Сир эмас, йирик турнирларнинг саралаш босқичларида йўлланмага реал даъвогарлар қатори шунчаки, тажриба тўплаш асносида ўз шаънини ҳимоя қилишга интиладиган «митти» жамоалар ҳам қатнашади. Муҳими, ҳеч нарсага даъво қилмайдиган «кичик» термалар сафида ҳам баъзан етакчи лигаларда рисоладагидек тўп суришга қодир тиришқоқ футболчилар кўзга ташланишади. Мана, Football-Style ижодкорлари (sports.ru сайти) УЕФА рейтингининг охирги 15 поғонасида бораётган миллий жамоалар таркибига назар солиб, «пичоққа илинадиган» ижрочиларни алоҳида таништиришни лозим топишди.
Молдова термаси - Артур Ионице («Беневенто»). Собиқ иттифоқ даврида Кишинёв шаҳрида туғилган Ионице футболчилик фаолиятини маҳаллий «Зимбру» клубида бошлади. 2007 йили эса «Искра-Сталь» сафига қў-шилди, аммо янги жамоаси ҳам мутлақ гегемон - «Шериф»га бас келолмади. Тўғри, рибницаликлар ЕЛ саралаш босқичига йўл олишди, Артур эса 2009 йили Швейцариянинг «Арау» клуби билан шартнома тузди. Унинг трансфери 200 минг еврога баҳоланди ва бу ҳанузгача камтарин жамоа учун рекорд кўрсаткич бўлиб қолмоқда. 19 ёшли Ионице Швейцариядаги дебют мавсумида асосан ўринбосарлар сафида тўп сурди. Кейингисида эса асосий жамоага ўтиб, талаб даражасида ўйнай бошлади. Шу тариқа «Арау» мавсум-2013|2014 якунида элитага кўтарилди. Артур айни муваффақиятдан кейин асосий таянч ярим ҳимоячиси позициясида самарали тўп сурди, 2 марта жамоани сардор сифатида майдонга бошлаб тушди, чемпионатда 6та гол урди. Шунингдек, Молдова терма жамоаси ўйинларида мунтазам иштирок этди. Якунда «Арау» турнир жадвалининг охирги поғоналаридан бирини банд этган бўлсада, молдовалик йигит нуфузлироқ «Верона»дан таклиф олди. У Ромео ва Жульетталар шаҳрида 2 йил тўп суриб, ўз ҳисобига 6та гол ва 4та самарали узатма ёзиб қўйди. Шу тариқа «А» серияда гол урган молдовалик дастлабки футболчи бўлди. 2016 йилнинг ёзида «Кальяри» Артур трансферига 4,5 млн. ажратиб, уни ўз сафига қўшиб олди. Кейинги 4 йилни Сардиния оролида ўтказган ярим ҳимоячи жами 125та ўйинда майдонга тушди. 2020 йилнинг сентябрида эса «А» серияга қайтган «Беневенто» либосини кийди. Ҳа, бу жамоа мавсум охирида элитадан тушиб кетди. Факт: Ионице «В» серия вакилига айланганига қарамай, Молдованинг энг қимматбаҳо футболчиси мақомида қолмоқда (трансфер қиймати - 1,8 млн. евро).
Мальта термаси - Тедди Тёума («Юнион Брюссель»). Мальта миллий жамоасининг еврофутболдаги ўрни кўпчиликка маълум. Тедди шу ожизгина дружинадаги дебютини 2020 йили нишонлади. Бунга қадар эса анчайин олис ва машаққатли йўлни босиб ўтди. Тулонда туғилган футболчи фаолиятини Йер шаҳри жамоасида бошлаш баробарида отасига тегишли гўшт дўконида ҳайдовчи-курьер сифатида ҳам ишлади. Зеро, Франция чемпионати 4-дивизионида иштирок этадиган «Йер» клубида шарт-шароитлар мақтарли даражада эмасди. Тёума 4 йил ичида 86та ўйинда майдонга тушиб, 5та гол урди, аммо жамоа савияси тобора пасайиб борди. «Йер» мавсум-2014|2015ни 14-ўринда якунлагач, Тедди шартномаси муддатини узайтирмади ва 3-дивизион иштирокчиси «Булонь» таркибини тўлдирди. Бунда футболчи фаолиятида катта ўзгариш кузатилмади - аввалгидек марказда тўп суришда давом этди. Боз устига, мамлакат шимолидаги жамоавий натижалари ҳам ўртача бўлди: мавсум-2015|2016да - 8-ўрин, кейингисида - 9-ўрин.
