2015 йил футболимиз учун алоҳида ўрин тутади. Ўтган асрнинг 60-йиллари бошида «Пахтакор»нинг асосий таркибида 1940 йили туғилган бир қатор футболчилар муҳим роль ўйнашган. Демакки, улар агар ҳаёт бўлганларида, жорий йил 75 ёшга тўлишарди... Гап турли йилларда ҳаётдан кўз юмишган Виктор Науменко, Станислав Стадник, Мақсуд Шарипов, Геннадий Красницкий, Игорь Малиновский, Валерий Любушин, Владимир Тожиров ва Улуғбек ҚориёҚубов ҳақида кетяпти. Бу рўйхатга Ривал Зокиров (1939-2012)ни ҳам қўшиш мумкин. Хайриятки, 1940 йилги «олтин» авлод вакилларидан бугун нафақа гаштини сураётганлари ҳам бор - москвалик Юрий Пшеничников ва тошкентлик Виталий КапУстЯнский. Кўряпсизми, битта футбол жамоасининг деярли тўлиқ таркиби вужудга келяпти...
Энг эътиборлиси, афсонавий авлод 1960 йили ёрқин нур соча бошлаганди. Ваҳоланки, ўшанда биз эътироф этаётган барча футболчилар энди 20 ёшни қаршилагандилар, боз устига, «Пахтакор» ҳам ўзининг ёрқин йўли бошида турганди. Яъни севимли жамоамиз ҳам энди-энди умумэътироф чўққисига қараб қадам ташлаётганди. Энг асосийси, футбол дунёсига нотаниш, маҳаллий, 20 ёшли йигитларимиз бир уринишда тан олинган уста футболчиларга қарши баҳсларда ажойиб қаҳрамонлик кўрсатиш уддасидан чиқишади. Дейлик, жамоамизнинг собиқ иттифоқ олий лигасидаги 3 йиллик иштироки давомида «пахтакорчилар»дан енгилмаган бирорта клуб қолмайди. «Пахтакор» ёш футболчилари билан олий лига миқёсидаги илк ўйинлардаёқ Москванинг ЦСКА (Тошкентда - 3:2) ва «Спартак» (сафарда - 1:0) клубларини доғда қолдиради. Шунингдек, мавсум-60да «Зенит» 2 марта мағлуб этилади - 2:0 ва 3:2, яна Донецкнинг «Шахтёр» жамоаси ҳам 0:2 ҳисобидаги мағлубиятни тан олади. Кейинги мавсумда эса, Москва «Торпедо»си ҳам «Пахтакор» олдида ожиз қолади - 0:1 ва ҳоказо...
Натижада барча футбол марказларида Тошкент жамоаси ҳақида гапира бошлайдилар. Мисол учун, турли кўрсатув-дастурларда муаллиф-ижодкорлар «Пахтакор» тўпурарлари - Геннадий Красницкий ва Биродар Абдураимовни эътироф этишади, марказдаги Красницкий-Станислав Стадник боғламига эътибор қаратишади ва албатта, дарвозабон Юрий Пшеничников маҳоратини алоҳида тилга олишади. Мисол учун, матбуот 1960 йилги чемпионатга баҳо берар экан, шундай ёзганди: «1960 йилнинг 2 май куни Эстония пойтахтида Ўзбекистон жамоаси илк марта кўриниш берди - ноодатий «Пахтакор» номи билан. Янги клубнинг таркиби мухлисларга ҳеч нарсани англатмасди - Осиё футболи Европа ҳудудидаги республикалар учун мутлақо сир саналарди. Ўйинда «пахтакорчилар» ҳисобни очишгач, Эстониянинг энг яхши жамоаси олий лигада дебютини нишонлаётган клубнинг шиддати ва яхши маънодаги қўрслигидан бироз гангиб ҳам қолди. Голни қудратли гавда ва шунга яраша кучли оёқларга эга марказий ҳужумчи урганди. Ўшанда Геннадий Красницкий - бўлажак афсонавий тўпурарни ҳеч ким танимасди».
