Ҳимоячиларни бирин-кетин доғда қолдириб бораётган Суҳроб орқадан берилган кучли зарбдан йиқилиб тушди. Дарвоза сари илдам бораётганини кўрган рақиб ҳимоячиси унинг оёғига аямай тепганди. Бу ҳам етмагандай, ерга қулаган ҳужумчининг чап оёғини босиб кетди. Атайин шундай қилдими ёки ўзини тўхтата олмадими, бу, фақат унинг ўзига аён. Воқеа шу қадар тез бўлиб ўтдики, Суҳробдан узоқроқда турган ҳакам нима бўлганини англолмай қолди. Яхшиямки, ёрдамчиси барчасини кўриб турган экан. У бош ҳакамга воқеа тафсилотларини айтиб берди. Унинг кўрсатмаларига асосланган ҳакам рақиб ҳимоячисини огоҳлантириб, жарима зарбаси белгилади. Суҳробни эса махсус мосламада майдондан олиб чиқишди. Жароҳати жиддийроқ, шекилли, иккинчи бўлимда бошқа ҳужумчи ўйинни давом эттирадиган бўлди. Жамоа шифокори Суҳробнинг оёғи қаттиқ лат еганини, бир ой майдонга туша олмаслигини айтди...
* * *
— Уч кундан кейин финал, — деди «Учқун» жамоасининг мураббийи кафтларини бир-бирига ишқаларкан, жамоа сардорига синчков тикилиб, — нима деб ўйлайсан, «Сардоба»ни таслим эта оламизми?
Сардор бироз иккиланиб турди-ю, мийиғида жилмайди:
— Олдиндан бирор нима дейиш қийин, лекин Суҳробнинг ўйинга тушолмаслиги рақибимизни кучсизлантириб қўяди. Жамоада бошқа кучли футболчи йўқ.
— Лекин жамоавий ўйин шаклланган, — сардорнинг гапини бўлди мураббий. — Шундай бўлса-да, улардаги руҳий тушкунлик мени бироз тинчлантиряпти... Балки, Суҳроб ўйинга тушар.
— Бу энди мураббийнинг таваккалига боғлиқ. Менимча, у энг моҳир ўйинчисини аяса керак.
— Ишқилиб, айтганинг келсин-да. Чемпионатни-ку, бой бердик, ҳеч бўлмаса, кубокни қўлга киритишимиз керак, акс ҳолда, ишдан бўшатишади мени.
* * *
Шуҳрат ака машғулот олиб бораётган ўйинчиларни кузатаркан, бор диққатини ҳужумчиларнинг ҳаракатларига қаратди. Қайси бири яхшироқ ўйнаса, ўшани Суҳробнинг ўрнига туширишни мўлжаллаётганди. Ана, ҳимоячи тўпни Насимга узатди. У Суҳроб билан бирга ҳужум чизиғини ташкил қиларди. Насим мураббий финалга туширишни мўлжаллаб турган Акмалга тўпни оширди. Акмал эса уни илиб олиб, зарба берди. Бироқ тўп жуда юқорилаб кетди. Шундоғам кайфиятсиз ҳолда ўтирган Шуҳрат аканинг хуноби ошди.
— Бу нима ҳаракат? — деди зарбаси ноаниқ бўлганидан афсус чекаётган Акмалга қараб, — дарвоза қаерда-ю, сен қаерга тепдинг? Бу-ку машғулот, лекин ўйин пайтида шундай қилсанг, битта имкониятни ҳавога совурасан. Эътиборлироқ бўл.
Шуҳрат ака шогирдларига машғулотни давом эттиришни тайинлаб, ўрнига ёрдамчисини қолдирди-да, Суҳробдан хабар олгани шифохонага йўл олди.
— Қалайсан энди? — деди шифтга тикилиб, нималарнидир ўйлаётган Суҳробнинг кафтини қисиб қўяркан.
— Тузук, — деди ҳужумчи шифтдан кўзларини олганча, — Шуҳрат ака, менга бир ой ўйнаш мумкинмас, тўғрими? Ваҳоланки, икки ҳафта ўтди. Оёқларим тузалиб қолди. Ҳозир юра оламан, демак, тўп тепиш ҳам...
