|
ЖАВОБ: 1997 йилда Туркия - Уэльс ўйинини бевосита стадиондан кузатганман. Ўйин 6:4 ҳисобида мезбонлар фойдасига ҳал бўлганди. Ўша стадиондаги муҳитдан ҳалигача ҳайратланаман.
Лекин биласизми, орадаги бу фарқни фақат футбол фактори, мухлислар орасидаги фарқ демаган бўлардим. Афсуски, бизда ватанпарварлик пассивроқ даражада, "бу меники" деган туйғулар унчалик намоён бўлмайди. Мана шу жиҳатдан орадаги тафовут футбол томоша қилишда ҳам, футболга мухлислик қилишда ҳам акс этаверади. Улар бизга ўхшаб, "Реал" ва "Барса" деб эмас, "Фенер" ва "Галатасарай" деб тортишишни истайдилар ва бундан фахрланадилар.
Ўшанда автовокзалда бир воқеанинг гувоҳи бўлдим. Харбийга кетаётган бир йигитни дўстлари кузатишди. У йигит биз чиққан автобусда чиқди. Кузатиш маросими жуда дабдаба билан ўтди. Дабдаба деганим, видеога олиш, артист чақириш эмас, ўша солдат ростанам қандай вазифага кетаётганини хис қиладиган даражада катта воқеа бўлаётганини сезиш қийин эмасди. Автобус қўзғалди. 50 километрдан ортиқ узоқлашиб кетдик шахардан. Бир пайт, бир чол солдатга имо қилиб, "ановилар сени чақиришяпти" деди. Ойнадан қарасак, ўнлаб енгил машиналарда ёшлар, ойнадан таналарини чиқариб олган (бизда 25 майда ялтироқ-қизил шим кийвоган болалар, бир ишни дўндиргандек юришади-ку, ўшандек) ҳолда давлат байроғини хилпиратиб, бақир чақир қилиб кетишаётганди. Яна 100 километрга шунақа қилиб боришди. Мен ўшанда қаттиқ таъсирлангандим.
Йўқ, мен уларни зўр демоқчи эмасман. Аммо ўз миллатидан фахрланиш ва уни яхши кўришнинг табиий кўриниши кўргандим. Албатта, бизда ҳам бундай ёшлар кўп, бунга ишонаман. Лекин у қадар эмоционал халқ эмасмиз. Бу жиҳат футбол майдонларимизга ҳам кўчганлиги рост. Оёғимизга болта ураётган энг катта иллат - бу бефарқликдир. Ҳеч бўлмаса, ватандош сифатида бир биримизга бефарқ бўлмасак, жипс бўлсак, ҳамма жабҳада қудратли бўлиш мумкин. Қудрат бу - моддий бойлик, дипломатик алоқа, армия ёки замонавий қуроллар эмас, балки, ўзаро жипслик ва аҳиллик деб ўйлайман. Мен бундай давлатни орзу қиламан, агар ичкаридан фитна бўлмаса, ичкаридан ноаҳиллик бўлмаса, ҳеч қайси ташқи куч хавф сола олмайди. Мен футбол ҳақидаям гапирдим, унутманг... Жавоб берилган сана: 24.05.2012 23:04
|