Олий лига жамоалари иккинчи даврага тайёргарликни давом эттирмоқда. Уларнинг таркибида қандай ўзгаришлар юз бергани ҳақидаги маълумотларни тақдим қиламиз.
"Локомотив"
Ўзбекистон кубоги чоракфинал босқичи доирасида «Бухоро» меҳмони бўлиб, 0:0 ҳисобини қайд этган жамоа вакилларига қисқа таътил эълон қилинганди. Хуллас, «темирйўлчилар» 5 кунлик ҳордиқдан кеча қайтишди. Клуб энди хориж йиғини учун Беларусь пойтахти - Минска йўл олади. У ерда қайси жамоалар билан синов-назорат учрашуви ташкил этилиши хусусида кейинроқ маълумот берилади. Айтганча, «Локомотив» мураббийлар штабида яна бир янги мутахассис иш бошлади. Осиё ўйинлари-94 ғолиби, Ўзбекистон миллий жамоаси сафида кўрсатган ишончли ўйинлари билан жамоатчилик меҳрини қозонган Андрей Фёдоров эндиликда «Локомотив» мураббийлар тизимида фаолият олиб боради. Аниқроғи, 46 ёшли мутахассис бош мураббийга бевосита ёрдам беради. Минск йиғини 11-21 июль кунларига мўлжалланган. Маълум бўлишича, «Обод» сафида ҳаракатланган ёш ҳужумчи Идрис Бикмайкин «Локомотив» билан Беларусь пойтахтига йўл олади. Агар 21 ёшли футболчи ижобий таассурот қолдирса, у иккинчи даврани мамлакат чемпиони таркибида бошлайди.
«Қўқон-1912»
«Локомотив» ярим ҳимоячиси Қувондиқ Рўзиев иккинчи даврани бошқа жамоада бошлаши ҳақида аввалроқ хабар берилганди. Маълум бўлишича, у фаолиятини айнан «Қўқон-1912»да давом эттириши мумкин. Ҳар ҳолда, қўқонликлар биринчи давра давомида «Локо»нинг асосий таркибида деярли майдонга тушмаган Рўзиевдан ижара келишуви бўйича фойдаланмоқчилар.
«Насаф»
Қарши жамоаси футболчиларига бир ҳафталик таътил берилган, хусусан, легионерлар ҳам ўз юртларига жўнаб кетишганди. Футболчилар бугундан жамоа қароргоҳида йиғиладилар. «Насаф» июль ойининг охирида Ўзбекистон кубоги чорак финали жавоб учрашувида майдонга тушади. Унгача назорат ўйинлари ташкилланиши эҳтимоли катта.
«Олмалиқ»
Давралар оралиғида юзага келган танаффусдан унумли фойдаланишга ҳаракат қилаётган клуб ўқув-машғулотлар жараёнини Беларуснинг Минск шаҳрида давом эттиради. Режа бўйича «Олмалиқ» 3 ҳафта давомида мамлакат футбол федерациясига тегишли «Футбол академияси» қароргоҳида истиқомат қилади. Машғулотлар ҳам академия таркибидаги майдонларда олиб борилади. Виктор Кумиков йиғин доирасида 4та ўртоқлик ўйини ўтказишни режалаштирган. Улардан биринчиси кеча Новополоцкнинг «Нафтан» жамоасига қарши кечди. Ўзгаришларга келсак, Малайзия чемпионатидан қайтишган ярим ҳимоячи Лутфулла Тўраев ва ҳужумчи Фарҳод Тожиев иккинчи даврада «Олмалиқ» шарафини ҳимоя этишади. Ҳар иккиси жамоанинг Минск йиғинида иштирок этмоқда. Умуман олганда, «Олмалиқ» иккинчи давра олдидан ўз сафига 5 нафар футболчи қўшиб олишга улгурди. Олдинроқ «Шўртан» ҳужумчиси Зафар Полвонов, «Металлург» ҳимоячиси Вусол Магерамов ва «Обод» ярим ҳимоячиси Санжар Рихсибоев жамоа йиғинида кўриниш бергандилар. «Бунёдкор»дан ижара келишуви асосида таклиф қилинган Забиҳилло Ўринбоев ва «Локомотив»дан шу шарт бўйича олинган Дониёр Усмонов эса ўз клубларига қайтишди. Шунингдек, Алибобо Раҳматуллаев билан ҳамкорлик ҳам тўхтатилди.