2017 йилга келиб, Тедди анча нуфузли «Ред Стар»дан таклиф олди ва Парижга кўчиб ўтди. Муҳими, хавбек яқин ўтмишнинг номдор клубида ўз фаолиятидаги энг омадли мавсумни нишонлади: 5та гол ва 2та самарали узатма, йилнинг рамзий жамоаси аъзолиги. Асосийси, «қизил юлдуз» 2-дивизионга кўтарилди. Тўғри, юқори лигадаги рақобат «Ред Стар»га оғирлик қилди ва жамоа 20-турдан кейин сўнгги поғонага тушиб қолди. Шунга қарамай, «Юнион Брюссель» клуби Тедди трансферига қизиқиб, уни 350 минг еврога сотиб олди. Мана, Тёума 4 йилдан буён шу жамоада тўп сурмоқда. У аввалги мавсум кашфиётига айланган «Юнион Брюссел»да сардорлик масъулиятини ҳам ўз зиммасига олди. Умуман, 2020|2021 йиллар мавсумида «Юнион»нинг 2-дивизион ғолибига айланишига Тёума катта ҳисса қўшади: 5та гол ва 7та самарали узатма. Асосийси, сардорлик вазифасини аъло даражада уддалади. Айнан шу мавсум футболчининг бобокалонлари Мальтада яшашгани маълум бўлди. Тедди бу хушхабарни мамнуният билан қабул қилди ва Мальта фуқаросига айланди. Кейин сентябрь ойида Фарер ороллари термасига қарши баҳсда Мальта бош жамоаси либосида илк марта майдонга тушди. Ҳозирга қадар эса қизил тусли футболкада 19та ўйин ўтказди. Хуллас, Тедди камтарин терма жамоанинг энг қиммат жавоҳири - унинг трансфер баҳоси 1 млн. еврога тенг. Бу борада 2-ўринда бораётган Юрген Дегабриэле эса 350 минг еврога баҳоланмоқда.
Люксембург термаси - Леандро Баррейро («Майнц»). Бу йигитча ҳикоямизнинг энг ёш қаҳрамонидир. Леандро эндигина 22 ёшни қаршилади. У айнан Люксембургда таваллуд топган. Аждодлари - анголалик. Баррейронинг ўзи ўсмирлик давридан буён Люксембург шарафини ҳимоя қилмоқда. Футболдаги фаолиятини эса олис 1910 йили маҳаллий чемпионатнинг дастлабки мавсумида ғалаба нашидасини сурган «Расинг Юнион» клубида бошлади. Баррейро 16 ёшга тўлгач, малака ошириш мақсадида ўз уйидан унча узоқ бўлмаган Майнцга йўл олди. Германия жамоасининг U-16 таркибини бошқарган мураббий Бо Свенссон навқирон хавбекка оддий баҳо берганди: «Мутасаддилар билан фикр алмашиб олгач, Леандрони «Майнц» таркибига қўшишни лозим топдик. Зеро, у дастлабки машғулотлар жараёнидаёқ майдонда энг яхши ижрочи сифатида кўзга ташланди ва келажаки чакки эмаслигига ишонч ҳосил қилдик». Люксембургдан чиққан футболчи шундан буён «Майнц» тизимида тўп сурмоқда. У аввалига ўсмирлар жамоаларида тажриба оширди, охирги 3 мавсумни эса «карнавалчилар»нинг асосий таркибида ўтказмоқда. 2021 йил аввалида «Майнц» бошқарувини қаҳрамонимизнинг таниши Бо Свенссон ўз қўлига олди. Даниялик мутахассис Леандрони асосий таркибга сунъий равишда тортгани йўқ, албатта. Шунчаки, дебют кутилмаганда юз берди. Футболчи 2018|2019 йиллар мавсумида U-19 жамоасида ўйнаганди. Асосий жамоа ярим ҳимоячиси Жан-Филипп Гбаменнинг «Байер»га қарши 21-тур учрашувини ўтказиб юбориши маълум бўлгач, Свенссон айнан навқирон хавбекни бошланғич таркибга қўшди. Якун - шармандали мағлубият (1:5). Муҳими, ушбу муваффақиятсизлик ёш иқтидор руҳиятини синдиролмади, аксинча, унга қўшимча куч бағишлади. Масалан, кейинчалик унинг Бундеслига баҳсларида урган 2та голи «Майнц»га ўта муҳим ғалабаларни тортиқ этди.
Леандронинг Люксембург миллий жамоасидаги дебюти 2018 йилнинг 22 март куни Мальта термасига қарши кечган ўртоқлик учрашувига тўғри келди. У шундан буён терма жамоанинг муқим аъзосидир. Баррейро аллақачон халқаро даражада голлари ҳисобини очишга ҳам улгурди - Евро-2020 саралашидан ўрин олган баҳсда Литва терма жамоаси дарвозасини нишонга олди. Ҳозирги кунга келсак, Леандронинг трансфери 11 млн. еврога баҳоланмоқда. Диққат, бу сумма Люксембург миллий жамоасидаги барча футболчиларнинг умумий баҳосидан 37 фоизидир!
А.АБДУВАЛИХЎЖАЕВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).