14 август куни "Бунёдкор" стадионида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 23 йиллиги муносабати билан “Ягонасан, муқаддас Ватаним, севги ва садоқатим сенга бахшида, гўзал Ўзбекистоним!” шиори остида “Камолот" Ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан “Истиқлол фарзандлари” ёшлар фестивали давомида Ўзбекистон футбол федерациясининг халқаро тоифадаги ҳаками, ФИФА рефериси Равшан Эрматов билан учрашув ва “Камолот кутубхонаси” лойиҳаси доирасида “Юрт ифтихорлари” туркумида чоп этилган “Равшан Эрматов: энг кучли ФИФА рефериси” китобининг тақдимоти ўтказилди. Тақдимот аввалида 300 нафардан ортиқ "Камолот" фаоллари ва ижтимоий тармоқлардан келган турли саволларга Равшан Эрматов жавоб бериб ўтди.
— Ассалому алайкум, азиз ёшлар! "Истиқлол фарзандлари" ёшлар фестивали иштирокчиси бўлиш менга ҳам катта фахр бахш этади. Муҳтарам Юртбошимизнинг "Биз ҳеч кимдан кам эмасмиз" деган гапларининг исботини мен ўз ҳаётим давомида топмоқдаман, — дейди кириш сўзи билан суҳбатни очиб берган Равшан Эрматов.
Шундан сўнг мухлислар, ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари, "Камолот" фаоллари томонидан саволлар берилиши бошланди. Уларнинг айримларини эътиборингизга ҳавола қиламиз.
— Фаолиятингиз давомида ҳозиргача энг ёрқин ва эсда қоларли ўйин қайси?
— Энг эсда қоларли ўйинни ҳеч иккиланмасдан айтишим мумкин. Бу 2010 йилдаги жаҳон чемпионатининг очилиш ўйини. Йоханнесбургда Жаҳон чемпионати бошланишидан аввал бўлган йиғилишда ҳамманинг олдида французчалаб очилиш ўйинини ким бошқаришини эълон қилишди. Аввалига ҳеч ким ишонмади. Иккинчи марта ўқишди: "Ravshan Irmatov, from Uzbekistan", деди. Биз адашиб кетди, деб ўйладик. Аслида хурсанд бўлишимиз, қарсаклар янграши керак эди. Лекин учинчи марта эълон қилинганда ҳеч кимда шубҳа қолмади.
— 2010 йилги Жаҳон чемпионати очилиш учрашувида майдонга чиқиб келаётганингизда нимани ҳис қилдингиз?
— Биз футболчилар билан майдонга чиқиб келаётганимизда, майдон марказига яқин бўлган секторда Ватанимиз байроғининг хилпираб турганини кўриб, бугун қандай бўлмасин бутун дунёга биз ким эканлигимизни ва кимларнинг авлоди эканлигимизни исботлашимиз кераклигини ҳис қилдим. Ўйиндан кейин ҳам, бешта учрашувни бошқариб бўлганимиздан сўнг ҳам бизга ишончсизлик билан қараганлар ҳаммаси ўйиндан ўйинга ўз фикрини ўзгартириб, муваффақиятимиз билан табриклашди ҳамда Германия — Аргентина ўйинидан кейин деярли барча финалга биз муносиб эканлигимиз ҳақида гапира бошлашди. Бизга қарши бўлганларнинг фикрини ўзгартира олганимиз ҳам, ютуқларимиздан бири.
— 2010 йилги Жаҳон чемпионатига ҳакамларни саралаш вақтида сизга бир ФИФА инструктори сизга барибир Жаҳон чемпионатига бормайсан айтган экан. Сиз бу инсонга нима деб жавоб қилгансиз?
— Ҳақиқатдан ҳам 2007 йилда ФИФА қароргоҳида Жаҳон чемпионати учун тестлардан ўтиб юрганимда, жон куйдириб ишлаётганимни кўрган бир ниструктор "Кўп ҳам чиранма, сендан аввал футболи ривожланган давлатларни ҳакамлари бор, улар турганида Жаҳон чемпионатига сенга йўл бўлсин", - деди. Жаҳлим чиққан бўлса-да, билдирмай, ичимга ютиб, "ҳаммасини исботлайман, биз ҳам Жаҳон чемпионатига боришга лойиқ эканимизни кўрсатаман" деб қатъий қарор қилдим ва имтиҳонлардан муваффақиятли ўтиб, 2010 йилги мундиалда бешта учрашувни бошқариб исботладим. У инструктор билан кейинчалик жуда кўп марта учрашдик, лекин мен унга ҳеч нарса деб гапирмайман, у ҳам эсламаслик учун салом-аликдан нарига ўтмайди.
