Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ бош мураббийи Рустам Акромов 15 февраль куни вафот этди. Ўзбек футболи тарихидаги энг йирик ва ягона ғалабани қўлга киритган жамоага устозлик қилган Акромов энди ёруғ оламда йўқ. Қуйида Рустам Акромовнинг хотирасига бағишлаб, Хиросима—1994 даги унутилмас ғалаба ёдга олинади ва мутахассиснинг оғир ўтган сўнгги йиллари ҳақида сўз юритилади.
Енгилмас мураббий
1948 йилнинг 11 августида Тошкент вилоятида туғилган Акромов футболчилик фаолияти мобайнида «АСК Политотдел» (1967—1973) ва «Пахтакор» (1967—1973) клубларида тўп сурган. Мураббийлик фаолиятини эса Москванинг «ЦСКА» клуби ёшлар жамоасида бошлаган. Мутахассис кейинчалик «УСM Жазоир» клуби (1990-1991) клубига ўтган. 1992 йилда Жазоир терма жамоасига устозлик қилган. 1994 йилда эса «Пахтакор» клубида бош мураббий сифатида ишлаган.
Ўзбекистон мустақилликка эришиб, футбол терма жамоаси тузилганида унга Рустам Акромов бош мураббий этиб тайинланади ва унинг олдига жамоани шакллантириш вазифаси қўйилади. Акромов янги тузилган жамоа билан дастлаб, 1992 йилда Марказий Осиё давлатлари Кубогида совриндор бўлади. 1994 йилда эса Мустақиллик Кубогида (унда ҳам Марказий Осиё давлатлари қатнашган) зафар қучади. Шунингдек, 1994 йилда юқорида қайд этилганидек, унинг қўл остида мамлакат футболи тарихидаги энг йирик ва айни пайтда ягона бўлган совринни ҳам қўлга киритилади.
Статистик маълумотларга кўра, Акромов терма жамоа рулида 11 та ўйин ўтказиб, бирор марта ҳам мағлубиятга учрамаган — 10 ғалаба ва бир дуранг.
Ушбу қониқарли натижалардан сўнг Рустам Акромов ва Биродар Абдураимов бошчилигидаги жамоа олдига Япония мезбонлигида ўтган мусобақада муносиб иштирок этиш вазифаси қўйилади.
Молиявий ҳолати ҳавас қиладиган даражада бўлмаган ва яқиндагина мустақилликка эришган давлат делегациясига унчалик ҳам яхши муомалада бўлинмайди. Терма жамоанинг ўзи эса жиддий қабул қилинмайди, фаворитлар қаторига киритилиш борасида эса ҳеч қандай гап бўлиши мумкин эмасди.
Терма жамоа мусобақада Саудия Арабистони, Малайзия, Гонконг ва Таиланд билан бирга B гуруҳидан жой олади.
Имкониятлари юқори баҳоланмаган терма жамоа кутилмаганда гуруҳдаги барча учрашувларда ғалаба қозониб, 100 фоизлик натижа билан кейинги босқич масаласини ҳал қилади. Тўплар нисбати эса 15:5 ни ташкил қилади.
Чорак финалда Акромов шогирдларига А гуруҳида 2-ўринни эгаллаган Туркманистон вакиллари рақиблик қилади. Марказий Осиё дербиси мақомида ўтган беллашувда Фарҳод Магомедов сардорлигидаги жамоа туркманларга ҳеч қандай имконият қолдирмайди — 3:0.
Ярим финалда терма жамоага ўтган босқичда мезбон Японияни енгган Жанубий Корея тўқнаш келади. Ўзбекистон жиддий синов ва рақибга дуч келади. Бутун ўйин давомида корейслар устунликка эга бўлади, бироқ ўша куни уларга Юрий Шейкин дарвозасини ишғол этиш насиб этмайди. Ўзбекистон эса асосан ҳимояда вақт ўтказади ва рақибнинг хато қилишини кутиб ҳаракат қилади. Рақиб устунлигида ўтган баҳс тақдирини Азамат Абдураимовнинг чамаси 40 метрлардан йўллаган ажойиб зарбаси ҳал қилиб беради. Абдураимовнинг зарбаси дастлаб унчалик ҳам кучлидек туюлмайди ва тўғри дарвозабоннинг қўлига бораётгандек таассурот уйғонади, бироқ тўп сўнгги паллада ўз йўналишини ўзгартириб, тўрдан ўрин олади.
