Барчага ғалаба муборак бўлсин! Мухлисларимиз янги стадионда эришилган илк ғалабадан сармаст бўлаётганида мен йўл-йўлакай, уйгача ЖЧга чиқиш имкониятларимизни чамалаб келдим. Гапирсам, ишонмаслигингиз мумкин: Ўзбекистон терма жамоаси муддатидан аввал ЖЧга чиқиши мумкин экан! Бунинг учун сафарда Жанубий Кореяни мағлуб этсак, кифоя! Албатта, битта истисно билан.
8-тур. 4 июнь Ливан - Жанубий Корея Қатар - Эрон
9-тур. 11 июнь Жанубий Корея - Ўзбекистон Эрон - Ливан
4 июнь куни биз дам оламиз. Аниқроғи, Жанубий Кореяга қарши ўйинга тайёргарлик кўраётган бўламиз (6 июнь куни Хитой билан сафарда ўртоқлик ўйини ўтказамиз). Ливан-Жанубий Корея ўйинида биз учун Ливан ғалаба қозонгани маъқул. Аммо Корея — барибир Корея ва у ғалаба қозонса керак. Шунда кореяликлар ҳисобида очколар сони 13тага етади.
Қатар - Эрон ўйинига эса алоҳида тўхталамиз.
1. Қатар ғалаба қозонади. Шунда қатарликлар очкоси 10тага етади. Эрон эса 7 очко билан қолади. Қатар 11 июнь куни дам олади ва уларда 18 июнь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистонга қарши баҳс қолади. Ўзбекистон сафарда Кореяни мағлуб этса, очколаримиз сони 14тага етади ва ҳар қандай ҳолатда ҳам Эрон ва Қатар бизга ета олишмайди!
2. Қатар-Эрон баҳсида дуранг қайд этилади. Бу ҳолатда ҳар иккала жамоа 8 очкога эга бўлади. Эрон 11 июнь куни Ливанни мағлуб этиб, очколари сонини 11тага етказади деб тахмин қиламиз. Биз фараз қилаётган ҳолат - Ўзбекистон Кореяни мағлуб этганидан кейин Қатар курашдан чиқади. Энг сўнгги турда 13 очкога эга бўлган Корея ва 11 очкога эга бўлиб турган Эрон тўқнаш келишини инобатга олсак, иккала жамоадан бири албатта очко йўқотади ва биз 2-ўриндан пастга тушмаймиз!
3. Эрон ғалаба қозонади. Форслар Қатарни мағлуб этишса, уларнинг ҳисобида 10 очко бўлади. Улар Ливан устидан ўз майдонларида зафар қучишганидан кейин эса очколарни 13тага етказишади. Ана энди Ўзбекистон сафарда Кореяни мағлуб этганидан кейин гуруҳда қуйидаги ҳолат юзага келади. 1. Ўзбекистон - 14 2. Жанубий Корея - 13 3. Эрон - 13
Сўнгги турда Жанубий Корея ва Эрон жамоаларининг ўзаро ўйинида дуранг қайд этилмаса, биз сўнгги тур ўйинидан қатъи назар 2-ўриндан пастга тушмаймиз. Лекин бу жамоалар ўзаро дуранг ўйнаши мумкинлигини инобатга олсак, фақатгина ушбу вариантдагина муддатидан олдин ЖЧ йўлланмасини ҳал қилмасканмиз. Ушбу вариантда бизни сўнгги турда дуранг ҳам қаноатлантирар экан. Агар сўнгги турда Қатарга ютқазсак, 3та жамоада 14тадан очко бўлади ва тўплар нисбатига қаралади.
Кўриб турганингиздек, Жанубий Корея билан ўйиндаги ғалаба бизни 90 фоизга ЖЧга олиб чиқади.