— Биз биламизки, энг зўрларнинг зўригина феномен дея эътироф этилади. Бугунги кунда футбол оламида "Эрамтов феномени" катта воқеалар билан бошланди ва давом этяпти. Бунга муносабатингиз қандай?
— Мухлислар сиз ҳақингизда бундай гапларни гапириши мумкин. Бунақа фикрларга эътибор қаратмасдан, ўз устимда ишлашни давом эттираман. Мен оддий мен инсонман. Агар бундай мақтовларга эътибор қаратиб, ўз устингизда ишлашни камайтирсангиз, эртага муваффақиятсизликка юз тутишингиз турган гап.
— Барчамизга маълумки, сиз яқинда Президентимиз томонларидан "Эл-юрт ҳурмати" ордени билан мукофотландингиз. Айнан ушбу мукофотни олганингизда қандай ҳиссиётларни бошдан кечирдингиз?
— Аввало, бизнинг камтарона меҳнатимизни шундай мукофотга лойиқ кўрганлари учун Юртбошимизга миннатдорчилик билдираман. Ҳар бир спортчи ўз олдига мақсад қўяр экан, энг аввало ўша мақсад сари интилишга, юқори марраларни забт этишга ҳаракат қилади. Мана шу мақсадни амалга оширишда, бундай мукофот билан тақдирланиш спортчига келажакда иштиёқ уйғотади. Мукофот берилгандаги ҳолатни сўз билан таърифлаб бериш қийин. Жуда қаттиқ ҳаяжонландим. Юз минглаб футбол мухлислари қаршисида халқаро футбол мусобақаларини бошқариб ҳам, бунчалик ҳаяжонланмаганман. Юртбошимизнинг бундай эътирофларига сазовор бўлиш — ман учун шараф.
— Сиз дунёнинг энг яхши ҳакамларидан бирисиз. Ҳакамликка қизиқувчи ёшларга қандай маслаҳатлар берасиз?
— Ҳар бир ўйин минглаб мухлислар қаршисида ўтади. Шунинг учун ҳам ҳар бир ҳакам, адолатни шиор қилган ҳолатда майдонга чиқиши керак. Ман ҳар бир ўйиндан қандай ўйин бўлишидан қатъи назар аввал ўз олдимга шундай талаб қўяман: бу мен учун оддий ўйин эмас! Ҳакамлик шундайки, битта хато сизнинг фаолиятингизга нуқта қўйиши мумкин. Футболчилар хато қилса кейинги ўйинда эсдан чиқиб кетар, ҳаттоки Месси ҳам пенальтидан гол уролмаса, кейинги ўйинда гол уриши билан олдинги хатосини мухлислар унутиши мумкин. Лекин, ҳакам хатога йўл қўйиши мумкин эмас. Ҳакамлик сиздан масъулиятли бўлишни талаб қилади. Ўз устингизда ишлаб, масъулият билан ҳар бир ўйинни бошқарсангиз марра сизники.
— Бу йилги Жаҳон чемпионати финалини бошқаришингиз мумкинлиги ҳақида гап-сўзлар бўлиб турган бир вақтда, турли ОАВда сизнинг финал ўйинини бошқаришингизга Аргентина терма жамоаси қаттиқ қаршилик қилди деган миш-мишлар "болалади". Айнан ушбу гап-сўзларга сиз қандай муносабат билдирдингиз?
— Бразилияда ўйинларга тайёргарлик кўриб турган вақтимизда, шундай гап сўзлар борлиги ҳақида интернетдан, айнан ўзбекча сайтлардан ўқиб билдим. Ваҳоланки, Бразилияда бу ҳақда умуман гап-сўз йўқ эди. Кейин ФИФА мутасаддиларига кўрсатиб, шунақа гап-сўзлар юрибди, ростми деб сўрадим. Шунда улар, бу фикрни айтган манба қани дейишди, аргентиналик Эктор Балддассининг фикри эканлигини айтганимда, улар савол беришди: "Эктор Балдасси ким? Бугунги кундаги собиқ ҳакам ва унинг ФИФАга алоқаси йўқ. Агар сен ҳар бир гапга эътибор қилаверсанг, ўсишдан тўхтаб қолишинг ва ўша гаплар билан ўралашиб қолишинг аниқ. ФИФА ҳақида ҳам қанчадан-қанча гаплар гапирилади, лекин биз уларга эътибор бермаймиз, улар билан ҳисоблашиб ўтирсак, мусобақалар бир четда қолиб кетади. Эътибор бермай ишлашда давом эт". Ундай гап сўзлар ҳеч қандай асосга эга эмас ва ФИФА ўйинларга ҳакам тайинлашда ҳеч қайси терма жамоа билан ҳисоблашиб ўтирмайди.