«Пахтакор»
«Шерлар» иккинчи даврага ҳозирлик ишларини «Жар» стадионида бошлашди. Машғулотларда биринчи даврада асосий таркибда ўйнаган деярли барча футболчилар ва жамоа сафига қўшилган янги ўйинчилар иштирок этишди. Жамшид Искандеров якка тартибда шуғулланган бўлса, Станислав Андреев жароҳати сабаб, ҳозирча четда. Дастлаб Ласло Ямбор бошчилигида енгил машқлар асносида қизишиб олган футболчилар кейин ўйин давомида эътибор талаб қиладиган ҳолатлар устида тер тўкишди. Дарвозабонлар билан туркиялик мутахассис Иброҳим Йилмаз иш олиб борди. Умуман, клуб таркибини кучайтириш ҳаракати давом эттирилмоқда. Жамоа раҳбарияти бразилиялик Тьяго Безерра, исроиллик Гиди Канук, шунингдек, Шерзод Аъзамов ҳамда Элдор Суюнов билан шартнома тузишга улгурди. Улар бугун «Пахтакор» стадиони анжуманлар залида соат 11:00да расман омма билан таништирилади. Тадбирда «Пахтакор» раҳбарияти ходимлари ва бош мураббий Шота Арвеладзе ҳам иштирок этишади.
Тьяго Кейруш Безерра 1987 йилнинг 17 февралида Бразилия пойтахти - Бразилиада туғилган. Ушбу ҳужумчи фаолиятининг катта қисмини Туркия клубларида ўтказган. Сўнгги клуби - «Адана Демирспор». Футболчи «Пахтакор» сафига эркин агент мақомида қўшилади. Безерранинг ҳозирги трансфер нархи 400 минг еврога тенг (transfermarkt. de сайти маълумоти бўйича).
Шиди Канюк эса 1993 йилнинг 11 февралида Исроилда туғилган. Амплуаси - марказий ярим ҳимоячи. Бўйи - 179 см. Унинг трансфери 300 минг еврога баҳоланган. Бугунги кунга келиб, «шерлар» 3 нафар легионер билан келишувга эришишди. Жамоа энди «3Қ1» лимитига биноан, осиёлик футболчини ўз сафига қўшиб олиш имкониятига эга. Championat.asia хабарига кўра, Шота Арвеладзе осиёлик легионер лимитини эронлик ҳужумчи билан тўлдирмоқчи.
Шу ўринда айтиш жоиз, «Пахтакор» «Жар» стадионидан ижара асосида фойдаланади. Яъни клуб асосий стадион, машғулотлар майдони ва бино бўйича 1,5 йиллик ижара келишувига эришди. Ушбу шартнома 2018 йил охиригача мўлжалланган.
«Бухоро»
Бухоро клуби бир қатор футболчилар билан хайрлашишга қарор қилди. Демак, биринчи даврада «Бухоро» шарафини ҳимоя қилган дарвозабон Эркин Жабборов, ярим ҳимоячи Жасур Ҳасанов ва ҳужумчи Алишер Шоғуломов эндиликда ўз омадларини бошқа жамоадан излашади. Мураббийлар штаби иккинчи давра олдидан биринчи навбатда, ҳимоя чизиғини мустаҳкамлаш ҳақида ўйламоқда. Хусусан, бош мураббий Улуғбек Бақоевнинг айтишича, таркибга 2 нафар ҳимоячи қўшиб олинган. «Филипосян жароҳатини текширтириш учун Мос-квага кетди. Баенко эса куни кеча уйланди. У тўй санасини анча олдин белгилаб қўйганди. Ўша пайт кубок ўйини режада йўқ эди. Ҳар икки футболчи иккинчи давра арафасида қайтиши керак. Кирилл Пасичник саломатлигини тиклади ва расмий ўйинлар вақтигача тўлиқ тайёр бўлади. Ҳозирча 2 нафар ҳимоячи билан шартнома туздик. Аммо улар номини ошкор қилмай тураман. Ивор Вейцер ҳам иккинчи даврада жамоамиз шарафини ҳимоя қилади - у бу борада ваъда берган»,-деди Бақоев.
Хабарларга қараганда, «Бухоро» Азамат Алланиёзов билан ҳам келишувга эришди. Асосан «Насаф»даги ёрқин ўйинлари орқали танилган ҳужумчи мавсумнинг дастлабки қисмини «Қизилқум»да ўтказди. У яқинда навоийликлар билан хайрлашиб, «Бухоро» таклифини қабул қилди.
«Бунёдкор»
Миржалол Қосимов жамоаси сафига иқтидорли ҳужумчи қўшилди: бунгача «Обод»да етакчилик қилган Шоҳруз Норхонов кейинги тақдирини «қалдирғочлар» билан боғлади. «Бунёдкор» ва Шоҳруз ўртасидаги шартнома 3,5 йилга мўлжалланди. У 2016-2017 йиллар мобайнида «Обод» сафида олий лига баҳсларида 43 марта майдонга тушиб, 17та гол урганини алоҳида айтиш ўринли.
