Хамес Родригес. Бу футболчи ҳақида кўплаб маълумотлар билишингиз тайин. Аммо бир нарса аниқки, қуйида эътиборингизга ҳавола этиладиган маълумотлардан бехабарсиз. Демак, бу фактлар сизни беэътибор қолдирмайди.
АСЛ ИСМИ
Футболчининг асл исми Жеймс Дэвид Родригес Рубио бўлиб, у Уилсон Жеймс Родригес Бедолл ва Мария дель Пилар Рубиоларнинг фарзанди ҳисобланади. Отаси Жеймс Бондга ҳавас қилиб, ўғлига шундай исм берган. Бу сўз эса мексиканчада «Ham-EZ» (Хамес) деб талаффуз қилинади.
ДАСТЛАБКИ ҚАДАМ
Хамес фаолиятини «Энвигадо»да бошлаган. У она шаҳри Кукутадан 12 километр узоқликда жойлашган. Мазкур клуб шунингдек, Фредди Гуарин, Дорлан Пабон ва Хуан Кинтеро каби футболчиларни ҳам тарбиялаган.
ДУДУҚЛИК ИСКАНЖАСИДА
Хамес ёшлигида дудуқланиб гапирар, бу эса унга азоб берарди. Натижада футболчи логопед муолажасини олишга мажбур бўлган. Мутахассис унга уятчанликдан воз кечиш кераклигини маслаҳат бергач, у бунга амал қилган ва ортиқча босимларсиз гапиришни ўрганган. Бу эса кейинчалик дудуқланишнинг ўз-ўзидан йўқолиб кетишига сабаб бўлган.
КУМИРЛАРИ
Хамес Родригеснинг ёшликда иккита кумири бўлган. Биринчиси «Капитан Тсубаса» номли япон мультфильмидаги ўйлаб топилган образлардан бири Тсубаса Озорадир. Бу образ Япония учун жаҳон кубогини қўлга киритишни хоҳлаган ва бунга интилган. Шунинг учун ҳам у футболчининг меҳрини қозонган. Хамеснинг иккинчи кумири эса Криштиану Роналду эди. У қачондир бу футболчи билан бирга тўп суришни истарди ва бу нияти амалга ошди.
КАТАЛОНИЯДА ЎЙНАШИ МУМКИН ЭДИ, АГАР...
Хамес ҳеч қачон «Реал»ни «Барселона»дан афзал кўришини сир тутмаган. Ваҳоланки, колумбиялик ўйинчи айни дамда Каталонияда тўп сураётган бўлиши мумкин эди, агар 2010 йилда «Эспаньол»дан тушган таклифни қабул қилганида. Аммо амалда бундай бўлмади ва ҳозир Хамес Каталония клубларининг рақиби ҳисобланади.
ЛАҚАБИ
Хамеснинг лақаби — «El Diez» (№10). Қолаверса, кўпчилик мухлислар уни «El Bandido», яъни «Босқинчи» деб ҳам аташади.
ШАХСИЙ ҲАЁТИ
Хамеснинг рафиқаси Даниэла Оспина колумбиялик посбон Дэвид Оспинанинг синглиси ҳисобланади. Бу жуфтликнинг бир нафар қизи бор, унга Саломея деб исм қўйишган.
ИҚТИДОРНИНГ ЮЗАГА ЧИҚИШИ
2009 йилда Хамес Аргентинада ўйнаб юрган кезларида энг яхши ёш футболчи ва энг яхши тўпурар, деб топилади. Шунингдек, бир йил кейин турнир ғолибига айланиб, энг яхши легионер номини ҳам қўлга киритади. Бразилияда ўтган жаҳон чемпионатида эса 5 та гол уриб, «Олтин бутса»ни қўлга киритганидан хабарингиз бор.
МУҲАНДИСЛИК САРИ
Футболчилик билан бирга Хамес илмий фаолиятини ҳам ташлаб қўйгани йўқ. У айни дамда муҳандислик борасидаги билимларини ошириш билан банд.
БАСКЕТБОЛ
Хамес Родригес футболдан ташқари баскетболга ҳам жуда қизиқади. У таниқли баскетболчи Леброн Жеймснинг ашаддий мухлиси. Улар ўзаро дўст, буни Жеймс футболчини 2014 йилги мундиалдаги тўпурарлиги билан табриклаганидан ҳам билса бўлади.
Низом тайёрлади.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).