Маълумки, нафақат Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси (МТРК), балки исталган бошқа мамлакат телевидениеси муаллифлик ҳуқуқи нормаларига амал қилишга мажбур. Айниқса, ўша мамлакат бу борада турли ташкилотларга аъзо бўлса, талаблар янада қаттиқлашади. Ўзбекистон муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиб келаётган қатор халқаро ташкилотлар, чунончи, ЮНЕСКО, Жаҳон интеллектуал мулк ташкилоти (ЖИМТ), Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) билан турли йўналишларда халқаро ҳамкорликни амалга ошириб келмоқда.
Жумладан, Ўзбекистондаги мазкур ҳолат нафақат ЮНЕСКО, ЖИМТ, ЖСТ, балки Ўзбекистон Республикаси Интеллектуал мулк агентлиги ва бошқа тегишли идоралар томонидан назорат қилинади. Яқинда қабул қилинган қарорга кўра, МТРКнинг “Спорт” канали эндиликда Европа миллий чемпионатларидан Англия, Испания ва Италия биринчиликларининг трансляцияси ҳуқуқини қўлга киритмагунича намойиш қилмайди. Бунинг учун МТРК тегишли ташкилотлардан телетрансляция ҳуқуқини сотиб олиши талаб этилади.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2003 йилдаги “Спорт” телеканалини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорини спорт мухлислари томонидан хурсандчилик билан кутиб олдинди. Қарор ижроси ўзини кўп куттирмади ва 2004 йилнинг илк кунидан бошлаб “Спорт” телеканали эфирга узатила бошланди. Канал бир қатор студиялардан иборат бўлиб, улар орасида “Трансляция ва сунъий йўлдош орқали олиб кўрсатиладиган дастурлар студияси” (ТСЙОКДС) алоҳида ўрин тутади. Қайд этиш керак, мазкур студия канал эфир соатларининг катта қисмини қамраб олади. Бироқ шуни унутмаслик керакки, ТСЙОКДСнинг фаолияти бевосита муаллифлик ҳуқуқи билан боғлиқ. Трансляцияларнинг асосий қисми хорижий компаниялар билан ҳамкорликка қараб қолгани сабабли канал муаллифлик ҳуқуқи нормаларига деярли ҳар куни дуч келиши табиий.
Бу борада МТРК секин-аста қамров доирасини кенгайтириб бораётгани сир эмас. Мисол сифатида компаниянинг сўнгги жаҳон (2010 йил, ЖАР) ва Европа (2008 йил, Австрия ва Швейцария, 2012 йил, Украина ва Польша) чемпионатлари ўйинлари трансляция ҳуқуқини сотиб олганини кўрсатиш мумкин. Шунингдек, Ёзги ва Қишки олимпиада ўйинлари трансляцияси ҳам МТРК томонидан муаллифлик ҳуқуқи меъёрлари асосида қўлга киритилди. Аммо яна бир қатор мусобақалар борки, компания мазкур турнирлар телетрансляцияси ҳуқуқини босқичма-босқич қўлга киритишни мақсад қилган. Улар орасида “Спорт” телеканали эфир соатларининг энг катта қисмини ташкил қиладиган, шунингдек, кўпчилик кузатиб борадиган Европа миллий чемпионатлардир.
“Спорт” телеканали бугунга қадар Европа миллий чемпионатлари трансляцияси ҳуқуқини қўлга киритмаган. Лекин канал мухлислар талаби ва истакларидан келиб чиқиб Европа яшил майдонларида бўлиб ўтадиган қизиқарли учрашувларни имкон қадар эфирга узатишга ҳаракат қилди. Бу борада “Спорт” канали жаҳоннинг кўплаб мамлакатлари телеканалларини ҳам ортда қолдиргани ҳолда, ўзи истаган ва мухлислар учун қизиқарли бўлган ўйинларнинг барчасини намойиш қилиб келди. Гарчи сифат борасида трансляциялар мақташга арзигулик бўлмаса-да, канал ўз имконияти даражасида аудитория талабини қондиришга интилди. Аммо бу жараён узоқ давом этиши мумкин эмасди. Эртами-кечми, МТРК мазкур ҳолатга барҳам бериши ва трансляция ҳуқуқини қўлга киритиши талаб этиларди.