Энди «Зенит»-«Пахтакор» ўйини учун чиқарилган махсус дастурчага эътибор қаратамиз: «Пахтакор» ҳужумчилари тезкор ва шиддатли. Улар рақиб дарвозаси томон давомли ва шиддаткорона ҳамла уюштиришга қодирлар. Айниқса, Ўзбекистон жамоасининг жуфтлашган марказий чизиғи ўта хавфли - 20 ёшли Геннадий Красницкий ва Станислав Стадник».
Харков. «Авангард»-«Пахтакор» ўйини. «Пахтакор» ҳужум чизиғида 2 нафар футболчи борки, улар мунтазам равишда ўз рақибларига кўп мушкулотлар туғдиришади. Гап энг яхши тўпурарлар рўйхатини бошқариб бораётган марказий ҳужумчи Геннадий Красницкий ва унинг ортида ҳаракатланадиган Станислав Стадник ҳақида кетяпти. Бу икки ёш спортчи кенг оммага жорий мавсумдагина танилди. Улар бир қатор ўйинларда жуфт ҳолда катта маҳорат билан тўп суришди».
«Пахтакор» 1962 йили кўпчиликни ҳайратга солиб, олий лигада фахрли 6-ўринни эгаллайди. Яъни бир қатор тан олинган тажрибали жамоалардан ўзиб кетади. Москвада чиқадиган «Футбол» нашри шарҳловчиси Александр Вит шундай ёзганди: «Пахтакор» - бу ҳам футбол, ҳам география бобида ҳақиқий кашфиёт. У мамлакатни янги футбол маркази билан бойитди. Хуллас, бизнинг футболда янги, яхши жамоа пайдо бўлди. Уни ҳеч қандай шубҳасиз, биринчи даражали клублар қаторига қўшиш мумкин. Нафақат жорий йил турнир жадвалида эгаллаган ўрни, балки мустаҳкам ўйини, спортча барқарорлиги нуқтаи назаридан шундай. Зеро, «Пахтакор» кўплаб бошқа клублардан фарқли ўлароқ, бошидан тўғри йўналиш олди. Хусусан, ўз кадрларини тайёрлаш масаласида оқилона йўл тутяпти».
Бир сўз билан айтганда, 60-йиллардаги «пахтакорчилар» Тошкент жамоасига мустаҳкам тагзамин қўйишди. Уларни самимият билан хотирлаймиз:
Валерий Любушин (1940-2011)
Виктор Науменко (1940-1995)
Станислав Стадник (1940-1998)
Владимир Тожиров (1940-2011)
Мақсуд Шарипов (1940-1985)
Геннадий Красницкий (1940-1988)
Игорь Малиновкий (1940-1995)
Улуғбек Қориёқубов (1940-2013)
Ривал Зокиров (1939-2012)
Шу ўринда айтиш ортиқча саналмас, Тошкент жамоасининг 1965-1966 ва 1969-1970 йиллардаги мураббийи, россиялик буюк мутахассис Михаил Иосифович Якушин агар бугун ҳаёт бўлганида, 2 ноябрь куни 105 ёшга тўлганини нишонларди. Ўша йиллари Якушиндан ташқари, Александр Келлер, Гавриил Качалин, Борис Аркадьев, Евгений Елисеев каби мураббийлар «Пахтакор» устози сифатида ишлашган. Шунингдек, ўша давр 10 йилдан ортиқ вақт давомида «Пахтакор»га мураббийлик қилган Евгений Борисович Валицкий (1929 йил)ни алоҳида тилга олиш жоиз. «Пахтакор» футбол мактабида эса, бир неча ўн йилликлар давомида Сергей Артёмович Арутюнов (1922-2015) бош мураббий сифатида меҳнат қилган. Уларнинг ҳар иккиси Ўзбекистонда хизмат кўрсатган мураббий ҳисобланади.
