Футболчига эрга теккунимча уларни тўп орқасидан беҳуда югурадиган бекорчилар деб ўйлаб юрардим. Отам футбол ишқибози эди, совчи келгач куёв бўлмиш футболчи экани эшитибоқ мени берворган.
Қандай одам бўлишаркан? Аввал ўйлаганимга қарши ўлароқ футболчи дегани ҳам туппа тузук одам экан, одам ҳам гапми, бир олам экан! Мана ўн йилдан ошдики биз бахтли яшаб келяпмиз. Ўзбекистонда яшамаган шаҳримиз оз қолди. Биз ёлғиз эмасдик-саккиз футболчи ва уларнинг хотин, бола чақаси. Кейин бош мураббий ва унинг хотини қаерда бўлсак биз билан бирга. Тўғрироғи бош мураббий қаерда бўлса биз ҳам ўша ерда. Мураббий эрларимизга бош бўлса, унинг хотини биз аёлларга гапбоши эди. Опамиз ҳар қандай пайтларда биз ёш аёлларга маслаҳатини аямайди.
Дастлабки йилларда футболни яхши тушунмасдим. Офсайд деган нарсани тушунтиргунча эрим бир йил овора бўлган. Кейинчалик футбол оламига шунчалик шўнғиб кетдимки, мана ҳозир футбол таҳлили, футбол қоидалари бўйича исталган мутахассисингиз билан билан баҳслаша оламан. Масалан, ўтган йилги жаҳон чемпионати очилиш ўйинидаги ўша ҳисобга олинмаган гол. Ўша вазиятда Равшан Эрматовдан олдинроқ “офсайд” деганман! “Жиннимисан?” деган эрим, кейинчалик тан берворди... Ҳозир маслаҳат сўраяпти.
Хавотирлар? Бўлиб туради. Футболчи бўлишнинг машаққатли томонлари ҳам кўп. Узоқ сафарлар, тинимсиз машғулотлар, жароҳатлар... Айниқса ўйин пайти анави “жонли девор” дегани бор. Футболчи зотининг хотини борки, эрининг “жонли девор”да туришини ҳоҳламайди....
Келишилган ўйинлар? Бўлиб туради... Бу футбол ичида кўўп ишлар бўлади-ки, ҳаммасини айтиб ўтирмайман. Келишиладиган ўйинларми-ей, сотиладиган ўйинчиларми-ей... Яхши-ки, менинг эрим ҳали бирон марта ҳам сотилмаган. Ҳужумчилик пайтида гол урмасликни таклиф қилиб яхшигина пул таклиф қилганларида кўнмаган. Ярим ҳимоячилик пайтида бир футболчига қаттиқ жароҳат етказиш учун ҳам таклифлар бўлган. Мана яқинда муҳим бир ўйинда ўз дарвозасини “ишғол қилиб қўйиш” учун шунақанги катта пул таклиф қилишди-ки, "Вой, дадаси! Урсангиз урибсиз-да, битта гол!" деворганимни билмай қолибман. Эшитдим эшитадиганимни...
Мана бугун ўйин. Эрталаб уйдан чиқиб кетаётганида ҳар доимгидай омад тиладим: Уйга ютуқ билан қайтинг! Иложи борича ”жонли девор”га турманг, турсангиз ҳам эҳтиёт қилинг... Э, нималар деяпман... Эҳтиёт бўлинг!