Ҳеч қачон табассумини йўқотмайдиган, яхши хулқли, табиатан юмшоқ феъл-атворга эга Пау Кубарси Испания терма жамоасида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга бўлиб олди. Шу билан бирга «Барселона»да ҳам етакчига айланган марказий ҳимоячи энди ҳеч бўлмаганда, кейинги ўн йил давомида «Қизил Фурия» мудофаа чизиғини ишончли тарзда бошқаришга тайёр. Қолаверса, у ўз мақсадларига эришиш учун нималарга эътибор бериш кераклигини жуда яхши тушунади. ФИФА кунлари сабаб Испания Футбол федерациясининг Лас-Росасдаги машғулот базаси «Сьюдад дель Футбол»га ташриф буюрган футболчи Mundo Deportivo нашри ижодкорлари билан учрашиб, уларни қизиқтирган бир қатор саволларга жавоб қайтарди.
— Яқинда Флик бу халқаро танаффус «Барселона» ўйинчилари учун фойдали бўлиб, уларнинг тикланишига ёрдам беришини айтганди...
— Ҳа, албатта. Негаки биз халқаро танаффусга кетма-кет икки мағлубият орқали йўл олдик. Одатда бундай ҳолат «Барселона» билан жуда камдан-кам ҳолларда рўй беради. Лекин ўйлайманки, ФИФА кунлари барчамизга ижобий энергия олиб келади. Хуллас, ҳаммаси ортда қолди. Энди олдинга қараб интилишимиз ва майдонда боримизни бериш учун жамоа сафига янги куч билан қайтишимиз керак.
— Севильядаги мағлубиятдан сўнг ОАВ билан мулоқотда жамоавий бирдамликни тиклаш кераклигини айтдингиз. Ўша вазиятда айнан нимани назарда тутганингизни батафсилроқ тушунтириб бера оласизми?
— Ўтган мавсумда бизни кучли ўйин кўрсатишимизга сабаб бўлган ва ғалаба қозонишимизга имкон берган нарса шу эдики, барчамиз 90 дақиқа давомида бирдам бўлиб ҳаракат қилдик ва рақибга босим ўтказдик. Тўғри, жорий мавсумда ҳам буни амалга ошириш учун қўлдан келганча ҳаракат қиляпмиз, лекин баъзи ўйинларда ўзимиз хоҳлагандек ўйин намойиш эта олмаяпмиз. Ўйлайманки, биз яна ўша динамикага қайтишимиз, ўйинга тўғри ёндашув ва бир-биримизга нисбатан ижобий муносабатда бўлишим лозим.
— Охирги икки мағлубиятдан кейин ўзингиз учун қандай хулосага келдингиз?
— Очиғи муваффақиятсизликларни қабул қилиш ҳамиша қийин. Лекин улардан керакли хулоса чиқариш биз учун фойдали бўлиши мумкинлигини ҳам унутмасик керак. Агар йўл қўйган хатоларимизни тўғри таҳлил қилсак, Чемпионлар лигасида ҳам, Ла Лигадаги муҳим учрашувларда ҳам маълум жабҳаларда яхшиланишимиз мумкин. Назаримда айнан шундай ёндашув келгусида катта ютуқларга эришишимизга ёрдам беради.
— Айрим мутахассислар «Барселона» ҳимоя вакилларининг майдонда жуда олдинга чиқиб кетаётганларини катта таваккал ўлароқ қабул қилишмоқда. Ёки бу клуб фалсафасининг бир қисмими?
— Ханси Флик ва унинг мураббийлар штаби бизнинг ўйинимизга айнан шундай фалсафасини сингдиришмоқда. Мана, ўтган мавсум бунга амал қилдик ва муваффақиятга эришдик. Ўйлайманки, бу йил ҳам худди шу динамикани сақлаб қолишимиз керак. Фақат айрим жузъий камчиликларни бартараф этсак кифоя. Қисқаси, «Барселона» ўз ўйин услуби ва фалсафасига монанд ўйин намойиш этмоқда. Уни ўзгартиришга ҳожат йўқ.
— Ўтган мавсум марказий ҳимояда Иньиго Мартинес билан жуда кучли тандем ҳосил қилгандингиз. Энди эса вазият бироз бошқача. Айтингчи, Иньигони соғиняпсизми?
— Иньиго шунчаки майдондаги ўйинчи эмас, балки ижтимоий ҳаётда ҳам ҳақиқий сардорлардек эди. Айтиш керак, унинг менга кўрсатган ёрдами ўлароқ бугунги даражага эришдим. Тўғри, жорий мавсум Мартинессиз қийин бўлади, лекин бизда Эрик Гарсия, Андреас Кристенсен ҳамда Рональд Араухо каби аллақачон юқори савияда ўйнай олишларини кўрсатган ажойиб марказий ҳимоячилар бор. Эндиликда улар билан бир-биримизни қўллаб-қувватлаган ҳолда майдонда боримизни беришга ҳаракат қиляпмиз.
— Кўпинча марказий ҳимоянинг чап томонида ўйнашингизга тўғри келмоқда. Бу сиз учун ноқулайлик туғдирмайдими?
