|
JAVOB: Шамшержон, саволингиз қилич каби катта муаммони осмонга кўтариб ташлади. Бу муаммони тутиб олиб, ерга қўйиб, олдингизда таҳлил қилиш ниятидаман. Бу тушунчани ўзбек тилида "миллий сифоят" деб атасак бўлади. Миллий сифоят бор нарса. У асрлар давомида шаклланади. У билан ҳамма ҳисоблашиши керак. Бош мураббий ҳам, журналист ҳам, ишқибоз ҳам. Абрамов миллий сифоятимизни инкор этган бир воқеани гапириб бераман. Бизнинг меҳмондўстлигимиз ўзаро меҳр-оқибатимиз баландлигини Доҳада юрган пайтимизда сездим. Меҳмонхонамизда ҳар бир хонанинг азиз меҳмони бўлган эдим. Ҳар бир ватандошим хонасида дастурхон ёзилар эди. Бошқа миллат вакиллари буни кўриб, жуда ҳайратда қолишар эди. Бошқа хислатимиз ҳақида гапирмоқчиман. АҚШда ўзбек миллати ҳақида жуда илиқ таассурот қолган. Биласиз, бу давлатда қонун устувор. Ўзбек вакиллари ҳаммага нисбатан итоаткор эканлар. Борган сари бизнинг миллат вакилларига ажратилидиган "грин-кард"лар квоталарини кўпайтирмоқдалар. Нисбатан жуда кам одам Америкада қолиб кетмоқда. Кўпчилик моддий ҳолатини яхшилаб, ўз Ватанига қайтиш пайида юрибди. Чироқчилик деҳқон Америкадан кўра ўз чўлини устун қўймоқда. Ватанпарварлик туйғуси бизда баланд экан. Абрамов Ўзбекнинг ўғлонининг қоидага хилоф иш қила олмаслигини ва хоҳламаслигини сезмаган эди. Тожикистон билан ЖЧ-2014 саралаш ўйинини эсланг. Ўзбек мард бўлса, сохта сариқ карточкани олишдан ўзини устун қўяди! Абрамов бўлса, ўйинчиларимизда сохталик маҳорати етишмади деб жар солган эди. Сохта ўйинни Баллак қилсин. Евро-2004да Пепени итариб юбориб, гол урган эди ва бунинг учун уни ҳамма олқишлаган эди. Бизда бундай ўйин қилганни барча йиллар оша қоралайди. Миллий сифоятимиз хонликлар даврида бирмунча ўзгарди. Тобелик, қуллик, жон сақлаш сифатлари феълимизга кириб, ўрнашиб қолди. Амир Темур, Бобур даврида, ҳатто Чингизхон даврида ҳам жанговарлик улуғланар эди. Амир Темур машварат чақириб, 92 уруғимизни тинглар эди. Ҳар бир оқсоқол ўз фикрини қўрқмай Амирга баён қилар эди. ОК-2015дан кейин ҳамма мураббийларимиз, амалдорларимиз Федерациямиз президентига сабаб-бесабаб тахсинлар ўқимоқда. Масалан, Карлос Кейруш Эрон футбол федерацияси президенти шаънини бирор марта эсламайди. Бундай қилса, у ерда уят бўлади. Бизда бошқа манзара. Ҳар бир журналист футболимиз президенти шаънини эслаб ўтмаса бўлмаяпти. Бундан уялмаяпти. Сиз айтган андиша бошқа нарса. Бизда ўғил отага "сен ноҳақсан" деб айтмайди. Европада бундай гап қаҳрамонлик саналади, бизда — одобсизлик. Журналистларимиз андиша қилаётгани йўқ. Саҳифа ва сайт майдонини манфаат майдонига айлантириб юборишган. Гап шунда. Javob berilgan sana: 11.02.2015 13:47
|