Ўзбекистон чемпионати олий лигаси 2-тури якунлангач, таниқли журналистлардан бири ҳазил қилди: «Афтидан, «Динамо» яқинда «Лестер»дан кетган Клаудио Раньерини бош мураббийликка тайинлаган кўринади». Бундай мутойибанинг бағрида заррача ҳақиқат йўқлиги тайин. Зеро, Самарқанд шаҳри жамоасида Раньеридек мураббий у ёқда турсин, олий лигамиз даражасида кўзга кўринган футболчи ҳам йўқ. «Динамо» таркиби асосан ҳали номлари чиқмаган йигитлардан иборат. Қарангки, жамоа шу ёшлар билан ҳам мавсум стартида мухлисларга «сюрприз»лар улашиш уддасидан чиқди.
ТУР ВОҚЕАСИ
«Динамо» 1-турда «Металлург» майдонидан 3 очко олиб қайтгач, самарқандлик мухлисларнинг «Шўртан»га қарши кечадиган ўйиндан фақат ғалаба кутишгани ўз-ўзидан тушунарли. Олег Тюлькин шогирдлари шунга яраша, стадионда йиғилган 10 мингдан кўп мухлисни сира уялтиришмади. 3:0 ва дебютант клуб 2-турдан сўнг турнир жадвали пешқадами. Умуман, бу учрашувга алоҳида ёндашишнинг бир неча сабаби бор. Биринчидан, «Динамо» ўтган мавсум қуйи лигада ўйнади ва элитага қайтгани ҳамоно ёрқин таассурот уйғотишни пайсалга солмади. Иккинчидан, шу ёрқин ўйин ортида асосан ёшлар туришибди. Клуб томонидан берилган расмий маълумотга кўра, «Шўртан»га қарши кечган баҳсда «Динамо» таркибида майдонга тушган футболчиларнинг ўртача ёши атиги 23,7ни ташкил этган. Албатта, бунинг ижобий томонлари кўп ва ёшларнинг фаол ўйнашларини кузатиш ёқимли. Шунинг баробарида таркибнинг кескин ёшартирилишида салбий жиҳатлар ҳам йўқ эмас. Дейлик, ёш футболчиларда иштиёқ меъёридан ошиб кетса, улар хотиржам ва барқарор ўйин намойиш этишда қийналадилар. Лекин факт шуки, «Шўртан» билан учрашувда бундай муаммо учқуни ҳам сезилгани йўқ. 3-турда ҳам... (бу ҳақда шарҳимиз охирида ўқинг).
ДУРАНГ КЕРАКМИ, МАРҲАМАТ
Янги мавсумнинг 1-тури битта жиҳати билан ёдда қолганди - унда бирорта дуранг натижа қайд этилмади. Бу ҳолат ҳаттоки, бироз таажжубланарли туюлганди. Мана, 2-турга келиб, бир эмас, нақ 3та ўйинда жамоалар кучи тенг келди. Боз устига, уларнинг 2тасида етакчи клублар илк йўқотишларга дучор бўлдилар. «Пахтакор» ҳафта ўртасида Фарғонада «Нефтчи»га қарши майдонга тушди ва бу ўйинда ҳисоб очилмади. Аслида бутун вақт давомида бунинг учун имконият у қадар кўп юзага келгани йўқ. Яъни мезбонлар ҳам, меҳмонлар ҳам асосан ҳимояга эътибор қаратишди ва бирламчи вазифа - гол қўйиб юбормаслик уддасидан чиқишди. Якун шуки, икки жамоа ҳам 1тадан очко олиб, 2тадан йўқотди. Хуллас, бир очко ҳавога учди.
«Олмалиқ» эса ҳар доим «Бунёдкор» учун ноқулай рақиб сифатида гавдаланган. Ҳаттоки, юртимизда «қалдирғочлар»га тенг келадиган жамоа топилмаган вақтларда ҳам пойтахт вилояти вакиллари уларга етарли даражада «бош оғриғи» бўлиш уддасидан чиқардилар. Қарангки, Виктор Кумиков бошчилигида янгиланган жамоа ҳам янги мавсум ҳисобидан илк очкосини айнан «Бунёдкор»дан тортиб олди.
Яна бир учрашувда «Обод» ўз уйида «Қўқон-1912» билан муроса кўчасини танлади - 1:1. Шу тариқа «ободчилар» ҳам, водийликлар ҳам 2-турда мавсумдаги илк очкони ишлаб олишди. Эътиборли томони, тошкентликлар аввалги мавсум ҳам айнан 2-турда дуранг қайд этиб («Обод» - «Бухоро» - 0:0), олий лигада ўз очколари ҳисобини очгандилар.
