Ўзбекистонлик илғор дарвозабонлар мураббийи Денис Иванков фаолияти давомида терма жамоаларимиз ва кўплаб клубларимизда ишлаган. Sports24.uz сайти ижордкорлари яқинда тажрибали мутахассисни суҳбатга тортиб, дарвозабонларни ўйинларга тайёрлашдаги ўзига хос жиҳатлар ҳақида гурунглашишди.
- Қизиқ, нега айнан дарвозабонлик йўналишини танлагансиз? Зеро, барча болалар футболда ҳужумчи бўлиш ва гол уришни хоҳлашади...
- Болалигимда отам қўл остидаги машғулотларга кўп борардим. Ўша вақтдаёқ менга дарвозабонлар қўлқопини кийиб, машғулотларда айнан киперлар ҳаракатини томоша қилиш ёқарди. Улғайган сари дарвозада туриш иштиёқи кучайди. Тўғри, кўча футболида, дейлик, маҳаллада ўйнасак, кўпинча аксарият болалар каби ҳужумда тўп сурардим.
- 18 ёшингизда Нукусга борган ва «Аралводстроевец» клубида ўйнагансиз. Тошкентда улғайган болакайда Нукус варианти қандай юзага келганди?
- Синфдошим Даврон Досумов ўша клубда ўйнарди. Эсимда, 1990 йилги мавсумнинг биринчи давраси якунида Даврон жамоага дарвозабон кераклигини айтди ва Нукусга бориш-бормаслигимга қизиқди. 18 ёшли йигитман, дарҳол, боришга қарор қилдим. Онам Нукусга кетишимга қарши чиққанида, уни отам тинчлантирганди: «Хавотир олма, тезда қайтади». «Аралводстроевец»га борганим билан асосий таркибда ўйнадим, ўша вақт 1994 йилги Осиё ўйинлари ғолиби Бердах Алланиязов билан рақобатлашгандим.
- Отангиз Александр Иванков мураббийликда анча самарали ишлаган. Уни қандай эслайсиз?
- Тартибли ва ростгўй, ҳақиқатпарвар инсон сифатида. Отам қаерда ишлаган бўлса, ҳамиша ўзидан яхши ном қолдирган. Ҳозир у билан бирга ишлаган фахрийлар билан гаплашиб қолсам, фақат яхши хотиралар билан ёдга олишади.
- Ўзи дарвозабонлар мураббийи ролида ишлаш истаги қачон туғилган? Футболчилик фаолиятингиз давом этаётган вақтдами ёки қўлқопларингизни михга илганингиздан кейин?
- Футболчилик фаолиятимни тугатганимдан кейин. Орада бир муддат Ўзбекистонда яшамадим ва футболдан узоқлашдим. Қайтганимда, отам «Кимёгар»да ишларди, унга Григорий Цейтлин ёрдам берарди. Бир куни улар дарвозабонлар билан ишлаб кўриш таклифини ўртага ташлашди. Шундай қилдим ва бу ёқди. Яна ярим йилдан кейин Баҳром Давлатов «Машъал» академиясига чақирди, шу тариқа дарвозабонлар мураббийи ролидаги тўлақонли фаолиятим бошланиб кетди.
- Қўл остингизда ишлаган энг кучли 3 нафар дарвозабонни айта оласизми?
- Элдор Суюнов, Санжар Қувватов ва Ўткир Юсупов. Санжар ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида қатнашди, Элдор кўплаб ўйинларда миллий жамоа дарвозасини қўриқлади. Ўткир эса анчадан буён миллий терманинг биринчи рақамли кипери. Мана, у ЖЧ-2026 йўлланмаси қўлга киритилишига катта ҳисса қўшди. Албатта, бу йигитлар учун хурсандман.
- 2018 йили берган интервьюингизда Ўткир Юсуповда бир қатор камчиликлар борлигини айтгандингиз. У ўша камчиликлардан қачон қутулди?
- Менимча, «Фулад»га ўтганидан кейин яққол ўсди, камчиликларини бартараф этди. Биламан, у Эрон клубида италиялик дарвозабонлар мураббийи қўл остида шуғулланади. Ўта кучли мутахассис, машғулотлари ҳам қизиқарли. Қисқаси, Юсупов Эронда катта силжишга эришди ва энди олдингидек қўпол хатоларга йўл қўймаяпти.
- Сўнгги 10 йилни олсак, дарвозабоннинг футболдаги роли нечоғли ўзгарди?
- Аввало, киперлар учун талаблар кескин ўзгарди. Тўғри, дарвозабон ҳозир ҳам биринчи навбатда, тўпни қайтариши ва жамоасини голдан қутқариши керак. Шунинг баробарида у эндиликда охирги ҳимоячидек ўйнашни ҳам билиши шарт. Замонавий футболда жамоа ҳужумини кўпинча айнан дарвозабон бошлаб бермоқда.
- Қайси ёш дарвозабонлар 3-4 йилдан кейин миллий жамоа даражасида ўйнашлари мумкин?
- Отабек Боймуродов, Никита Шевченко ва Эдем Немановни алоҳида кўрсатишим мумкин. Лекин ҳеч қайси ёшлар термаларида ўйнамай, ўз потенциалини кечроқ намойиш этадиган дарвозабонлар ҳам чиқишади. Бунга ишончим комил.
- Эшитишимизча, «Реал»нинг украиналик дарвозабони Андрей Лунинни яқиндан танийсиз. У қандай кипер ва инсон?
- Андрей - топ-дарвозабон, яхши йигит. Ҳа, у билан танишман. Агар қандайдир саволи бўлса, бемалол мурожаат қилади. Агар менда савол туғилса, унга ёзаман. Масалан, яқинда баъзи жиҳатлар юзасидан ёзишдик. Муҳими, Андрей оилапарвар йигит ва жуда яхши инсон.
- Барча даврларнинг украиналик энг яхши 3 нафар дарвозабони...
- Украинадан ҳамиша кучли киперлар чиқишган. Агар замонамизни олсак, Александр Шовковский, Анатолий Трубин, Андрей Лунин ва Георгий Бушчан каби дарвозабонлар бор. Собиқ иттифоқ даврида эса Евгений Рудаков, ака-ука Чанов, Сергей Краковский каби яхши киперлар ўйнашган. Оддий айтганда, Украина футболи доимо кучли дарвозабонлар мактаби билан ажралиб турган.
- Амалдаги жамоангиз «Нефтчи» Суперлига биринчи даврасини 2-ўринда якунлади. Мавсумнинг иккинчи қисмида пешқадам «Насаф»дан ўзиб кета оласизларми?
- Албатта, «Нефтчи» билан чемпион бўлмоқчиман. Табиийки, бунинг учун фақат «Насаф» эмас, балки барча рақобатчилардан тепада бўлишимиз керак. Умуман, бу йил чемпионлик учун кураш роса қизиқарли тус олиши тайин.
- Суперлига биринчи даврасида дарвозабонлар ижросида кўплаб қўпол хатолар кузатилди. Сизнингча, бунга тўп сабабми ёки бошқа омиллар бор?
- Менимча, хатолар тўпга боғлиқ эмас. Чунки танланган тўп яхши, сифатли. Балки ҳамма ҳам тўғри ишламаётгандир, негаки, хатоларда руҳий ҳолатнинг таъсири катта. Иккинчи даврада барча дарвозабонларга омад, уларнинг имкон қадар камроқ хато қилишларига тилакдошман.
Ф.ФАЙЗИЕВ суҳбатлашди