— Очиғи, болалигимдан ўнгда ўйнашга кўпроқ одатланганим боис бу чизиқ менинг табиий профилим, десам ҳам бўлади. Лекин марказий ҳимоянинг чап томонида тўп суриш ҳам мутлақо безовта қилмайди. Умуман олганда, жамоа муваффақиятларига ҳисса қўшишим мумкин бўлган исталган позицияда ўйнашга тайёрман. Агар мураббийлар мени қаерда синаб кўришни исташса ҳам зиммамга юклатилган вазифани сидқидилдан бажаришга ҳаракат қиламан ва ҳар доимгидек боримни бераман.
— Ханси Флик сиздан етакчилик нуқтаи назаридан яна бир қадам ташлашингизни хоҳлашини айтди. Қизиқ, эндигина 18 ёшдасиз, лекин у аллақачон сиздан ушбу масъулиятни сўраяпти... Бунга ўзингиз қандай муносабатдасиз?
— Мутлақо қўшиламан. Ахир мен «Барселона»да ўйнаяпман ва бу ерда ёш ҳеч қандай аҳамиятга эга бўлмаслиги керак. Шу боис бош мураббийимиз талаб қилаётгандек, жамоадошларимни руҳлантира олишим ҳамда майдонда боримни бера олишим лозим.
— Октябрь охирида барчамизни ўзига хос ўйин — «Эль Класико» кутмоқда. Бундай ўйинларни, айниқса, «Сантьяго Бернабеу»да ўтказиш жуда қийин...
— Мадридда «Реал»га қарши ўйнаш ҳар доим ўзгача ҳаяжон бахш этади. «Барселона» тизимида тарбияланаётган ҳар бир футболчи борки, вақти келиб «Эль Класико»да ўйнашни орзу қилади. Чиндан ҳам «Бернабеу»да ўзига хос аура ҳамда қайноқ атмосфера бор. Гарчи менда ҳали «Камп Ноу»да ўйнаш имконияти юзага келмаган бўлсада, «Реал» майдонида ажойиб энергияни ҳис қилиб улгурганман. Умид қиламанки, бу галги тўқнашув ҳам ўтган йилги анъанага мувофиқ «Барселона» фойдасига ҳал бўлади. Бунинг учун боримизни берамиз.
— Мбаппе ҳақида тўғридан-тўғри сўрамайман, лекин машғулотларда доимо Ламинга тўқнаш келадиган футболчи сифатида айтингчи, кимни тўхтатиш қийинроқ — Мбаппе ёки Ямал?
— Иккаласини ҳам. Улар майдонда исталган ишни қилишлари мумкин. Ямал ҳам Килиан ҳам жудда чаққон ўйинчилар ва ўз жамоаларининг чинакам етакчиларидир.
— «Барселона» футболчиси бўлиш ва машҳурлик сизга қандай таъсир ўтказди?
— Албатта, ҳаётимда жуда кўп нарса ўзгариб кетди. Лекин асосийси ўзлигимни йўқотмадим. Мен ҳали ҳам ўша камтар йигитман ва кўпроқ уйда — оилам даврасида бўлишни яхши кўраман. Кўчадан саргузашт қидирмайман.
— Демак ортиқча муаммоларга дуч келадиган одам эмассиз?
— Албатта (кулади).
— Келинг, терма жамоа ҳақида ҳам бироз суҳбат қурамиз. Бугунги кунда «Қизил Фурия»даги вазифангиз «Барса»дагидан бироз фарқ қилади. Бунга ўзингиз қандай муносабатдасиз?
— Зиммамга қандай вазифа юклатилмасин, қандай позицияда тўп суришимдан қатъий назар терма жамоада ўйнаш ҳамиша ғурур ва ифтихор бағишлайди. Мен бу ерда ҳар доим юз фоиз куч билан меҳнат қиламан. Агар мураббийлар ўйнаш имкониятини беришса, жамоага ёрдам бериш ва бирдамлик муҳитини яратиш учун қўлимдан келганини қиламан. Тўғри, терма жамоада «Барселона»дагидек у қадар юқори ҳимоя чизиғи билан ўйнамаймиз, лекин талаблар деярли бир хил.
— Бундан ташқари, терма жамоа таркибида «Барса»даги кўплаб жамоадошларингиз бор. Бу ҳам майдондаги жараённи осонлаштирса керак?
— Албатта. Ҳар куни машғулот ўтказаётган йигитлар билан майдонга тушсангиз ҳамма нарса осонроқ ва табиийроқ чиқади.
— Бир вақтлар Дин Хейсен ва сизни Испания термасининг келажаги сифатида таърифлашганди...
— Очиғи мен буни масъулият сифатида қабул қиламан. Тўғри, ҳар кимнинг ўз йўли бор. Иккаламиз ҳам ёшмиз, ўсиб бормоқдамиз ва кундан-кунга ривожланишга ҳаракат қиламиз. Лекин ўйлайманки, иккимиз ҳам барчасини тўғри бажаряпмиз. Агар тақдир бизга узоқ вақт бирга ўйнаш имкониятини берса, жуда ажойиб бўларди.
Хуршид ЮСУПОВ тайёрлади
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).