“Спорт” канали Англиянинг “Advisers Media Internatioanal” (AMI) ҳамда “Eurasian Broadcasting Enterprise LTD” (EBEL) компанияларига тегишли бўлган ҳуқуқдан фойдаланиб келди. AMI Англия Премьер-лигаси ўйинлари телетрансляция ҳуқуқига эгалик қилса (2011/2012, 2012/2013), EBEL бу борада Италия “А” серияси ва Испания BBVA лигаси (2012/2015) ўйинларининг айрим давлатлар учун телетрансляция ҳуқуқини қўлга киритган. Компаниялар веб-сайтида ёзилишича, уларга тегишли ҳуқуқдан фойдаланиш учун Арманистон, Беларусь, Грузия, Молдова, Озарбойжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ҳамда Ўзбекистон каби мамлакатлар бевосита компаниянинг ўзи билан музокара олиб боришлари керак бўлади.
МТРК “Спорт” телеканали билан боғлиқ бўлган трансляция масалаларини айнан Европа миллий чемпионати ўйинларидан бошлашга қарор қилган кўринади. Боиси каналда Европанинг бир қатор миллий чемпионати ўйинлари трансляцияси тўхтатилди. Аммо кўринишидан Европа Чемпионлар лигаси, Европа лигаси, шунингдек, Россия, Франция, Германия каби чемпионатлар трансляцияси борасидаги ишлар кейинги босқичда кўриб чиқилади. Сабаби мазкур мусобақалар трансляцияси ҳозирча тўхтамаган. Бундан шундай хулосага келиш мумкинки, энг қизиқарли ва керакли бўлган мусобақаларнинг трансляция ҳуқуқини МТРК босқичма-босқич сотиб олишга ҳаракат қилади.
Умуман, МТРК илк эътиборни энг кучли 3та лигадан бошлагани мантиқан тўғри. Зеро айнан мазкур лигалар трансляциясига бўлган талаб жуда катта ва қаттиқ назорат қилинади. Шу боисдан муаллифлик ҳуқуқи меъёрларига амал қилмаслик нафақат канал, балки мамлакатнинг халқаро майдондаги обрўсига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Масалан Англия Премьер Лигаси (АПЛ) ўйинлари трансляция ҳуқуқини 200га яқин мамлакат сотиб олади. Унинг умумий аудиторияси 5 миллиард киши деб олинишининг ўзиёқ, Англия миллий чемпионати нуфузини кўрсатиб турибди. Мазкур рақамлар орасида Ўзбекистондаги аудитория ҳам ҳисобга олингани катта эҳтимол. Демак, “Спорт” канали АПЛ ўйинларини намойиш қилишини тегишли халқаро ташкилотлар яхши билишади.
Ўзбекистонда ЖСТга аъзо бўлишга тайёргарлик жараёни учун алоҳида ишчи гуруҳ тузилган бўлиб, у мамлакат ҳудудида муаллифлик ҳуқуқи меъёрларини амалга ошириш механизмларини ҳам кузатиб боради ва бу борада Ҳукуматга тегишли тавсиялар беради.
“Спорт” канали билан боғлиқ вазият юзасидан халқаро ташкилотлар кўринишидан ҳозирга қадар кескин қарор қабул қилишмаган. Ўз навбатида, ЎзМТРК ва умуман, Ўзбекистон ҳукумати ҳам кескин чора кўрилишини кутиш ниятида эмас.
“Спорт” телеканали еврофутбол ихлосмандларининг талабини қондириш учун ҳаминқадар ҳаракат қилди ҳамда “Al-Jazeera”, “Eurosport”, “Россия-2” каби каналлар трансляциясидан фойдаланди. Бироқ бунда сифат ва тўлақонли трансляция кафолатланмайди. Сигнал баъзан жуда ёмон бўлиши ёки узилиб қолиши ҳоллари кўп кузатилади. Бундан ташқари жонли эфир жараёни режиссёрлар учун бош оғриқ бўлиб, улар ўйинни бошлаб берадиган ҳакам ҳуштаги ва финал ҳуштагига тақаб трансляция тақдим этишади. Боиси жонли эфирда сигнал қабул қилинаётган канал бошқа кадрга ёки рекламага ўтиб кетиши катта эхтимол. Шундай вақтлар бўлганки, муҳим ўйинларни Россия ёки Қозоғистоннинг бирорта канали намойиш эта олмаган бир вақтда “Спорт” телеканали тоза интершум билан ўша учрашувни жонли равишда эфирга узатган. Яъни, ўзбекистонлик футбол мухлисларининг талаб ва истаклари ҳурмати канал таваккал қилишга мажбур бўлган.
