|
ЖАВОБ: Агар авторга алоҳида қизиқишим бўлмаса, одатда архив мақолаларни ўқимайман. Сизнинг саволингиздан кейин, атайлаб ўқидим.
Сўнгги бобга умуман қўшилмайман. Футболдаги айёрликларни хаёт билан боғлаш ва шу асосда кимнидир мунофиққа чиқариш учун, жуда катта диний билим керак. “Ёлғончилар – мунофиқдир” деган фикрни асос билан айтиш билан, ўшандан асосланиб, кимнидир “мунофиқ” дейиш ўртасида катта фарқ бор. Бунақа фатво бериш ҳаммага ҳам эмас. Етарли диний билимга эга бўлмай туриб, уни гуноҳ, буни савоб дейдиган гуруҳлар туфайли анча жабр чекдик, эсингиздами? Пайғамбаримизнинг (с.а.в) “Уруш хийладир” деган гаплари бор, араблар ўша йиллари душманга қарши бир нечта хийла ва ёлғонларни ишлатишгани тарихдан маълум. Албатта, ўша урушларни бугунги футболга қанчалик мос келиши ҳақида мен хулоса чиқара олмайман. Лекин шу ва шунга ўхшаш воқеалардан келиб чиқиб, бугунги кундаги баъзи уламолар араб футболчиларига бунга рухсат беришган. Рухсат бермаганлари ҳам, ҳар ҳолда, мунофиққа чиқаришмаган. Бу ерда айнан ким ҳақлигини мен ўлчай олмайман, билимим етарли эмас, лекин икки томоннг қайси бирида диний билимлар кўпроқ бўлса, ўшани гапини оламан. Агар ўзимизча, бу қадар чуқур кетадиган бўлсак, шортик кийган футболчиларни “авратни ёпмасликда” ҳам айблайлик? Йўқ, бу иш билан шуғулланадиганлар бор, ва хотиржам бўлингки, ўша араб футболчилари бу масалада керакли одамдан сўрашган, қизиқишган. Ўзларига ҳавола.
Улар бу мақолани ўқимаслигини билиб туриб, улар устидан бунақа жиддий айбловлар қилиш нотўғри. Биринчидан, улар жавоб қайтариш имконияга эга эмас, бу ердаги ўқувчи эса, мақолага ишониб, яна улар ҳақида нотўғри ва қўшимча айбловларга бориши мумкин. Футболчи сифатида уларнинг қилиғидан нафратланиш бошқа, бунга тўла ҳаққимиз бор, лекин уларнинг эътиқодига шубҳаланишни бошлаш умуман бошқа масала. Иккинчидан, эшитгандим, агар бировни мунофиқ десангиз-у, ўша айблов нотўғри бўлса, бу таъриф осмонларга чиқиб кетар экан, эгасини топа олмай, ўзингизга қайтиб тушар экан. Мақола беш йил олдин ёзилганини эътиборга олсак, муаллифнинг фикри ҳозир ўзгаргандир, агар ўзгармаган бўлса, келажакда ўзгаради деб умид қиламан
Жавоб берилган сана: 16.06.2012 18:03
|