҳақида гап кетганда, «ярим жамоа» ибораси кўп қўлланади. Аммо улар орасида бу номга лойиқ кўрилганлар кўп эмас. Нестеров айнан ўша кам сонли киперлар сирасидан.
Игнатий футбол сир-асрорларини Тошкентда, «Пахтакор» футбол мактабида ўзлаштирган бўлсада, профессионал фаолиятини 2001 йили Самарқанднинг «Динамо» жамоасида бошлашига тўғри келди. Орадан бир йил ўтар-ўтмас, салоҳиятини намоён этиши ҳамоноқ «Пахтакор» уни ортга қайтарди. Бу бежиз эмасди. Олдинги қаҳрамонларимиз сингари Игнатий ҳам қайта шаклланаётган клубнинг аввалги шуҳратини тиклаш мақсадида сафарбар қилинган эди.
Нестеров «Пахтакор» шарафини 7 йил давомида ҳимоя қилди. Ҳатто ўзбек футболи оламига шиддат билан кириб келаётган «Бунёдкор» ҳам уни ўз сафига жалб этишда қийинчиликка дуч келди. Аммо 2009 йилга келиб «қалдирғочлар» барибир, ниятга етишди: маҳоартли кипер Кападзе ва Жепаровнинг жамоадошига айланди.
Нестеров «Бунёдкор» шарафини 2013 йилга қадар ҳимоя қилиб, жамоа билан қатор ютуқларни қўлга киритди. Икки йил муқаддам Тошкентнинг «Локомотив» клуби дарвозабонни таклиф қилгач, Игнатий фаолиятини «темирйўлчилар» сафида давом эттиришга қарор қилди.
2002 йилдан буён Ўзбекистон терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келаётган дарвозабон ўтган вақт давомида биринчи рақамли кипер номини ҳеч кимга бермади. Осиё кубогида 4 марта иштирок этган: 2004 йилги мусобақада фақат 1 марта майдонга тушган бўлса, 2007 йилда 3та, 2011 йилда 5та ва 2015 йили 4та учрашувда термамиз дарвозасини қўриқлади.
ЮТУҚЛАРИ:
Ўзбекистон чемпиони: 2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007, 2009, 2010, 2011, 2013
Ўзбекистон кубоги соҳиби: 2002, 2003, 2004, 2005, 2006, 2007, 2008, 2010, 2012, 2013, 2014
МДҲ кубоги соҳиби: 2007
Қизиқарли факт: Игнатий Нестеров терма жамоада энг кўп учрашув ўтказган футболчилар ичида легионер бўлмаган ягона ўйинчи.
АЛЕКСАНДР ГЕЙНРИХ
Туғилган сана: 06.10.1984
Амплуа: ҳужумчи
Терма жамоадаги ўйинлар: 83та
Гол: 28та
Сариқ карточка: 19та
Қизил карточка: 1та
Александр Гейнрих - 2000 йиллар бошида катта шов-шув кўтарган Ангрен футбол мактаби тарбияланувчиси ҳисобланади. Саша профессионал фаолиятини 2001 йили Тошкент вилоятининг «Дўстлик» жамоасида бошлаган. Аммо ҳеч қанча вақт ўтмай, унинг тақдири ҳам «Пахтакор» билан боғланиши аёнлашди. 2002 йили «шерлар» ўша давр иқтидорлари қатори Гейнрихни ҳам ўз сафига қўшиб олди. Кейинчалик ҳужумчининг саргардонлик тарихи бошланди. Сашадаги ажойиб техника ва гол уриш қобилияти хориж клубларини маҳлиё этганди. Ҳаттоки, унга Германиядан ҳам қизиқиш бўлганди. Аммо неча марта Европани забт этишга уринган бўлса, ортга доим қуруқ қайтишга мажбур бўлган. 2003-2004 йиллар мавсумида Москванинг ЦСКА, 2005-2006 йилларда эса «Торпедо» клублари шарафини ҳимоя қилган. Аммо Гейнрих ҳар қанча иқтидорли бўлмасин, уни юзага чиқаришда футболчига бироз ҳафсала етишмасди. Шу сабабли, гранд клублар ўйинига мослаша олмай, юртимизга - жонажон «Пахтакор»га қайтаверди. 2014 йили истисно қилиб, навбатдаги «саргузашт»лардан сўнг «Локомотив» «бекати»да тўхташга қарор қилди. Эътиборлиси, «темирйўлчилар» сафида ҳам кўп ушланиб қолмади. 2015 йилдан эътиборан Қозоғистоннинг «Ордабаси» жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.
Клублардаги фаолияти қисқа бўлишига қарамай, Гейнрих Ўзбекистон термаси шарафини ҳимоя қилишга доимо шай. Мамлакатимиз бош жамоасига илк бор 2002 йилда чақирилган Саша ўтган вақт давомида гоҳ асосий, гоҳ захира ҳужумчиси бўлиб келди. Айни вақтда ҳам Ўзбекистон терма жамоасига номзод футболчилар рўйхатига киритилган.
ЮТУҚЛАРИ
Ўзбекистон чемпиони: 2002, 2005, 2007
Ўзбекистон кубоги соҳиби: 2002, 2005, 2007
Россия чемпиони: 2003
Қозоғистон чемпиони: 2013
Қозоғистон суперкубоги соҳиби: 2013, 2014
Шахсий ютуқлар: Ўзбекистоннинг 2002 йилги энг яхши футболчиси
Қизиқарли факт: Александр Гейнрих Ўзбекистонда «Йилнинг энг яхши футболчиси» номини қўлга киритган энг ёш ўйинчи ҳисобланади. Ўша вақтда Саша эндигина 18 ёшни қаршилаган эди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).