Коэффициентлар жадвали: Ғарбда энг юқори балл — Ўзбекистонда!
Баҳо:
+0; -0
Ўзбекистон клублари Осиё чемпионлар лигасини ёмон бошлашмади. Миллий чемпионатимизда ҳали мавсум бошланмаганини инобатга олсак, жамоаларимизнинг 1-турда қайд этган натижаларини бемалол ижобий баҳолашимиз мумкин. Буни ОФК коэффициентлар жадвали ҳам кўрсатиб турибди: ўзбек клублари Ғарб минтақаси давлатлари орасида энг юқори баллга эга бўлишди.
БААГА ЯҚИНЛАШДИК Тўртта жамоамиз биргаликда 7 очко жамғаришди. Натижада Ўзбекистон ўз ҳисобига 1,75 балл қўшиб қўйди. Ғарбда Саудия Арабистони клублари биргаликда 6 очко жамғаришган бўлса (1,5 балл), Эроннинг тўртта жамоаси 4 очко жамғарди (жадвалга 1 балл қўшилди). Биз учун аҳамиятли бўлган БААнинг иккала клуби ҳам дуранг ўйнашди ва ОФК коэффициентлар жадвали (КЖ)да уларнинг умумий рейтинг баллари 1 очкога кўпайди. Натижада умумий рейтинг балларида БАА билан орадаги фарқни 1 очкога қисқартирдик. Энди бу мамлакатдан 5 баллга ортда қоляпмиз.
ХИТОЙДА МАКСИМАЛ НАТИЖА Шарқ минтақаси мамлакатлари орасида Хитойнинг 4та жамоаси ғалаба қозонгани эътиборга молик. Натижада бу мамлакат ўз ҳисобини бирданига 3 баллга бойитди. Япониянинг 4та жамоасидан 3таси ютқазди ва биттаси дуранг ўйнайди. Бу — клублари ОЧЛда иштирок этаётган мамлакатлар орасида 1-турда қайд этилган энг паст кўрсаткичдир. Иккита клуби билан мусобақада иштирок этаётган Австралия (1та ғалаба, 1та мағлубият) умумий рейтингда Япониядан ўтиб, Шарқ минтақасида 2-ўринга чиқиб олди. Жанубий Корея клублари ҳам дастлабки турдаги натижалари билан мақтана олишмайди — 4та клуб 4 очко жамғарди.
ҚАТАР НИМА ҚИЛМОҚЧИ? Қатар Ғарб минтақаси жадвалида ҳамон 6-ўринда бормоқда. ОФК кубогида иштирок этаётган Қувайтнинг икки жамоаси 1-турда ғалаба қозониб, қатарликлар билан орадаги фарқнинг бироз ошишига ҳисса қўшишди. Умуман олганда, жадвалнинг 5-поғонаси учун (“1+2” кўринишида йўлланма берилади) Қувайт, Қатар ва Ироқ бевосита кураш олиб боришади. ОЧЛ коэффициентлари миқдори ОФК кубогига нисбатан 3 баравар катта бўлгани учун Қатарнинг имконияти юқори, бироқ Чемпионлар лигасида рақиблар кучли. Қувайт клублари эса ўзи иштирок этаётган мусобақани ўзларини анча эркин ҳис қилишади.