Коэффициентлар жадвали: ОЧЛ ва ОФК кубоги 3-турдан сўнг
Баҳо:
+2; -0
Осиё чемпионлар лигаси ва ОФК кубогининг 2-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Афсуски, Ўзбекистон клубларининг натижалари турдан-турга пасайиб бормоқда. Ушбу турда Қатар ва БАА клубларига қарши баҳс олиб борган жамоаларимиз ОФК коэффициентлар жадвали (ОФККЖ)даги вазиятларини яхшилаб олишини кутгандик, аммо 4та жамоамиз ичида фақат “Насаф” дуранг ўйнайди, холос. Қолганлари эса ютқазишди. Учинчи тур ўйинлари коэффициентлар жадвалига қай даражада таъсир қилганига назар ташлаймиз.
ҒАРБ: ЭНГ ЮҚОРИ БАЛЛ — ҚАТАРДА Жамоаларимизнинг 2та дурангидан кейин коэффициентлар жадвалининг “клублар” қисмида ҳисобимизга 0,25 балл қўшилди, холос. Энг ёмони, жамоаларимиз ОФККЖдаги тўғридан-тўғри рақибларимизга ютқазишди. Демак, футбол тили билан айтганда, ушбу турдаги ўйинлар 6 очко учун кечган. Натижада БАА рейтинг жадвалида биздан 2 очкога илгарилаган бўлса, Қатар 3 очкога яқинлашди. Энди Амирлик билан орамиздаги фарқ 7 очкони ташкил қилмоқда. Қатар эса Кувайтдан ўтиб кетди (энди 5-ўринни Кувайтга бериб қўймаса керак). Қатар ва Ўзбекистон ўртасидаги фарқ 10 очкони ташкил қилмоқда.
Умуман олганда, Ғарб минтақасида Қатар ва БАА жамоалари энг кўп балл жамғаришди. Мазкур турда Саудия Арабистони ва Эрон жамоаларининг ўзаро тўқнашуви юзага келди. Унда устунлик саудияликлар томонида бўлди — 7 очко ва 4 очко.
ШАРҚДА НИМА ГАП? Таиланднинг ягона “Бурирай Юнайтед” ўз гуруҳида Корея, Япония ва Хитой клублари билан ўйнаётган бўлса-да, ҳам мағлубиятсиз иштирокини давом эттирмоқда. Жамоа кетма-кет 2та ғалабадан кейин бу сафар Япониянинг “Гамба Осака” майдонида дуранг ўйнади. Жанубий Корея клублари ҳар доимгидек барқарор натижа қайд этишда давом этишмоқда.
КЕЙИНГИ ТУР УЧУН ТАХМИНЛАР Учинчи турда тўқнаш келган жамоалар энди бу сафар ўз майдонларида алмаштиришади. Ўзбекистон жамоалари бой берилган муҳим рейтинг очколарини қайтариб олиш учун ҳаракат қилишлари лозим.