КУТИЛГАН ЯКУН
Ҳар қандай учрашувда ўзига яраша, фаворити ва аутсайдери бўлади. Дейлик, «Локомотив» ва «Сўғдиёна» ўртасида кечган баҳсда қайси томоннинг 3 очкога асосий даъвогар эканлигини тахмин қилиш қийин эмасди. Якунда ўйин кутилган якунни тақдим этди. «Сўғдиёна» Даврон Файзиев бошқаруви остида 5 йилдан буён мавсумни яхши бошлай олмаяпти. Мана, жамоа жорий мавсум стартида ҳам кетма-кет 2 марта мағлубиятни тан олди. Тўғри, бу омадсизликларда «Сўғдиёна»ни кескин айблашга тил айланмайди - рақиблари кучли эди. Масалан, жиззахликлар 1-турда «Бунёдкор» майдонида ўйнашди ва мағлубиятга учрашди -0:1. Бу сафар жамоа чекига «Локомотив» билан куч синашиш тушди. Натижа - 0:3. Шу жойда адолат юзасидан айтиш лозим, «Локо» ғалабага осонгина эришгани йўқ. Хусусан, 69-дақиқада меҳмонлар дарвозаси томон пенальти белгилангунга қадар майдонда тенг кураш борди, ҳисоб. Бироқ ҳакамнинг 11 метрли нуқтага ишора қилгани барчасини ўзгартириб юборди. Оддий айтганда, «Сўғдиёна» руҳий томондан босимни кўтаролмади.
«Насаф» эса ўз майдонида анча жиддий рақиб - «Бухоро»ни енгди. Ваҳоланки, қаршиликлар бу учрашувда атиги 1та гол уришди, аммо 2:1 кўринишида ғалаба қозонишди. Хуллас, «Бухоро» сафига яқиндагина қўшилган қозоғистонлик Кирилл Пасичникнинг автогол муаллифига айлангани «Насаф»га қўл келди.
«ЎРТАМИЁНА» КУРАШ
Қолган учрашувларда ўртамиёна клублар ўзаро куч синашишди ва уларда доимгидек, мезбонлар ғалаба қозонишди. Хусусан, «Машъал» ўз майдонида «Металлург» дарвозасини бир марта ишғол этиш асносида 3 очко олди. Бу мағлубият Бекобод жамоаси учун кетма-кет иккинчисидир. Хуллас, «Металлург» ҳозирча бирорта очко олгани йўқ ва турнир жадвалининг қуйи қисмида турибди. Таққослаш учун айтсак, жамоа ўтган мавсумни кетма-кет ғалабалар билан бошлаганди.
Стартда «Пахтакор»га бас келолмаган «Қизилқум» эса ўз майдонидаги очилиш маросимидан сўнг «Навбаҳор»ни қийинчилик билан енгди - 2:1. Ҳал қилувчи гол ўйиннинг сўнгги чорагида урилгани барчасига далолат.
ТУР ҚАҲРАМОНИ - «ДИНАМО» МУХЛИСЛАРИ
Ўзбекистон чемпионатида энг муаммоли ҳолатлардан бири мухлислар ташрифи ҳисобланади. Кишини қувонтиргани, олий лигага қайтган «Динамо» шу жиҳат бўйича ҳам ҳурматга лойиқ бўлиб турибди. Шарҳ аввалида «Шўртан»га қарши кечган ўйинни 10 мингдан кўп мухлис бевосита стадионда кузатганини айтдик. Муҳими, самарқандликлар фақат уй ўйинлари эмас, сафар баҳсларини ҳам ёддан чиқаришмаяпти. Дейлик, 3-тур доирасида «Пахтакор»га қарши кечган ўйин учун Самарқанддан махсус автобуслар ташкил этилди ва мухлислар пойтахтда ҳам «Динамо»ни ёлғизлатиб қўйишмади.
----------------------------------------------------------------------------
3-ТУР «сенсация» билан бошланди
Якшанба кунинавбатдаги тур баҳсларига старт берилди. Илк ўйинда «Динамо» стартдаги шижоатини давом эттириб, чиндан ҳам, ўтган мавсумдаги «Лестер» қиёфасини олди, гўё. Хуллас, 88-дақиқада Раду Рогак тўпга боши билан зарба бериб, «шерлар»ни карахт аҳволга солиб қўйди - 0:1. Шу куни омад ҳам Самарқанд жамоасини қўллаб юборди. Дейлик, 90Қ2-дақиқада Игорь Сергеевнинг зарбасидан сўнг тўп дарвоза устунига тегиб қайтди. Хуллас, 3та ўйин, 100 фоизли натижа ва «Динамо» якка пешқадам.
ТУР ИҚТИБОСЛАРИ
- Қайси ўйинчини жамоага чақирсам, биринчи саволи пул ҳақида янграйди. Кўпчилик ўсиш эмас, фақат пулни ўйлайди... Даврон ФАЙЗИЕВ («Сўғдиёна» бош мураббийи).
- Анчадан буён стадионимизга бунчалик кўп мухлис келмаганди. Уларга ташриф учун раҳмат. Андрей ФЁДОРОВ («Нефтчи» бош мураббийи).
- Шогирдларимга рақиб жарима майдонида айёрона ҳаракатланиш хислати етишмади... Сергей ЛУШАН («Бунёдкор» бош мураббийи).
- Йеличдан ташқари, қолган ярим ҳимоячилар ўз даражаларида ўйнай олишмаяпти. Виктор КУМИКОВ («Олмалиқ» бош мураббийи).
- Пенальти белгиланган вазият бўйича фикрим? Ҳакам 100 фоиз ҳақ, рақиб ўша вазиятда тўпга ўйнамади. Андрей МИКЛЯЕВ («Локомотив» бош мураббийи).
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).