Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Хитой Тайпейида давом этаётган Осиё чемпионати “B” гуруҳи 3-турига тайёргарликни бошлади. Вакилларимиз гуруҳ босқичи сўнгги турида Япония терма жамоасига қарши баҳс олиб боради. Бугун, 4 февраль куни жамоа Taishan Gymnasium спорт мажмуасида машғулотлар ўтказди.
Машғулот бошланишидан аввал жамоа координатори ва мураббийлар штаби футзалчилар билан суҳбат ўтказди. Унда терма жамоа жамоа координатори Рустам Толибжонов Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбариятининг Японияга қарши ўйин олдидан футзалчиларга мурожаати етказди.
“Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти сизларни муддатидан аввал қўлга киритилган чорак финал йўлланмаси билан табриклади. Шу билан биргаликда, Японияга қарши бўлажак ўйинда хотиржамликка берилмай, унга жиддий ёндашиш кераклиги айтилди ҳамда юқори савияли ўйин намойиш этишингизни ва ғалаба қозониб, чорак финалга гуруҳдан 1-ўрин билан чиқишингиз тилаб қолинди. Барчангизга маълум, олдимизга юқори мақсадлар қўйилган. Шу сабабли, ҳар бир учрашувда ижобий натижа кўрсатишимиз зарур бўлади. Биз Ўзбекистон халқини ғалабалар билан хурсанд қилишимиз кераклиги ҳам таъкидланди”, – дея ЎФА раҳбариятининг мурожаатини йўллади Рустам Толибжонов.
Шундан сўнг футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бош мураббийи Баҳодир Аҳмедов футзалчиларга ўз сўзларини айтиб ўтди.
“Бизни бутун Ўзбекистон қўллаб-қувватлаб турибди, бизга катта ишонч билдирилган. Шунинг учун, ҳар бир беллашувда халқимиз далдасини ҳис қилишингизни сўрайман. Қитъа биринчилигидаги ҳар битта ўйинда фақат ва фақат ғалаба қозонишимиз лозим”, – деди Баҳодир Аҳмедов.
Машғулот давомида бир қатор тактик услублар ишлаб чиқилиб, амалга синаб кўрилди. Умуман олганда, жамоада ижойиб муҳит ҳукмронлик қилмоқда, барчада кайфият яхши.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).