— Муваффақиятга эришишни учта сўз билан таърифлаб бера оласизми?
— Учта сўз билан таърифлаш камлик қилади. Муваффақиятга эришиш учун инсондан тинимсиз изланиш, фидоийлик, ўз ишига садоқат, меҳнатсеварлик талаб қилинади. Шунингдек, омад ҳам бўлиши керак.
— Касбингиз тақозоси билан жуда кўп давлатларда бўласиз. Улардан қайси бири сизга маъқул келган?
— Тўғри, жуда кўп давлатларда бўламиз, кўплаб халқларнинг урф-одати маданияти билан танишамиз. Лекин, ўзимизнинг юртимизга ҳеч нарса тенг келмайди. Биласизми, аввалари мусобақага борганимизда жуда кўпчилик юртимиз ҳақида маълумотга эга эмас эди. Қаерга борсак, ўзимиз билан тарихий шаҳарларимиз ҳақида тайёрланган дискни олиб юрардик ва ҳамкасбларимизга уни қўйиб бериб, Самарқанд, Хива, Бухоро, Тошкент ҳақида уларга сўзлаб бердик. Уларнинг кўпчилиги юртимизга қизиқиб қолди ва 2010 йилги Жаҳон чемпионатидан кейин 100 га яқин ҳамкасбимиз юртимизга меҳмон бўлиб кетди. Уларга тарихий шаҳарларимизни, урф-одатларимизни кўрсатдик. Чет элларда бўлганмизда қандайдир куч бизни Ўзбекистонга тезроқ боришга чақириб туради. Бразилияда ҳам эллик кун бўлган бўлсак, биринчи кундан кун санашни бошлаганмиз. Бизнинг халқимиз муомаласида ўзаро илиқлик бор. Улар бир-бирига ака, ука, синглим, амаким, тоға деб мурожаат қилади. Ишонинг, бундай илиқлик бошқа халқларда йўқ.
— Барчамизга маълумки, мутахассислигингиз иқтисодчи. Ҳисоб-китобни яхши тушнасиз. Ҳаммани қизиқтирадиган савол: Ҳисоблаб чиқдингизми, Эрматов қанча гонорар олди?
— Биласизми, ФИФА билан шартномамизда шундай банд бор: биз гонорар миқдоримизни очиқ айтишга ҳаққимиз йўқ. Агар айтадиган бўлсак, ФИФА бизни жаримага тортади. Шу жойида иқтисодчи эканимни ҳисобга олиб, оилавий бюджетга зарар келтирмаслик учун айтмаганим маъқул (кулади).
— Роналдунинг дўсти унинг машҳур бўлишига ёрдам берган, яъни мураббийлар ёш футболчиларни кўрикдан ўтказаётиб, энг кўп гол урган футболчини академияга олишларини айтади. Шунда Роналдунинг дўсти, дарвозабон билан бирга-бир вазиятда ўзи гол урмай Роналдуга оширади ва Криштиану академияга қабул қилиниб, кейинчалик машҳур бўлади. Ҳозиргача, Роналду ўша дўстини рағбатлантириб туради. Саволим шундай: Сизни футбол вақтида йиқитиб жароҳат етказган ва ҳакам бўлишингизга туртки бўлган инсонни топиб ташккур айтиб, рағбатлантирдингизми?
— Манга жароҳат етказган футболчи кимлигини эслолмайман-ку, лекин ўйинга келмай қолиб, унинг ўрнига мен ҳакамлик қилган ва ушбу касбга қизиқишимга сабабчи бўлган ўша ҳакамни аниқ эслайман.
— Бугунги кунда, ҳукуматимиз, халқимиз эътирофидасиз. Ҳар қадамда сиз ҳақингизда мақтовлар, мухлисларнинг яхши гаплари айтилади. Шуҳрат келиб турган вақтда ўзликни сақлаш, камтарликни ушлаб туриш қийин. Биз эса сизни мана шундай вақтларда ҳам оддийлигини сақлаб қолган инсон сифатида ҳурмат қиламиз. Айнан Равшан Эрматов юлдузлик касалига чалинмаслик учун нималар қилади?
— Аввало, бу нарсага пойдеворни болаликдан қўйиш керак, тарбия муҳим ўрин тутади. Бундан ташқари, мен истисно бўлишим керакмас, балки намуна бўлишим керак деб ҳар доим ўзимга уқтираман. Мен фалончиманку, энди менга фалон истисно бўлиши керак, уни қилмасам ҳам бўлади, буни қилмасам ҳам бўлади деган фикрни миядан чиқариб ташлаш керак. Шундай инсонларни тушунолмайман. Чўққига чиқиш жуда машаққатли, лекин 1 сонияда йиқилиш мумкин. Шунча йил тўплаган ҳурматингизни 1 лаҳзада бой беришингиз мумкин. Шу сабабли мен алоҳида инсонлар тоифасига кириб бўлдим деб ўйлашни бошлаган пайтдан йиқилиш сари юз тутган бўласиз.
