“Пахтакор”нинг машғулот базаси уйимга яқин, ёшлигимизда бориб футболчиларнинг машғулотини ҳавас билан томоша қилардик. 1998 йил эди, жамоа мураббийи бразилиялик Вега да Силва машғулотларни ранг-баранг тарзда олиб борарди, жамоа таркибида Шквирин, Қосимов, Абдураимов, Бугало, Д.Назаров, Акопянц, Ширшов, Қамбаралиев, Шоймардонов, М.Алиев, Бунтов каби ажойиб футболчилардан ташкил топган эди. Д.Назаровни мураббий ҳазиллашиб “Ромарио” дерди. Машғулотлар тугагач, кўп футболчилар уйга кетишга шошилмас эди, уларга мураббий ҳам қўшилар ва пенальти тепиш ва бошқа ҳолатлар бўйича гаров ўйнашар, ҳазил-ҳузул билан яхши кайфиятда тарқалишар эди.
Эсимда қолгани теннис тўпида жанглёр қилиш мусобақаси эди. М.Қосимов эса Бугало билан жарима зарбалари устида ишлар, майдоннинг ҳар хил нуқталаридан тўп тепар, Бугало эса қайтаришга ҳаракат қилар эди. Бизга ҳам иш топилар, тўпларни олиб келиб турардик. Хуллас, ҳақиқий професионал клуб эди “Пахтакор”. Бу менинг кўрганларим ва билганларим.
Кўрганларимдан шундай хулоса чиқардимки, ўша даврдаги бизнинг футбол менталитети бошқача эди. Футболчилар ҳам ҳозиргига нисбатан профессионалроқ, бундай атамага лойиқроқ эди! Нимага дейсизми? Унда эшитинг.
Ўша даврда футболчилару мутасаддилар кўпроқ футбол ҳақида ўйлашар эди. Тўғри, шартномалар масаласиям бор эди, аммо футбол ўйнаш ва ўз устида тинмай ишлаш муҳимроқ эди!
Мухлислар “Нефтчи” билан бўладиган фантастик тўқнашувлар муҳимроқ эди. Футболчилару мураббийлар машғулотларни завқ билан бажарар, мухлислар ҳурмати учун яхшироқ тайёргарликка эга бўлишга ҳаракат қилишарди!
Энди эса ҳозирги даврдаги эшитганларимни эшитинг ва хулосани ўзингиз чиқаринг...
Ўзбек халқи миш-мишга ўч, эшитганимизни бировга етказишда озгина ўзимиздан қўшмасак ҳисоб эмас. Кимдир машинасини уйдан олиб чиқишда дарвозага салгина туртиб юборганини этса, 3 кундан сўнг ўзига шу воқеа бошқача бўлиб етиб келади. Касалхонадан қачон чиқдинг, деб сўраб қўйишади тағин. Лекин шамол бўлмаса дарахтнинг учи қимирламайди, факт шуки, машина озгина туртиб юборилган. Бу ҳақиқат. Футболда ҳам худди шундай, миш-мишларда бир мисқол бўлса ҳам ҳақиқат бор.
Бир дўстим бор, автомобилларга ойна ўрнатиш билан шуғуланади, яқинда айтиб қолди: бир футболчининг (исмини айтмай қўя қолай, ҳар ҳолда бу эшитганим, кўрганим эмас) уйига боришибди, машинаси ойнасини алмаштириш учун. Қўнғироқни босиб кутиб туришса, ҳалиги футболчи чиқиб келибди, оғзида сигарет, қўлида “Хейникен” пивоси (“Хейникен”ни ўзим қўшдим, нима қилай мен ҳам ўзбекман). Ишни бошлаган дўстим гап орасида сўраб қолибди: — Ока, сиз футболчи бўлсангиз, сигарет, пиво майдонда тўп суришга халақит қилмайдими? Яна олий лигада ўйнайсиз”. Футболчи: — Э, бизнинг футболда ичиб ўйнасанг ҳам ҳеч нарса қилмайди, 90 дақиқа амаллаб югуриб турсанг бўлдида укам. — Нега, сиз бундоқ шуғулланиб, кучли жамоалардан ўйнайман, терма жамоада ўйнайман деган ният йўқми сизда? — Нима кераги бор менга буни? Уйим бор, бир эмас, иккита, “Мерс”им бор, клуб ойлигимни бериб турган бўлса, нима қиламан қичимаган жойимни қашлаб укам? — Клубингиз чемпионатни зўр бошлайди-да, 2 даврадан олий лигада қолиши аниқ бўлгач, дарҳол айнийди, нега шунақа? — Ҳомийимизнинг талаби шу, биз чемпион ёки совриндор бўлсак ва ОЧЛга чиқсак, ўз-ўзидан кейинги йили харажат кўпаяди, лекин Олий лигадан тушиб кетмаслигимиз ҳам керак, улар учун ўртамиёна бўлиб юрганимиз яхши, Олийда қолишимиз аниқ бўлгач, мурабийимиз роса “соққа”ни қилади-да лекин.
Шунақа гаплар дўстлар, бу эшитганларим. Яна негадир ҳозирги вақтда футболчиларимиз машғулот тугаши билан машинасига ўтириб, чойхонага боришларини эшитиб қоламан, тунги барларда кимдир кайфу сафо қилаётганлигини эшитиб қоламан, миллионлаб пулини тунги капалакларга сарф қилаётганлар бормиш, ачинарлиси кўпчилиги терма жамоага номзод футболчилардир. Аввало бу гаплар миш-миш ва эшитганларим холос. Рост ёки ёлғонлигини фақат Яратган билади. Лекин шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди, факт шуки машина туртилган, бу хақиқат.
Маъмуржон Тиллабоев (MAMRINO)
Блог эгаларининг мухлисларга мурожаати: Ҳурматли stadion.uz ўқувчилари ва юзерлари. Мана мухлис минбари блогимизни ишга тушириб олдик ва дастлабки мақолаларимизни сизларга тақдим этдик. Шу блогни очишимизда ўз маслаҳатлари билан бизни руҳан қўллаб-қувватлаган, хато-камчиликларимизни батараф этишда бизга ёрдам бераётган Мамуржон Тиллабоевга (MAMRINO никли юзер) блогни бирга юритиш таклифини киритдик ва у кишини розилигини олдик. Юқоридаги мақола Маъмур аканинг блогдаги дастлабки мақоласи ҳисобланади. Баҳони эса ўзингиз берасизлар.
Ҳурматли, мухлислар. Агарда сизларда мақола, шеър ёзиш истаги бўлса, бемалол бизга мурожат қилаверинг. Блоггер дўстлар билан маслаҳатлашган ҳолда сизларнинг ижодларингизни ҳам “Мухлис минбари” блогига жойлашга тайёрмиз.