Коэффициентлар жадвали: Ўзбекистон 5-ўринга тушиб кетиш хавфи остида қолди
Баҳо:
+0; -0
Осиё чемпонлар лигасининг гуруҳ босқичида 4та Ўзбекистон жамоаси иштирок этишини билганимизда барчамиз қувонганимиз бор гап. Аммо клубларимиз гуруҳда бунчалар қийналишини тахмин қилмагандик, очиғи.
Умуман олганда, 5-турда Эроннинг 4та клубидан 3таси ютқазди ва биттаси дуранг ўйнади холос. Ваҳоланки, форслар 4-турда 7 очко жамғаришганди. Ўтган ҳафтада бўлиб ўтган ўйинларда Саудия Арабистони ва Япония клублари барчадан кўп — 9 очко жамғаришди.
БЕШИНЧИ ЎРИНГА ТУШИБ ҚОЛАМИЗМИ? Шарқ минтақасида эса Саудиянинг 2та ва Қатарнинг битта жамоалари нимчорак финал йўлланмасини қўлга киритиб бўлишди. Қуйидаги келтирилаётган жадвалда ҳозирча плей-оффга чиққанлик учун баллар ҳали қўшилмаган (кейинги босқичга чиққанлик учун битта клубга 3 балл берилади). Қатарнинг иккинчи клуби ҳам гуруҳдан чиқиш учун яхши имкониятга эга эканини инобатга олсак, қолган икки клубимиз — “Пахтакор” ва “Насаф” плей-офф йўлланмаларини қўлга киритишмаса, Қатар биздан 4-поғонани ортиб олади. Натижада 2017-2020-йилларда “1+2” йўлланма билан қоламиз, холос. Ҳозирда Ўзбекистон ва Қатар рейтинг баллари орасидаги фарқ 5,2 баллни ташкил қилмоқда. Ҳозир юритилаётган жадвалда 3-ўриндаги БААга ета олмаслигимиз ҳам тобора ойдинлашмоқда. БАА 5-турда ўз ҳисобига 1,5 балл қўшиб қўйди ва Ўзбекистон билан орадаги фарқни яна 0,5 баллга оширди. Энди биз Амирликларда 7,5 баллга ортда қоляпмиз.
КЕЙИНГИ ТУР УЧУН ТАХМИНЛАР “Бунёдкор” ва “Локомотив” плей-оффдан маҳрум бўлишди. Гуруҳ босқичининг сўнгги турида “Пахтакор” ва “Насаф” керакли натижани қўлга киритиб, нимчорак финалга чиқмаса, юқорида айтганимиздек, ўзбек футболи ОЧЛ йўлланлари борасида катта йўқотишга учрайди. Бу эса футболимизнинг ривожига жиддий салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Ўзбекистон клублари ўртача балл жамғариш бўйича сўнгги 4 йил ичидаги энг ёмон натижани қайд этишмоқда. Ҳозирча “клублар” томонида 2015 йилда ҳисобимизда 4,5 балл йиғилди. Бирорта клубимиз плей-оффга чиқа олмаса, антирекорд қайд этишимиз аниқ.