Бугун Миллий олимпия қўмитаси “Ўзбекистон халқаро анжуманлар саройи”да ўзбек спорти тарихида илк маротаба “Миллий спорт мукофоти – 2018” тантанали тақдирлаш маросими ўтказяпти.
Маросимда турли номинациялар эгаси тақдирланиши кутилмоқда. Жумладан, “Йилнинг ёш ва истиқболли спортчиси” йўналишида ўсмирлар Олимпиадаси ғолиби, Осиё ва жаҳон чемпиони Абдумалик Халаков тенгсиз бўлди.
“Йил кашфиёти” йўналишида оғир атлетикачи, жаҳон чемпионати ғолиби Акбар Жўраев ғалаба қозонди.
Аввалроқ, “Спорт” телеканали директори Зоҳид Каримов “Энг яхши ижтимоий лойиҳаси” – йўналишида ғолиб бўлди. “ЎзРепорт” телеканали директори Равшан Жўраев “Спорт соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” тақдирланди. Марина Якубова “Йилнинг энг яхши спорт журналисти” деб эътироф этилган бўлса, “Йилнинг энг яхши паралимпиячиси” - Пауэрлифтинг бўйича Параосиё ўйинлари чемпиони Рўза Қўзиева бўлган эди. “Энг фаол спорт тарғиботчиси” йўналишида МОҚ Матбуот ва медиа департаменти директори Зафар Имомхўжаев тақдирланди.
Жаҳон гимнастикаси афсонаси, Оксана Чусовитина “Халқаро майдонларда ўзбек спортини тарғиб қилгани учун” тақдирланган эди. “Энг яхши спорт ҳомийси” соврини Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари Очилбой Раматовга топширилди.
Андижон вилояти ҳокими Шуҳрат Абдураҳмонов “Ҳудудларда спортни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун” тақдирланган эди.
Ўзбекистон кураш федерацияси эса “Йилнинг энг фаол федерацияси” деб эътироф этилди. Ўзбекистон шахмат федерацияси “Йилнинг энг яхши инновацион ва интеллектуал фаол федерацияси” деб эътироф этилди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).