Футболчининг нима демоқчилигини англаган мураббий унинг гапини бўлди:
— Э, йўқ. Бунақаси кетмайди. Битта кубокни деб таваккал қилолмайман. Менга соғлиғинг муҳим.
Суҳробнинг ҳам қайсарлиги тутди:
— Менга эса кубок керак. Мен ҳужумчиман, вазифам жамоага ёрдам бериш, уни ғолиб қилиш.
— Лекин олдимизда қанчадан-қанча мусобақалар турибди. Агар ҳозир сени майдонга туширсам, қайтиб футбол ўйнолмаслигинг мумкин.
— Ҳеч нарса қилмайди. Соппа-соғман, — деб Суҳроб ўрнидан турди-да, хона бўйлаб югураркан, худди тўп тепгандек оёғини ҳавода ўйнатди. — Кўрдингизми, бемалол гол ура оламан.
— Бошқа ҳужумчиларимиз ҳам бор, уддалашса керак.
— Нокамтарликка йўйманг-у, лекин тажрибам улардан кўпроқ, қолаверса, финалдаги рақибимизнинг ўйин услубини яхши биламан. Ожиз томони ҳам беш қўлдек аён менга. Шуҳрат ака, мени рўйхатга қўшиб қўйинг, илтимос.
Шуҳрат ака Суҳробнинг майдонга тушишини ич-ичидан истар, бироқ унинг жароҳати жиддийлашишидан чўчирди. Шу боис, аниқ жавоб қайтармади. «Кўрамиз» деди-ю, матбуот анжумани ёдига тушиб, махсус спорт мажмуасига йўл олди. Етиб келганида журналистлар кутилганидан анча кўп, рақиб клуб мураббийси ҳам аллақачон келиб улгурганди.
— Таркибингизда қандай йўқотишлар бор? — дея сўрашди журналистлар Шуҳрат акадан.
Жавоб беришга ҳозирланаркан, мураббий «Учқун» жамоаси устозининг ўзига тикилиб турганини сезди. «Суҳробнинг тушиш-тушмаслигини билмоқчи» деб ўйлади.
— Суҳроб Абдиевни ҳисобга олмасак, жиддий йўқотишларимиз йўқ.
— Суҳроб Абдиевнинг ўзи жиддий йўқотиш эмасми?
— Йўқ, — деди Шуҳрат ака рақибига зимдан қараб оларкан, ўзига хос ишонч билан, — унинг ўрнини босадиган ҳужумчиларимиз етарлича топилади.
«Етарлича топилармиш, — дея хаёлидан ўтказди рақиб мураббий. — Бу гапингга ўзинг ҳам ишонмайсан-ку!»
Энди журналистлар «Учқун» жамоасининг мураббийсига юзланишди:
— Ўйин ҳақида нима дея оласиз?
— Фақат бир гапни ишонч билан айтишим мумкин, — деди мураббий баланд овозда, — марра бизники!
Шуҳрат ака бу гапни эшитиб, жилмайиб қўйди. У ҳужумчисининг ўйинда иштирок этолмаслигини атайин жиддий йўқотишлар сафига қўшмаган, бу билан ҳамкасбининг руҳиятини туширмоқчи эди. Рақиби ҳам буни сезди, шекилли, ғолиб бўлишига ишонаётганини, руҳий жиҳатдан анча тетиклигини яшириб ўтирмади.
Шуҳрат ака ўйинолди рўйхатига ҳар эҳтимолга қарши Суҳробни киритди. Аниқроғи, ўйинчининг ўзи қатъий талаб қилгач, шаштини синдиришни истамади.
* * *
Қарийб ўттиз беш минг томошабинни ўз бағрига оладиган «Истиқлол» стадионида деярли бўш ўрин йўқ. Ҳамма мамлакат кубоги қайси жамоага насиб этишини, ҳал қилувчи ўйиннинг бошланишини интизорлик билан кутяпти. Ана, майдонга «Учқун» жамоаси ўйинчилари чиқиб келишди. Мураббийнинг кайфияти яхши. Шуҳрат ака рақиб ўйинчиларини кузатди — асосий таркиб футболчилари. Кечагидек эсида, ўтган йилги финалда тўқнашишганида худди шу ўйинчилар майдонга тушганди. Ўшанда Суҳробнинг иккита ҳал қилувчи зарбаси эвазига ғалабани илиб кетишганди. Бу гал эса...
