«Tata Steel-2023». Абдусатторов ва Синдаровдан чиройли ғалабалар
Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида ўтказилаётган шахмат бўйича «Tata Steel-2023» нуфузли халқаро турнирида бугун "Мастерс" ва "Челенжер" гуруҳларида 7-тур ўйинлари ўтказилди.
Нодирбек Абдусатторовга бу сафар ҳиндистонлик Эригаиси Аржун рақиблик қилди. Баҳснинг дебютидан кейин ҳинд спортчисининг сипохлари яхши позицияни эгаллаб, кичик устунликни қўлга киритганди. Ҳамюртимиз эса қора доналарда ўйнаганига қарамай, ғалабани ўз томонига оғдира олди. Ўйин сўнгида Аржун мот ҳолатидан қутула олганини билди ва таслим бўлди.
Ўзбекистонлик спортчи ўз очколарини 5,5 тага етказди ва пешқадамликни мустаҳакамлади. Боиси, 2-поғонани эгаллаб турган Аниш Гири (Нидерландия) бу турда дуранг ўйнади. Натижада Абдусатторов яқин таъқибчиси билан орадаги фарқни 1 очкога етказди.
Абдусатторов эртага АҚШ вакили Левон Аронянга қарши оқ доналарда ўйнайди.
"Челенжер" турнирида қатнашаётган Жавоҳир Синдаров бугун Нидерландия вакиласи Элина Роеберсга қарши оқ доналарда ўйнаб, ғалаба қозонди. Мезбон спортчиси 42-юришдан сўнг мағлубиятни тан олди.
Натижада Синдаровнинг очколари 5тага етди ва жадвалда 2-ўринга кўтарилиб олди. Ҳамюртимиз 8-турда пешқадамлар сафида бораётган туркиялик Мустафо Йилмазга қарши қора доналарда ўйнайди.
Манба: stadion.uz
Киритилди: 22:32, 21.01.2023. Ўқилди: 2485 марта. Фикрлар: 8 та.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).
Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар