«Барселона» клубининг афсонавий ҳужумчиси Роберт Левандовскининг келажаги трансфер бозоридаги энг долзарб мавзулардан бири бўлиб қолмоқда.
Польшалик тўпурарнинг каталонияликлар билан амалдаги шартномаси якунланишига икки ойдан кам вақт қолди, бироқ томонлар ҳалигача уни узайтириш бўйича якуний келишувга эришгани йўқ. Журналист Себастьян Сташевскининг сўзларига кўра, 37 ёшли форвард қарор қабул қилишга шошилмаяпти. У клуб раҳбариятидан келгуси мавсумда жамоадаги роли қандай бўлиши бўйича аниқ сигнал кутмоқда.
Ҳозирги вақтда тажрибали ҳужумчини ўз сафига қўшиб олиш учун Саудия Арабистони клубларида имконият юқорироқ баҳоланмоқда. Қайд этилишича, бу ерда нафақат молиявий шартлар, балки турмуш тарзи ҳам муҳим рол ўйнайди. Хусусан, АҚШ билан солиштирганда вақт фарқининг камлиги ва адаптация жараёнининг енгиллиги футболчининг танловига таъсир қилиши мумкин.
Аввалроқ ОАВда Левандовскининг «Ювентус»га ўтиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар тарқалган эди. Бироқ манбага кўра, А Серия клублари ҳозирда сермаҳсул ҳужумчи учун асосий даъвогарлар ҳисобланмайди.
Маълумот учун, Роберт Левандовски жорий мавсумда «Барселона» сафида барча турнирларда 41 та ўйинда майдонга тушиб, 17 та гол урди ва 4 та голли узатмани амалга оширди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).