Шу тариқа Акромов жамоаси сенсацион тарзда мусобақанинг ҳал қилувчи ўйинига йўл олади. Бу натижа ўша даврда ҳам Ўзбекистонда, ҳам хорижда жуда катта шов-шувларга сабаб бўлгани алоҳида қайд этишга арзийди. Бутун ўзбек халқи терма жамоа ва унинг қаҳрамонлиги ҳақида гапира бошлайди.
1994 йилнинг 16 октябрида эса финал ўйинида жамоа ўша пайтда кучли ҳисобланган Хитой билан тўқнаш келади. Хитой А гуруҳида биринчи ўринни қўлга киритиб, финал йўлида Саудия Арабистони ва Кувайт термасини мағлуб этганди.
Финалда ҳам кутилганидек Хитойнинг имкониятлари юқори баҳоланади. Бироқ беллашувда ҳисоб Ўзбекистон терма жамоаси томонидан очилади: Миржалол Қосимовнинг жарима зарбасидан айёрона узатмасидан кейин Игорь Шквирин ўз номига гол ёздириб қўяди. Орадан бироз вақт ўтиб, Сергей Лебедев орадаги фарқни оширади.
Шундан сўнг Рустам Акромов жамоаси ҳужумкорликни пасайтириб, ҳимояга эътибор қарата бошлайди, бироқ бу жамоанинг зарарига ишлайди ва хитойликлар ҳисобни қисқартиришга муваффақ бўлади. Жамоалар танаффусга шу ҳисобда йўл олади.
Иккинчи 45 дақиқаликнинг дастлабки қисмида ўзбекистонлик футболчилар 11 метрлик жарима зарбасини амалга ошириш имкониятига эга бўлади, пенальтини Азамат Абдураимов муваффақиятли амалга оширади. Аммо орадан ҳеч қанча вақт ўтмай чин юрти вакиллари яна ҳисобни қисқартиради. Ўйин якунига етиши арафасида эса захирадан ўйинга қўшилган Шуҳрат Мақсудов учрашувга нуқта қўйган голга муаллифлик қилади.
Шу тариқа Ўзбекистон яна бир қаҳрамонликни амалга ошириб, финалда Хитойни мағлубиятга учратади ва мусобақанинг олтин медалларини ўзиники қилади.
Ушбу ғалабадан кейин терма жамоа устози Рустам Акромов «Шуҳрат» медали билан тақдирланади ва «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган мураббий» унвонига сазовор бўлади.
Шу-шу Ўзбекистон миллий терма жамоаси бошқа мусобақаларда ғалаба қозонмаган.
Рустам Акромовнинг кейинги фаолияти
Кейинчалик мураббий 1995 йилда Ҳиндистон терма жамоаси бошқарувини ўз қўлига олади ва маълум ютуқларга эришади. 1997 йилгача Ҳиндистон терма жамоасида ишлаган Акромов 1998 йилда ОФКнинг техник директори этиб тайинланади. Бундан ташқари у Ўзбекистон футбол федерациясида терма жамоалар маркази техник директори лавозимида ишлаган. 2003 йилда Марказий Осиё давлатларининг футбол мутахассислари орасида биринчи бўлиб, ФИФАнинг «Олтин белги»сини олади. 2010 йилда эса унга худди шундай белгини ОФК ҳам тақдим этади. Акромов тўртта — ўзбек, инглиз, француз ва рус тилларида эркин сўзлаша олган. Рустам Акромов ҳаёти давомида футболга оид 30 дан ортиқ асар, 100 га яқин илмий мақола ва 6 та китоб ёзган.
Оғир кечган сўнгги йиллар
Умрининг катта қисмини спортга, хусусан, футболга бағишлаган мутахассис ҳаётининг сўнгги йилларида оғир касалликка дучор бўлади. «Championat.asia» нашрига кўра, у инсультни бошдан ўтказиб, ётоқдан тура олмайдиган ҳолга келиб қолган. Акромов 2015 йил Австралияда бўлиб ўтган Осиё Кубогидан кейин руҳан сиқилиш ҳолатига тушади, натижада ушбу касалликка чалинади.
Бунинг натижасида Рустам Акромов ҳатто бошқаларни танимайдиган даражага келиб қолади. У ҳаракатсиз ҳолатга келиб, юришда қийналади, ўрнидан турса ҳам жуда секин қадам ташлаб юрган ва охирги пайтларда ётоққа михланиб қолган.
Нашр маълумотларига кўра, футбол профессоридан охирги кунларда фақат унинг қизи хабар олиб турган.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).