Осиё чемпионлар лигасида 2-тур ўйинлари бўлиб ўтди. Афсуски, Ўзбекистон клублари бу турда ғалаба қозона олишмади. Жамоаларимизнинг иккитаси дуранг ўйнаган бўлса, иккитаси ютқазди. Коэффициентлар жадвалига назар ташлашда давом этамиз.
ҒАРБ: ЭНГ ЮҚОРИ БАЛЛ — ЭРОНДА Жамоаларимизнинг 2та дурангидан кейин коэффициентлар жадвалининг “клублар” қисмида ҳисобимизга 0,5 балл қўшилди, холос. Иккита жамоа билан ОЧЛда иштирок этаётган БАА ҳам 0,5 рейтинг баллига эга бўлди. Натижада жадвалда Амирлик ва Ўзбекистон орасидаги 5 очколик фарқ сақланиб қолди. Ғарб минтақасида энг кўп очкони Эрон тўплади. Форс жамоалари бу турда 8 очкони қўлга киритишди (2та ғалаба, 2та дуранг). Бу эса уларга 2 рейтинг баллини келтирди. Икки клуби билан мусобақада қатнашаётган Қатар ҳам битта ғалаба ва битта дуранг орқали ўз ҳисобига 2 рейтинг баллини қўшиб қўйди. Натижада Қатар жадвалда Кувайтда ўтиб кетди ва 5-ўринга кўтарилиб олди. Саудия эса “Ал-Аҳли” клубининг ғалабаси (“Насаф” устидан) эвазига нисбатан яхшироқ қайд этди. Сўнгги ўйингача саудияликларнинг 2та клуби дуранг ўйнаб, биттаси ютқазганди.
ШАРҚДА НИМА ГАП? Дастлабки турда Хитойнинг барча (4та) жамоаси ғалаба қозонган бўлса, бу сафар хитойликлар 50 фоизли натижа қайд этишди — 2та ғалаба, 2та мағлубият. Кореяликлар эса яна ўзларига келишди ва 4та ўйинннинг 3тасидан ғалабага эришишди. Япон клублари эса ажаблантиришда давом этишмоқда. Улар 1-турда 1та дуранг қайд этишган бўлса, бу сафар битта ғалабани қўлга киритишди, холос. Австралия ўз анъанасига содиқ қолди — битта ғалаба, битта мағлубият. Таиланднинг ягона жамоаси яна ғалаба қозонган бўлса, Вьетнам ҳам коэффициентлар жадвали учун янги мавсумда ҳали очко қўша олмади. Шарқ минтақасида Жанубий Корея катта тафовут билан пешқадамлик қилмоқда. Жадвалда 2-ўрин учун Япония, Австралия ва Хитой йил давомида кураш олиб боришади.
КЕЙИНГИ ТУРЛАР УЧУН ТАХМИНЛАР Ўзбекистон клублари Чемпионлар лигасининг 3 ва 4-турлари фақат Қатар ёки БАА клублари билан ўйнайдилар. Демак, бу турларда яхши иштирок этиб, жадвалдаги ўрнимизни янада мустаҳкамлаб олишимиз мумкин. Айниқса, Амирлик клубларига қарши ўйнайдиган жамоаларимиз (“Пахтакор” ва “Насаф”) максимал натижани қўлга киритишса, жадвалда БААга жуда яқинлашиб оламиз. Учинчи ва тўртинчи турларда Эрон ва Саудия Арабистони клублари ўзаро баҳслашадилар.