«Сардоба» футболчилари ҳам ўз жойларини эгаллашди. Рақиб устози уларга синчковлик билан тикилди.
— Абдиевни туширмабди, — деди ёрдамчисига қараб куларкан, — демак, ҳужумлардан қўрқмасак ҳам бўлади.
— Марра бизники! — деб ёрдамчиси мураббийнинг матбуот анжуманида айтган гапларини такрорлади. Бу эса мураббийга ёқиб тушди:
— Албатта.
Ўйин «Сардоба» жамоасининг ҳужуми билан бошланди. Ҳимоячи тўпни олдинги чизиқда ўйнаётган Акмалга узатди. У дарвозабон билан яккама-якка чиқди, бироқ зарбаси тўсин ёнидан ўтиб кетди. Унинг худди машғулотдаги каби ҳаракати эса мураббийнинг ғазабини қўзғади.
— Кўзига қараб тепмайдими? — деди ёрдамчисига. — Агар шу вазият Суҳробда бўлганида! Эй!
Бу сафар Насим ҳужумни йўққа чиқарди. «Сардоба»нинг ҳужум чизиғида етарлича камчиликлар кўзга ташланаётганди. Аксига олиб, тўп олдириб қўйилди. Қарши ҳужумда ўйнаган рақиб ўйинчилари эса ҳисобни очишди. Бу «Учқун» жамоаси мураббийсини руҳлантириб юборди.
— Мана буни ҳужум деса бўлади, балли, азаматлар!
Шуҳрат ака эса нима қилишни билмай, боши қотганди. Шогирдлари майдоннинг ҳар бир чизиғида бир қатор нуқсонларга йўл қўйишар, танаффусда керакли маслаҳатларни бериши лозимлигини тушуниб турарди.
Ҳакам биринчи бўлим якунланганини эълон қилди. Кийиниш хонасига йўл оларкан, Шуҳрат ака вазиятларни ўзича таҳлил қиларди. Хонага кириб, вазиятни ўзгартириш учун керакли тавсияларни бериб, ўйинчиларни алмаштирди.
Ниҳоят, иккинчи бўлим ҳам бошланди. Ўйинчилар майдонга қайтишди. Рақиб жамоа мураббийси ата-йин «Сардоба»нинг ҳужум чизиғини кузатди. Фақат Насимнигина кўриб, «Битта ҳужумчи билан ўйнамоқчими?» деб ўйлади. Бироқ майдонга бироз кечикиброқ тушган Суҳробни кўрди-ю, ҳам ажабланди, ҳам ташвишланди.
— Тушунмадим, жинними бу мураббий?! — дея бақирди ёнида ўзи каби ҳайрон бўлиб турган ёрдамчисига. — Ўйинчининг қадри йўқ-ми?
У, аслида Суҳробнинг қадрини эмас, у киритиши мумкин бўлган голларни ўйлаётганди. Жамоаси учун жуда хавфли эди у. Шундай ҳам бўлди. Бўлим бошидаёқ рақиб ҳимоячиларини усталик билан ортда қолдирган Суҳроб аниқ зарба йўллади, аммо тўп аввал дарвозабоннинг бармоқларига, кейин эса тўсинга тегиб, йўналишини ўзгартирди ва майдон ташқарисига чиқиб кетди. Рақиб мураббийининг юраги шиғ этди.
— Хайрият, — деди у пичирлаб.
Орадан ўн дақиқа вақт ўтиб, «Сардоба»нинг омади чопди. Бурчакдан узатиб берилган тўпни Суҳроб боши билан рақиб дарвозасига аниқ йўллаб, мувозанатни тиклади. Бу эса «Учқун» мураббийининг кайфиятини тушириб юборди. Нимадир қилмаса бўлмасди.
— Анави қайси оёғидан жароҳатланганди? — деди Суҳробнинг исмини ҳам тилга олгиси келмай.
— Чап оёғидан, — деди-ю, ёрдамчиси мураббийнинг нима демоқчи эканлигини сезди, — бироқ бу ҳалол ўйин қоидаларига...