Умуман, 60-йилларда «Пахтакор» таркибида қуйидаги футболчилар етарли даражада кўп ўйин ўтказишган: Биродар Абдураимов, Сергей Тазетдинов, Виталий Суюнов, Ҳамид Раҳматуллаев, Акмал Азизхўжаев, Владимир Штерн, Валерий Мухин, Вильгельм Қаҳҳоров, Тўлаган Исоқов, Виктор Варюхин, Олег Моторин, Николай Любарцев, Баҳодир Иброҳимов, Аҳрол Иноятов, Сергей Доценко, Вячеслав Солохо, Юрий Беляков, Вячеслав Бектошев, Равшан Юнусов. Хуллас, Тошкентнинг «Пахтакор» клуби бундан ярим асрдан кўпроқ вақт илгари буюк мураббийлар ва етук футболчилар авлодининг ижодий ҳамкорлиги ўлароқ, жаҳон аренасидаги обрўли жамоалар қаторига чиққанди.
Юқорида тилга олинган сабаб муносабати билан ташаббускор гуруҳ (бош ташкилотчилар: «Ўзкабель» жамоаси, мураббийи - Анатолий Никитин ва футбол фахрийси Виталий Капустянский) буюк авлоднинг ҳаётдан кўз юмишган вакиллари хотирасига атаб, алоҳида ўйин ташкиллаштирди. Хуллас, Тошкабель заводи стадионида «Ўзкабель» ва «Алгоритм» (мураббийи - Рауф Инилеев) фахрийлар жамоалари ўртасида ўйин ўтказилди. Унда «Ўзкабель» 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Эътиборлиси, учрашувда тўпга илк рамзий зарбани афсонавий Геннадий Александрович Красницкийнинг набираси берди. Айтганча, унинг исм-шарифи ҳам айнан Геннадий Александрович Красницкийдир. Кичик «Красний» ўйинга онаси - Ирина билан келди. Хотира тадбирида футболчиларнинг бевалари - Алла Любушина набираси Валерий (унга бобосининг шарафига шундай исм қўйишган), Алевтина Шарипова, афсонавий «Пахтакор-79» жамоаси мураббийи беваси - Алла Тазетдинова, футбол фахрийлари - Маннон Ёқубов, Равшан Юнусов, Раззоқ Турғунов, Николай Любарцев, Вячеслав Солохо, Шамиль Яфаров, Салим Эшмуҳамедов, Вали Шамсимуҳамедов қатнашишди. Қолаверса, тадбирда Ўзбекистон футболи фахрийлари кенгаши (Тўлаган Исоқов мисолида) ҳозир бўлди.
Ўйин якунлангач, тақдирлаш маросими уюштирилди. Учрашув иштирокчиларига Дмитрий Шелочков томонидан тайёрланган эсдалик вимпеллари, Владимир Сафаров тақдим этган буклетлар топширилди. Шунингдек, кабель заводи вакиллари барча қатнашчиларга эсдалик совғалари улашдилар. Геннадий Красницкий набираси эса, совға сифатида бобоси ҳақидаги «Бетакрор иқтидор соҳиби» ва «Пахтакор - 50 ёшда» номли китобларни шу асарлар муаллифи ҳамда Алла Тазетдиновадан қабул қилиб олди. Шамиль Яфаров Тошкент вилояти футбол федерацияси номидан ҳозир бўлганларга шарфлар, кичик Геннадий Красницкийга эса шахмат жиҳозларини тортиқ этди. Зеро, унинг бобоси шахмат бобида ҳам беназир эди.
Якунда шуни алоҳида таъкидлаш ўринлики, бундай хайрли тадбир Ўзбекистон Президенти томонидан эълон қилинган «Қарияларни эъзозлаш йили» дастурига жуда мос тушди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).