«Машъал»
Биринчи даврани 8-ўринда якунлаган Муборак жамоаси бугунга қадар таътилда эди. Ҳозирча жамоани расман бир футболчи тарк этди - тожикистонлик легионер Умеджон Шарипов. Бошқа футболчилар айни пайт «Машъал» билан биргалар. Лекин яқин кунлар ичида таркибда ўзгаришлар бўлиши, янги трансферлар амалга ошиши кутилмоқда.
«Металлург»
Бекобод жамоаси аъзолари 7 июль куни Ўзбекистон миллий олимпия қўмитаси қошидаги тиббиёт марказида кўрикдан ўтишди ва иккинчи даврага тайёргарликни давом эттириш учун пойтахт вилояти Бўстонлиқ туманига йўл олишди. Бекободликлар икки ҳафта мобайнида Чорвоқ сув омбори ёнида жойлашган «Металлург» сиҳатгоҳида жисмоний тикланиш машқларига зўр беришади. Мураббийларни қўшиб ҳисоблаганда, клубнинг 50 нафардан зиёд аъзоси Ўзбекистон металлургия комбинатига қарашли масканда бўлиб турибди. Асосий ва ўринбосарлар таркиби вакилларига йиғин давомида жисмоний юкламалар бериш баробарида улар билан назарий ҳамда тактик машғулотлар олиб борилади. Йиғинда «Металлург»га таклиф этилган янги ўйинчилар ҳам иштирок этишяпти. Ўз навбатида, биринчи даврада бекободликлар билан бирга бўлган баъзи футболчилар бошқа клублар кўригида қатнашиш учун рухсат олишганини айтиш керак. Бу борада яқин кунларда аниқ хабарлар чиқса, ажабмас. «Обод» клуби ёпилгач, мазкур жамоанинг барча ўйинчилари қатори эркин агент мақомини олишган Дониёр Ҳасанов ва Аброр Ҳусинов айнан «Металлург» сафига қўшилишни маъқул кўришди.
«Қизилқум»
«Нефтчи» ярим ҳимоячиси Акром Баҳриддинов иккинчи даврани Навоийда бошласа, ажабмас. Йил бошида фарғоналиклар билан 2 йиллик шартнома тузган футболчи айни пайт «Қизилқум» машғулотларида иштирок этмоқда. Агар Баҳриддиновнинг ҳаракатлари мураббийларга маъқул келса, уни иккинчи давра олдидан қўшимча «заявка»га киритишади.
«Динамо»
4 июль куни Ўзбекистон кубоги чорак финали жавоб учрашувида Муборакда сафар қилиб, «Машъал»ни мағлуб этган жамоа аъзоларига қисқа таътил эълон қилинганди. Кеча Самарқандда тўпланган жамоа бугундан эътиборан Тошкент вилоятининг тоғли ҳудуди - Чимёнда ўқув-машғулотлар йиғинини бошлайди. Самарқандликлар у ерда 9 кун шуғулланиб, 20 июлдан Тошкентда назорат учрашувларига киришишади.
«Навбаҳор»
Биринчи давра якунига етгач, бир неча кун ҳордиқ чиқарган жамоа аъзолари иккинчи даврага тайёргарликни бошлаб юборишди. Дастлабки режага кўра, ўқув-машғулотлар йиғини Дукентда ташкилланиши лозим эди. Лекин режа ўзгариб, футболчилар машғулотларга Наманганнинг ўзида киришишди. Ушбу йиғин 15 июлга қадар давом этади. Шундан сўнг «Навбаҳор» тайёргарликнинг иккинчи босқичини 25-санагача Тошкентда давом эттиради. Табиийки, Тошкентдаги машғулотлар чоғи назорат учрашувларига ҳам катта эътибор қаратилади. Айни пайт мураббийлар 4та ўртоқлик ўйинида майдонга тушишни режалаштиришган. Намангандаги йиғин давомида ҳам битта назорат ўйини уюштирилади - 14 июль куни биринчи лига вакили «УзДонгЖу» билан. Мазкур учрашувни Намангандаги «Марказий» стадионида ўтказиш кўзда тутилган. Табиийки, «Навбаҳор» машғулотларида ҳам бир қатор янги футболчилар иштирок этишади. Бир неча кун олдин иккинчи даврани «Навбаҳор»да бошлашга розилик берган Аббос Махсталиев ва Дониёр Усмоновдан ташқари, яна 2 нафар футболчи жамоа сафида шуғулланади. Булар - жорий мавсумнинг биринчи ярмида «Олмалиқ» ихтиёрида бўлган Мурод Ражабов (07.07.1995) ва биринчи лига вакили - «Локомотив-БФК» аъзоси Сардор Расулов (05.09.89). Ражабов биринчи давра давомида асосий таркибда майдонга тушмади. Муроднинг ўтган мавсум маълум муддат Сербияда фаолият олиб борганини қўшимча қилиш жоиз. У бизга яхши таниш Дарко Станоевичнинг собиқ клуби - «Нови Пазар» шарафини ҳимоя қилганди. Расулов эса 2016 йилги мавсумнинг биринчи ярмини «Шўртан»да ўтказгач, «Металлург» сафини тўлдирганди. У умумий ҳисобда олий лига-2016да 10та ўйинда иштирок этган. Жорий мавсум бошида эса «Локомотив-БФК» рўйхатидан жой олди. Ҳар икки футболчи кўрик давомида ижобий таассурот қолдирса, «Навбаҳор» аъзосига айланиши мумкин.
