Франк Рибери фаолиятининг илк босқичи ўта мураккаб ўтганди. «Тиртиқ юзли йигитча» Аль Пачино фильмидаги қаҳрамон каби безори эди. Вингер қонунларни бузмаган, лекин француз клубларидаги иштирокидан кейин «Галатасарой»да бўй кўрсатган. Фақат Истанбулдаги қисқа сафардан кейин скаутлар эътиборини тортди.

«Марсель» билан шартнома имзолаган футболчи тез орада Франция терма жамоасининг чап қанотида бўй кўрсатиб, ЖЧ-2006да ёрқин ўйин кўрсатди. Шундан кейин 30 млн. евро эвазига «Бавария» таркибидан жой олган футболчи Мюнхенда 12 йил тўп сурди. Кейин Рибери эркин агент мақомида «Фиорентина»га ўтиб, «Салернитана»да фаолиятини якунлади.

«Бавария»нинг скаут ва менежерлари 6 йилдан бери чап қанотдан ўнг оёқда яхши ўйнайдиган футболчини излашади. Ҳозирча топшириқ бажарилмаган. Бироқ ўнг қанотда Роббенсиз ва сўл қанотда Риберисиз қолган «Бавария» бош мураббий Флик раҳбарлигида ЕЧЛда ғолиб чиққанди. Сайёрамиз коронавирус эпидемиясидан фориғ бўлган, нуфузли турнирнинг ёзги плей-офф босқичи икки эмас, бир ўйинда ҳал бўладиган палладаги баҳс Команнинг қадрдон «ПСЖ» дарвозасига урган ягона голи билан якунланган. Финалда «Бавария» Мбаппе ёки Неймардан гол ўтказиб юбормади. Лекин Коман, Дуглас Коста ва Гнабри узоқ вақт давомида Рибери ўрнини тўлдира олмадилар.

Шунингдек, «Бавария» мураббийлари Дэвисни чап қанот вингери позициясига ўтказмадилар. Мюнхендагилар Альфонсо латераль мақомида кўпроқ манфаат келтиради, деган қарорга келишганди. Якунда ҳужум чизиғининг қанотлари бўшаб қолди. Чунки ўнг қанотдаги чапақай Арьен Роббен ЕЧЛдаги ғалабадан бир йил аввал «Бавария»ни тарк этганди. Фликнинг муваффақияти немис гранди менежерларини алдади. Уларга ўнгда Гнабри, чапда Команнинг тўп суриши етарлидек кўринганди. Захирага хорват Перишич мўлжалланди. Бироқ бир йиллик ижарадан кейин Иван Мюнхенни тарк этди. Шунингдек, испаниялик вингер Сарагоса ҳам «Бавария» таркибидан мустаҳкам жой олмади.

Диас - «Ливерпул»нинг Рибери позициясидаги 3-ўйинчиси

Франк каби Диас ҳам чап қанотдаги ўнг оёқда тўп сурадиган ўйинчи. Луисдан худди «Ливерпул»нинг аввалги ўйинчиси сингари ҳужум марказида фойдаланишди. Рибери ўрнига мўлжалланган Мане эса Мюнхенда талаб даражасида тўп сура олмади, жароҳатларга дуч келди, жамоадошлари эса катта маош олгани учун уни ёмон кўриб қолишди. Иш ҳақи ва мукофот пуллари туфайли жанжаллашиш - «Бавария»даги анъана. Беккенбауэр давридан бери бу тортишувлар жамоага халал беради. Ҳар мавсум учун 25 млн. евро олган Манега ҳавас қилишган фахрийлар маошлари кўпайишини орзу қилишганди.

«Бавария»нинг чап қанот вингери ғалтакдан йиқилиб тушди. ЕЧЛ доирасидаги «Манчестер Сити»га қарши ўйин куни Мане кийиниш хонасида Санега ҳужум қилганди. Бу ҳам Мюнхен клуби учун янгилик эмас. Рибери ва Роббен муштлашишганда Франк 50 минг евро жарима тўлаганди. Маненинг жаримаси кўпроқ - 350 минг. Сенегаллик футболчи Санени ирқчиликка оид ҳақорат қилганликда айблаганди. Леройнинг қора танли эканлиги можарога «мой» қуйди. Афтидан, жанжалкаш Лерой Манени ҳақорат қилган, чунки мураббий ва менежерлар унинг жаримасини 2 млн. евродан камайтиришганди.