Юқорида номлари кўрсатилган AMI ҳамда EBEL компаниялари билан ҳамкорлик ҳуқуқий жиҳатдан йўлга қўйилса нафақат трансляция сифати, балки уларнинг шарҳлари ҳам сезиларли равишда яхшиланади. Жамоаларнинг ечиниш хонасидан чиқиб келишидан тортиб, улар майдонни тарк этгунларига қадар бўлган вазиятлар бемалол намойиш этилади. Айни вақтда МТРК мазкур вазият юзасидан музокарага киришишга тайёргарлик кўраётгани катта эҳтимол. Бу, биринчи навбатда, канал эфир соатлари вақтининг сифатли тақсимланишига замин яратса, иккинчи томондан халқаро келишувлар талабига тўлалигича жавоб беради.
Россиянинг “НТВ+” канали АПЛ ўйинлари трансляцияси ҳуқуқини 2 йил деганда қайтариб олишга муваффақ бўлгани хеч кимга сир эмас. Унга кўра, мазкур канал навбатдаги уч мавсум (2013/14, 2014/15 ва 2015/16) давомида Англия чемпионати ўйинларини намойиш қилади. Режага кўра, канал 1та мавсумнинг 220 дан ортиқ ўйинини олиб кўрсатишни режалаштирган. Россия телеканаллари орасида рақобатнинг кучли эканини инобатга оладиган бўлсак, бу “НТВ+” учун катта ютуқ эканини тушиниш мумкин. Ўзбекистон шароитида эса, фақатгина МТРК бу ҳуқуқни қўлга кирита олади. Трансляция ҳуқуқини сотиш борасида AMI, EBEL каби компаниялар камида 5-6та пакет таклифи билан чиқишлари катта эҳтимол. Янги босқичга эндигина кириб келаётган ЎзМТРК учун энг камтар пакет ҳуқуқини қўлга киритиш ҳам катта ютуқ. Бу билан футбол мухлислари тоза интершумга эга бўлган сифатли ҳамда кафолатга эга трансляциялардан баҳраманд бўлишади.
Шу ўринда савол туғилиши табиий: “Спорт” телеканали ОФК тасарруфидаги мусобақалар трансляцияларини қандай қўлга киритади? Яхши биласизки, ОФК бир неча йилдан бери “World Sport Group” (WSG) компанияси билан ҳамкорлик қилиб келади. Яъни, ОФК тасарруфидаги барча мусобақаларнинг финал босқичи телетрансляцияси ҳуқуқи бевосита WSGга тегишли. Масалан Осиё чемпионлар лигаси (ОЧЛ). Табиийки, WSG ОЧЛда жамоаси иштирок этадиган барча малакатга ўз техникаси билан етиб бора олмайди. Шу сабабли компания Ўзбекистон ҳудудидаги ўйинларни сунъий йўлдошга узатиш учун МТРК техникасидан фойдаланишга мажбур. Демак, ўртада ўзаро бартер юзага келади ва маҳаллий канал чемпионлар лигасининг Ўзбекистондан ташқарида бўладиган ўйинларини ҳам трансляция қилиш ҳуқуқини қўлга киритади.
“Спорт” телеканали ва умуман, МТРК мухлислар талаб ва истакларини хурмат қилгани ҳолда, ўз имконияти даражасида фаолият олиб боради. Бироқ халқаро ўйинлар трансляцияси мураккаб масала ва унинг ҳуқуқини қўлга киритиш ҳазилакам маблағни талаб қилмайди. Мен кучли учлик миллий чемпионати ўйинларининг трансляцияси тўхтатилганини олдинга қадам деб баҳолаган бўлардим. Муаллифлик ҳуқуқи қачон ва қай тариқа қўлга киритилиши бизга қоронғу. Муҳими, МТРК раҳбарлари масаланинг нечоғли аҳамиятли эканини яхши тушуниб туришибди ва ишонамизки, бу борада олдинги силжиш албатта бўлади. Агар компания трансляция ҳуқуқини босқичма-босқич қўлга киритадиган бўлса, бу футболга бефарқ бўлмаган барча-барчанинг бирдек ютуғи ва қувончига айланади. Мухлислардан талаб қилинадигани эса озгина сабр ва ишонч. Янги мавсумдан бошлаб сифатли ва ишончли трансляциялар шоҳиди бўлишга умид билдириб қоламиз.
Диёр Имомхўжаев.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).