— Агар жароҳат олмаганингизда Мессидек футболчи бўлармидингиз?
— Йўқ. Бунга жавобим аниқ, чунки Месси ягона, Месси битта. Қолган футболчилар ҳам иқтидорли, лекин улар ўз меҳнати билан эришган, Месси эса туғма истеъдод. Шунинг учун мен Мессидек бўлолмасдим. Лекин Месси билан майдонда кўп мулоқот қилганмиз. Бир-икки қўпол ўйнаганда оғзаки, инглизчалаб огоҳлантирганман. Гапимни тушунмаганми ё яхши гапга ўрганмаганми, охири сариқ карточка берганимдан кейин ўзини босиб олган (кулади).
— Оилангиздаги аёллар футболга қанчалик қизиқади (Сиз иштирок этмаган мусобақаларни ўз ташаббуслари билан кўришадими)? Аёллар футболига муносабатингиз? Қизингиз шу йўналишни танлаши мумкинлигини тасаввур қила оласизми?
— Аёллар футболи дунёда кенг жадаллик билан ривожланмоқда, буни қўллаб-қувватлайман. Биз футболни бутун оила бўлиб томоша қиламиз, бизнинг оиламизда аёллар жуда яхши тушунишади. Бугунги кунда аёллар орасида ҳатто ҳакамлар ҳам кўпайиб бормоқда. Орангизда бу соҳага қизиқадиганлар бўлса уриниб кўришингиз мумкин. Агар фарзандим истаган соҳасини танлайдиган бўлса, Ота сифатида уни қўллаб-қувватлайман.
— Равшан Эрматов ҳали ёш. Унинг реферилик карьераси анча истиқболли. Бироқ бир неча йилдан кейин, ҳакам истеъфога чиқиши ва ўз ҳакамлигини уйда, телевизор қаршисида қилишига тўғри келиши муқаррар. Ўзбекистонда Равшан Эрматов издошлари борми? Сиз кимларни ўзингиздан кейинги ўзбекистонлик #1 ҳакам бўлишига ишонч билдирасиз? Ўзбекистон футбол реферилари мактаби ҳақида ҳам маълумот берсангиз.
— Мустақилликнинг илк йилларида биринчи марта ҳакамлар мактаби очилди. Шу мактабда йилига 40-50 ёшлар таҳсил оляпти. Ҳозирда ёш ҳакамларда ҳакамлик касбига профессионаллик ёндашув тарзида қараш пайдо бўлган. Бу ёндашув сифатнинг ошиши даражасига олиб келади. Бугунги кунда ҳақиқатдан ҳам кўп ёш ҳакамлар етишиб келмоқда. Шунинг учун алоҳида бириннчи иккинчи ўринга ажратиш мен учун мушкул. Маълумот ўрнида айтиш жоизки, Ўзбекистонлик салкам 30 ҳакам халқаро мусобақаларни бошқариб келмоқда.
— Жаҳон футболида ўйинларга одил ва объектив ҳакамлик қилар экансиз, кўп ўйинчиларни кузатасиз. Сизнингча, ўзингиз ҳакамлик қилган ўйинлардаги қайси жамоа футбол қоидаларини ҳурмат қилиш бўйича энг зўри ва қайси ўйинчини энг интизомли деб айтган бўлардингиз?
— Авваламбор, адолат ота-боболаримиздан биз ўзбек фарзандларининг қонига сингиб кетган. Ўйинларни адолатли бошқаришга ҳаракат қиламиз доим. Германияни энг интизомли жамоа деб айтган бўлардим, чунки яхлит интизомли жамоа ютуқларга эришиши мумкин. Интизом жиҳатдан ҳам айнан германиялик ўйинчиларни келтириш мумкин. Чунки статистика бўйича ҳам кўришимиз мумкин улар энг кам огоҳлантиришлар олган футболчилар саналади.
— Эрматовнинг яқин келажакдаги режалари қандай?
— Хабарингиз бор, яқинда Австралияда Осиё кубоги мусобақаси ўтказилади ва унда терма жамоамиз ҳам иштирок этади. Мақсадим ушбу мусобақада муносиб иштирок этиш. Ундан кейин 2018 йилги Россияда ўтказиладиган Жаҳон чемпионатида ҳакамлик қилувчи ҳакамлар қаторидан ўрин олиш.
Соҳиб Эгамов ёзиб олди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).