Яна «Навбаҳор» бош мураббийи Илҳом Мўминжонов марказий чизиқда рақобатни ошириш учун бир нечта футболчилар билан алоқага чиққан. У хусусан, «Сўғдиёна»ни тарк этган ярим ҳимоячи Суннатилла Мамадалиевни ўз жамоасида кўришга қарши эмас. Ушбу футболчи клубга бегона эмас, зеро, 2010 ва 2015 йилги мавсумларда айнан Наманганда тўп сурганди.
«Сўғдиёна»
Жиззах вилояти бош жамоаси Зомин йиғинини давом эттирмоқда. Машғулотларда асосий эътибор футболчилар жисмоний ҳолатини яхшилашга қаратилган. Таркибга «Обод»нинг 4 нафар футболчиси қўшилди: Сардор Қаҳҳоров, Ширинбой Абдуллаев, Шерзод Жалилов ва Ғайрат Умиров. Шунинг баробарида жамоа Ғулом Ўрунов, Достон Абдураҳмонов ва Суннатилла Мамадалиев билан расман хайрлашди. Ҳозирда «Сўғдиёна» иккинчи даврага бош мураббийсиз тайёргарлик кўрмоқда. Охирги хабарларга кўра, Улуғбек Худойбердиев ҳам жиззахликлар сафини тарк этди. Куни кеча эса йиғинга Умид Қодиров («Нефтчи») ва Музаффар Абдуллаев («Қўқон-1912») қўшилдилар. Айтиш жоиз, дарвозабон Музаффар Абдуллаев ўтган мавсум айнан «Сўғдиёна» шарафини ҳимоя қилганди.
«Шўртан»
Клуб раҳбарияти жамоага янги мутахассисларни жалб қила бошлади. Айни пайт жамоани иккинчи даврага Виталий Александрович Легай ҳамда Геннадий Геннадьевич Кочнев тайёрлашмоқда. Биринчи давра тугагач, жамоа қисқа муддатли таътилга чиққан эди. Бу вақт оралиғида «оқ бўрилар» таркибида бирин-кетин ўзгаришлар кузатилди. Мураббийлар штабидаги янгиликлар баробарида баъзи футболчилар жамоадан кетишди. 5 июль куни эса «Шўртан» вакиллари клуб қароргоҳида мавсумнинг иккинчи ярмига қаратилган тайёргарлик ишларини бошлашди.
«Нефтчи»
Фарғоналиклар 7 июль куни клуб қароргоҳида машғулотларга киришишди. Таркибга Мансур Саидов ҳамда Отабек Ҳайдаров қўшилдилар. Умуман, яна бир қатор янги футболчилар бор. Айни пайт улар Вадим Абрамов кўригида бўлиб туришибди. Александр Клецков ва Темур Ҳакимов ҳам «Нефтчи» машғулотларида қатнашмоқдалар. Шунингдек, «Бухоро»да ўйнаган Алишер Шоғуломов айни пайт фарғоналиклар билан бирга. Қиргулидаги йиғин 16 июлгача давом этади. Шундан сўнг тайёргарликнинг иккинчи босқичи Тошкентда олиб борилади. Абрамов жамоаси 21 июль санаси пойтахтда «Қўқон-1912» билан ўртоқлик ўйини ўтказишни режалаштирган.
«Обод»
Клуб раҳбарияти ўтган ҳафта футболчилар билан махсус йиғилиш ўтказди. Қанчалик ачинарли бўлмасин, унда клуб фаолияти тугатилаётгани эълон қилинди. Хуллас, футболчилар янги жамоа қидиришни бошлаб юборишди. Биласиз, хусусий клуб саналган «Обод» аввалги мавсум лигада дебют қилганди.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).