Халоскор божалар жамоасини эшитганмисиз?
Испания терма жамоасида қариндошлар тўп суришидан хабарингиз борми? Улар «Реал»да ўйнайдилар, ҳамкорликда ЕЧЛда зафар қучишган: биринчиси, яъни, Хоселу «Бавария»га қарши ярим финалнинг жавоб учрашувидек мураккаб баҳсда дублга эришди, иккинчиси - Дани Карвахаль эса ҳал қилувчи беллашувда «Боруссия Дортмунд» дарвозасига ғалаба келтирган голни урганди.
Тўхтанг, қанақа қариндошлар? Гап шундаки, ҳимоячи ва ҳужумчи эгизак қизлар билан турмуш қуришган ва бир-бирларига божа бўлишган!
Хоселу терма жамоадан йироқ бўлган даврида Мелани Канисаресга уйланган
Уларнинг камтарона никоҳ маросими 2016 йилда бўлиб ўтган. Тадбирда фақат келин-куёвнинг энг яқин қариндошлари иштирок этишган. Ўша даврда ҳужумчи «Реал»дан жуда олисда эди: «Сток Сити» ўйинчиси ижара асосида «Депортиво» сафида тўп сурарди. Икки мавсумда 10та гол урган ҳужумчи «Қизил Фурия»дан чорлов олишини ҳатто хаёлига ҳам келтирмаганди.
Жуфтлик 10 йилдан кўпроқ вақт давомида бир ёстиққа бош қўйиб, ҳозир Лео ва Лукас исмли ўғлонларини тарбияламоқда. Хоселу ўз рафиқасини севади ва жуда ҳурмат қилади, ўнг оёғидаги хавфсизлик қалқонида отасининг, чап оёғида эса онаси, рафиқаси ва фарзандларининг суратлари бор.
Турмуш ўртоғини мунтазам равишда қўллаб-қувватлашга одатланган Мелани «Реал»нинг 2023\2024 йиллар мавсумидаги муҳим учрашувларини бевосита «Сантьяго Бернабеу»да томоша қилди. «Раҳмат, «Реал»! дунёдаги энг яхши клуб, бизнинг уйимиз ва оиламиз. Мадридист бўлиш - бахт» деб ёзди Мелани ижтимоий тармоқларга жойлаган Европанинг энг нуфузли клуб соврини суратининг остига.
Карвахаль билан Дафнанинг тўйини келин ва унинг синглиси ташкил этишди
Дани Карвахаль Дафна Канисарес билан 2022 йилнинг июнь ойида никоҳдан ўтди. Тўй маросими Сеговиядаги францисканлар монастирида бўлиб ўтди, уни опа-сингил эгизаклар уюштиришди: улар бу соҳа билан ўзларига тегишли Blue Weddings агентлигида профессионал даражада фаолият юритадилар. Карвахалнинг тўйи Хоселуникига нисбатан анча дабдабали ўтди. Унда Тибо Куртуа, Марко Асенсио, Федерико Вальверде, Лукас Васкес, Начо Фернандес ва ҳатто «Реал» директори Эмилио Бутрагеньолар меҳмон бўлдилар.
Дафна Дани билан 2018 йилда танишишганди. Бу жуфтлик ҳам 2 нафар ўғлонлар - Мартин ва Маурони тарбияламоқда. Опа-сингил Канисареслар сулоласида келажаги порлоқ футбол жамоаси шаклланмоқда! Бўлажак турмуш ўртоғи билан танишгунга қадар, Дафна болалигидан орзу қилиб келган модель мақомида фаолият юритди, заргарлик брендлари билан ҳамкорлик қилди, либослар рекламаси ва уларни намойиш этиш билан шуғулланган. Моделлик фаолиятини 2020 йилда, Мартин туғилганидан кейин якунлаган. Ҳа, айтганча, Дафна ва Мелани 1990 йилнинг 30 май санасида таваллуд топишган. Хуллас, 32 ёшли Карвахаль эгизаклардан 2 ёшга кичикроқ, Хоселу эса уларнинг тенгдоши.
Опа-сингилнинг отаси - «Реал»нинг кекса мухлисларидан бири. У ўз набираларини «Кастилья»га топшириш ниятида!
Қизларининг танловидан энг кўп мамнун бўлган инсон - уларнинг отаси Луисми. Канисарес ота ўзини Гиннес рекордлар китобидан жой олишга ҳақли, деб ҳисоблайди. Чунки у «Реал» ва Испания терма жамоасида ўйнайдиган 2 нафар футболчининг қайнотаси бўлган ягона инсон.
«Агар қизалоқларим «Атлетико» футболчилари билан учрашганларида, у йигитларга мен билан тил топишиш осон бўлмасди. Қизларим - мадридистлар, мен эса уларнинг бахтиёр муҳитда ҳаёт кечиришларига масъул бўлган отаман. «Реал» эса - чинакам бахт!» - дейди Луисми мамнунлик билан. Эътибор бердингизми, мухлис отанинг эътирофи сал аввалроқ ЕЧЛдаги ғалабадан кейин Меланининг ижтимоий тармоқлар орқали баён этган самимий дил изҳори билан жуда ўхшаш. Отанинг тарбияси яққол сезилиб турибди.
Шунингдек, агар набиралари профессионал даражада футбол ўйнаш ниятида бўлишса, уларни «Реал» мактабига жойлашга Луисми бобо ваъда берди. Шундай экан, «Кастилья» мураббийларидан сергаклик талаб этилади: 4 нафар бўлажак футболчи деярли мактаб остонасида!
Энди куюнчак қайнотанинг ўз куёвларига таърифи билан танишинг: «Хоселу - нобакор! Яхши маънода, албатта. Оилада у етакчи ҳазилкаш, майдонда мафтункор ўйинчи. Ҳаммамиз уни жуда яхши кўрамиз. У «Реал»га ҳақли равишда қайтди, бу учун доимо курашди ва ёнимизда бўлди. Ҳатто Германияда ўйнаб юрган даврида ҳам. Дани эса анчайин жиддий йигит. У ўз рационини ўзгартириб, мушакларидаги муаммолардан фориғ бўлди ва ишончли ҳимоячи даражасига кўтарилди. У бизондек бақувват, ўнг қанотда ундан кучлироқ ҳимоячи йўқ».
Эҳ, Луисми, Луисми, Хоселу Қатарнинг «Ал-Гарафа» клуби билан шартнома имзолагани уни қаттиқ ранжитганига шубҳа йўқ. Ҳа, Карвахаль ва Хоселунинг клубдаги ҳамкорлиги ниҳоясига етди, лекин терма жамоада улар ҳамон ёнма-ён тўп суришмоқда. Мелани ва Дафнада эса Евро-2024 турнирининг бош соврини билан олинган фотосурат ҳозирча, йўқ!
С.РАҲМОНОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).