Мамлакатимизда амалий ташриф билан бўлиб турган Америка Қўшма Штатлари Президентининг глобал шерикликлар бўйича махсус вакили Паоло Замполлини Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси ҳамда Ўзбекистон футбол ассоциацияси раҳбарияти иштирокида Олимпия шаҳарчаси ҳамда Миллий футбол марказига ташриф буюрди.
Ўзбекистон Президентининг ташаббуси асосида бунёд этилган Олимпия шаҳарчасига ташриф буюрган Паоло Замполлини шаҳарча ҳудудидаги муҳташам спорт иншоотлари билан яқиндан танишди.
Халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берувчи Олимпия шаҳарчасида келгусида нуфузли спорт мусобақаларини ўтказиш имконияти ҳамда Ўзбекистоннинг спорт мамлакати сифатида дунёга танилишидаги аҳамиятини юксак эътироф этди.
Шунингдек, Давлатимиз раҳбари ташаббуслари асосида
Мустақиллик байрами арафасида фойдаланишга топширилган Миллий футбол марказида бунёд этилган стадионлар, ўқув бинолари, спорт заллари билан танишди.
Мажмуада профессионал футболчи ва мутахассисларни тайёрлаш учун ташкил этилган Футбол мутахассисларини тайёрлаш ва илмий-тадқиқот маркази, Футбол терма жамоалари тайёргарлик маркази, Республика футбол академияси, Спорт тиббиёти ва реабилитация марказлари фаолиятини юқори баҳолади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).