Тўп юқорилаб кетгач бутун стадион сардорнинг олийжаноблигини олқишлаб юборди. Меҳмон жамоа футболчилари эса ҳакамнинг олдига келиб “аҳволлар қалай?” дея мазах қилиб кетишди. Уларда ҳисобга олинмаган голнинг алами ҳали ҳам тарқамаганди.
Ўйин дуранг билан тугади. Ҳакамнинг олдига меҳмонлар келиб :
- Қўйинг-е, шунақа қилиб тирикчилик қилгандан кўра...
- Қанча олувдингиз?
- Уят!!!- дейишган бўлса, мезбон ўйинчилар:
- Керакмас эди, ўйинни буздингиз!
- Яхшиси, ҳакамликни йиғиштириб қўяқолинг!
- Сизнинг илтифотингизга зор эмасмиз! - деган сўзларни айтишди.
Стадионга йиғилган мухлисларга ҳам ҳакамнинг ўз жамоларига ён босгани ёқмади.Улар ҳакамни “Ҳа-лол ў-йин! Ҳа-лол ў-йин!” деган ҳайқириқлар билан кузатиб қўйишди. Коридорда журналистлар унга қараб бошларини сарак-сарак қилиб қўйишди. Ҳатто стадион фарроши унга кўзи тушгач ҳам швабрасини “тарақлатиб” қўйдида, тескари қараб кетди.
Стадиондан чиқиб меҳмонхонага боргач, кундузи анча хушчақчақ кўринган меҳмонхона маъмури ҳам уни хўмрайиб кутиб олди. Кечки овқатни тановул қилиш учун меҳмонхона ресторанига тушганди, официант қиз роса ярим соат кутдирди. Совуққина муомала қилиб, буюрган таомларини столга “дўқ” этиб қўйиб кетди. Овқат ҳам томоғидан ўтмади. Номерига қайтиб конденционерни ёқди. Конденционер эса ишламади. Маъмурга айтганди у ҳам истар истамай устани чақириб берди. Конденционер устаси хонага кириб ҳакамни таниб қолди.
- Йўқ, мен бу хонанинг конденционерини тузатмайман! – деди-да чиқиб кетди.
Ҳакам талашиб-тортишиб ўтирмади. Мижоз сифатида хизмат сифатини талаб қилмади. Эрталабгача иссиқ, дим хонада ётиб чиқди.
Эрталаб у билан хеч ким хайрлашмади. Ўз шаҳрига қатнайдиган микроавтобусга ўтирди. Микроавтобус йўлга тушгач, йўловчилардан биттаси уни таниб қолди:
- Сиз кечаги ўйинни бошқарган ҳакамсиз-а?!
Ҳамма унга ғазаб билан қаради. Сўнг ўзаро бир-бирларига пичирлашиб кетишди, ҳакам эса хижолатдан қутулиш учун ёнида ўтирган ёш аёлнинг икки яшарли ўғилчасини ўйнатмоқчи бўлиб унга қўлини чўзганди бола ҳам тескари қараб олди, аёл эса узоқроққа силжиб олди. Ҳакам ўз шаҳрига қандай етиб келганини билмади.
Ҳовлисига киргач ҳар доим олдига югуриб чиқиб, думини ликиллатиб турадиган севимли ити уни кўргач, инига кириб кетди. Уйдагилари хотини, ўғли ва қизи дастурхон устида ўтиришган экан, уни кўришгач ҳаммасининг боши эгилди. Кап катта ўғли “бизни шунақа пул билан боқяпсизми, дада?” деди-да, кўчага чиқиб кетди. Қизи ҳам индамасдан бошқа хонага кириб кетди... Ҳаммасидан ёмони хотини тунда тескари қараб ётди...
... Унинг айби бир жамоага ён босгани эди, холос. Атига битта тоза голни ҳисобламади ва биттагина нохолис пенальти белгилади. Шу холос...