— Тупурдим ўша қоидаларга, менга ғалаба керак.
У ўйин пайтида юзага келган танаффусдан фойдаланиб, ҳимоячисини чақирди.
— Менга қара, Суҳробнинг чап оёғига аямай теп. Шундай тепки, қайтиб майдонга тушолмайдиган бўлсин.
Бу топшириқ ўзига хуш келмаган бўлса-да, мураббийнинг қайсарлигини билган ҳимоячи қаршилик қилиб ўтирмади.
Иккинчи бўлимга қўшиб берилган вақтнинг сўнгги дақиқалари ўтиб бораётган бир пайтда олдинга интилаётган Суҳробнинг чап оёғига шундай зарба келиб тушдики, оғриқ зўридан бақириб юборди. Кўзидан олов чиқиб кетди.
— Нега бундай қилдинг, номард?! — деди жон аччиғида бақириб.
Ҳакам дарҳол ўйинни тўхтатиб, қўполлик қилган ҳимоячини майдондан четлатди. Шифокорлар эса ҳужумчини майдондан ташқарига олиб чиқишди.
— Атайлаб тепди, — деди Суҳроб тишини-тишига босаркан, — тўп менда эмасди.
Шуҳрат ака ҳам буни ўша заҳотиёқ сезганди. Беихтиёр рақибига қаради, у жилмайиб турарди.
— ўаламис, — деди ғазаб билан пичирлаб, — ҳалол ўйин нималигини билмайди бу!
— Майдонга тушаман, — деди Суҳроб — улгуришим керак.
Бироқ Шуҳрат ака бунга йўл қўймади. Ҳужумчи улгурмасди ҳам. Ҳеч қанча вақт ўтмай, ҳакамнинг финал ҳуштаги янгради.
Рақибининг масхаромуз жилмайиши Шуҳрат аканинг кўз олдидан кетмасди. Қолаверса, Суҳробнинг жасоратига, фидоийлигига тан берганди. Айни дамда ўйин тақдири ўн бир метрлик
зарбаларда ҳал бўлишини, ким аниқ ҳаракат қилса, кубок ўшанга насиб этишини тушуниб турарди. Шу боис, дастлабки зарбаларни тепадиган тўрт ўйинчининг рўйхатини тузди.
— Бешинчиси ким? — сўради ёрдамчиси бироз ажабланиб.
Шуҳрат ака рўйхатга Суҳробнинг фамилиясини ёзди. Бу эса ёрдамчини баттар ажаблантирди.
— Ахир унинг жароҳати...
— Биламан, лекин ҳал қилувчи зарбани тепишга фақат у ҳақли. Эҳтимол, гол уролмас, балки ютқазармиз ҳам. Майли, бунга розиман, — дея Суҳробнинг елкасига қўл ташлади мураббий, — Суҳробжон, агар сенгача ўйин тақдири ҳал бўлса, хафа бўлмайсан. Борди-ю гол уролмасанг, ранжиган номард. Нима бўлганда ҳам, бешинчи зарба сеники...
Иккала жамоанинг ҳар тўрт ўйинчиси бехато ҳаракат қилишди. Энди ғалаба охирги зарбаларга боғлиқ эди. Мураббийсининг гапларидан руҳланиб кетган, қолаверса, жамоасининг тақдири ўзига ҳам боғлиқлигини ҳис қилиб турган «Сардоба» дарвозабони рақиб зарбасини қайтарди. Бу эса барча масъулиятни Суҳробнинг зиммасига юклади.
Тўп ёнига яқинлашаркан, ҳар қадам босганида Суҳробнинг вужуди зириллаб кетарди. Аммо у юрди. Оқсоқланаётганини ўзидан бошқага сездирмади ва тўпни тепди. Посбон тўп йўналишини топди, аммо қўли калталик қилди. Тўп бармоқларининг учига тегиб, юмалаганча тўсиқнинг ички қисмидан жой олди. Сўнг тўрни силкитди. Бутун ўйингоҳни мухлисларнинг ҳайқириғи тутди: «Гол!.. Гол!.. Гол!..
Низомжон Исломов.
Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).