Левандовски «Барселона»га кетганидан кейин, Мане сохта ҳужумчи ролида ҳам, чап қанот вингери позициясида ҳам рисоладагидек тўп сура олмади. Мюнхендаги ягона мавсумида Садио Бундеслига ва ЕЧЛ доирасида 16та самарали ҳаракатни амалга оширган бўлсада, мутасаддилар ундан янада сермаҳсул иштирокни кутишганди. Шу боис, Манени «Ал-Наср»га жўнатишди. Манедан бир неча йил аввал Клопп жамоасида ёрқин ўйин кўрсатган Коутиньо ҳам «Бавария»да ўрнаша олмаганди. АПЛ юлдузи мақомидаги Коутиньо сўнгги мавсумидаги сермаҳсул иштирокдан кейин 135 млн. евро эвазига «Барселона»га йўл олгач, айнан Садио унинг ўрнини эгаллаганди. Филиппе эса Каталонияда яхши ўйин кўрсата олмай, «Бавария» сафида ижара асосида тўп сурди ва ЕЧЛда ғолиб чиқди. Бироқ немислар уни харид қилишмади. Бразилиялик ҳужумчи ҳам Мане каби пастга шўнғиб, Қатар клубидан паноҳ топди. Ҳозир у ўз ватанида «Васку да Гама» шарафини ҳимоя қилмоқда.

«Бавария» раҳбарияти ўтмишдаги омадсизликлар Луис Диаснинг фаолиятига халал бермайди, деган қарорга келишди. Немислар ўз клублари тарихидаги энг қиммат трансферлардан бирини амалга оширишди. Улар фақат «Тоттенхэм» ҳужумчиси Гарри Кейн ва «Атлетико» ҳимоячиси Люка Эрнандес учун кўпроқ маблағ сарфлашган. Мусиаланинг жароҳати Кейннинг тарафдорларига босим ўтказмайди.

Агар жароҳатлар бўлмаганида, Жамол Киммих билан ҳамкорликда «Бавария» ҳужум чизиғининг турли позицияларида дирижёрлик ролини адо этган бўлишарди. Германия терма жамоасининг диспетчерлари ҳужумчи Кейн билан муомала қилишни билишади, лекин КЖЧда Доннарумма Мусиаланинг оёғини синдириб қўйди. Германиялик футболчи Жанлуижини хафа қилмаслик ва таҳдид солмасликларини илтимос қилди. Чунки италиялик дарвозабон ушлаш қийин бўлган тўпни қайтармоқчи бўлганида, рақибининг устига йиқилиб тушганди. Мусиала жарроҳлик столига ётқизилиб, саломатлигини тикламоқда. «Бавария»да ҳозир «ўнлик» йўқ, лекин мураббий Компани «4-3-3» схемасидан фойдаланиши мумкин. Шунда Киммих «ўнлик» ролини бажаради.

Кейн худди «Ливерпул»даги Фирмино каби ортга чекинишни яхши билади. Франциялик Олисе ва колумбиялик Диас ҳужум марказига ўтиб, ўйин амалиётига эга бўлишади. Гнабри ва Команнинг позицияси эътибордан четда қолиши мумкин. Чунки улар баҳорда «Бавария» учун ЕЧЛ Кубогини қўлга кирита олмадилар. Сане «Галатасарой»га ўтиб кетди. Турклар унга манфаатли шартномани таклиф этишди. «Бавария» «Реал» вингери Родригони олтин соҳибига айлантириши мумкин эди, бироқ бразилиялик ўйинчи Бундеслигада ўйнашни истамайди. Диаснинг харидидан кейин, мутасаддилар Мусиала ўрнига вақтинчалик номзод излаш кераклиги хусусида бир тўхтамга келишлари лозим. Улар «Реал»даги Браим ва «РБ Лейпциг»даги Симонс номзодларини кўриб чиқишди.

Диас «Бавария» учун чап қанотдаги дастлабки танлов эмас. Жамоа Вирцга қизиқиб кўрди, лекин энди Флориан «Интер» сафида. Пулга муҳтож бўлган «Ливерпуль» эса Луис Диасни клуб тарихидаги учинчи энг қиммат баҳода сотиб юборди. Ундан қимматроққа баҳоланган Коутиньо ва Суаресни «Барселона» харид қилганди. Бозор ақлдан озмоқда, лекин руҳшуносларга мурожаат қиладиган мард йўқ.

«Бавария» афсонаси бўлган Мюллер ҳақ - трансферлар қиймати ҳеч нарсани англатмайди. Ҳимоячи Эрнандес каби 80 миллионли футболчи талаб даражасида ўйнай олмаслиги мумкин, «Челси» мактабидан тортиб олинган Мусиала эса қисқа вақт ичида Германия чемпионининг етакчи ўйинчисига айланди. Луис Диас Бундеслигада сифатли ўйин кўрсата олади. Чунки у ердагилар ҳужумкор ўйинни хуш кўришади. «Бавария» мунтазам равишда босим ўтказади. Чап қанотдаги ўнг оёқ ўйинчи эса доимо дарвозани забт этиш истагида. Диас учун ажойиб келишув, лекин Англияда интизом сал озлик қилди. Немислар эса яна бир марта Рибери каби безори йигитчага ишонч билдиришди.

МУҲАММАДСОДИҚ тайёрлади