Охирги марта қачон газета ўқигандингиз? Бу саволга кўпчиликнинг жавоби бир хил, "Интернетга киришни бошлаганимдан бери газета ўқимай қўйганман".
Савол туғилади, интернет газетани ўрнини босяптими ёки газета ўз ўқувчисини йўқотдими? Балки ғалати туюлар, лекин мен газетанинг интернет билан рақотлашишини тушунмайман. Газета - бу газета. Интернет - бу интернет. Буни худди кино ва театрга қиёслаш мумкин. Ўз даврида газета тезкор ахборот етказувчи восита эди. Бугун эса ундай эмас. Сайт мухбири, дейлик, бирор ўйин якунланиши билан шу ўйин ҳақида ёзган таҳлилий мақоласини шу куннинг ўзидаёқ сайтга қўяди ва ўқувчиларга тақдим қилади. Газета мухбирида бундай имконият йўқ. Газета неча кундан кейин чиқса ва неча кундан кейин ўқувчи қўлига етиб борса, демак, шунча кундан кейин ўқувчига тақдим қила олади ўша мақоласини. Бунгача эса у эскириб қолади. Таҳлилий мақола ҳам эскирадими? Йўқ! Агар бу шунчаки шарҳ бўлмаса ва таҳлил деб туриб қуруқ вайсаш бўлмаса бир ойдан кейин ҳам, ўн йилдан кейин ҳам эскирмайди.
Интернет газетадаги материалдан фойдаланса ўқувчи ўқиши мумкин, ўқийди ҳам. Гезета интернет материалларидан фойдаланса-чи? Йўқ, ўқимайди, ўқигиси келмайди. Мана шу жойига эътибор беринг, гезета интернетдан устун. Йўқ, мен газетани мақтамоқчимасман, уни интернетдан устун қўймоқчимасман. Юқоридаги ўхшатиш кино ва театр каби газета ва интернетнинг ўз ўрни бор. Менинг назаримда, газета ўқийдиган одамнинг фикрлаши теранроқ бўлади. Мухлислик маданиятининг ривожланишида газеталарнинг ўрни катта. Газеталаримиз интернет билан рақобатлашмай ўз йўлини топсин ва ўша йўлдан юрсин, интернет ўз йўлидан. Ҳар куни сайтларга кириб турадиган юзерлар орасида ҳар ҳафта газета ўқиб турадиганларни кўрсам қувониб кетаман. Ривожланган мамлакатлар дея ҳавас қиладиганимиз ўша мамлакатларда 50 000, 100 000 ададли газеталар бор. Демак, улардаги мухлислар интернетдан ҳам, газетадан ҳам фойдаланишарканда.
Хулоса шуки, интернет сайтларидан ҳам, газетадан ҳам, ва журналдан ҳам ўз ўрнида фойдаланайлик. Бу борада ОАВ ходимларига куч қувват тилаб, улардан яхши янгиликлар кутиб қоламиз. Зеро ўқувчини талаби деб унга эргашмай аксинча ўқувчини ўз ортидан эргаштириш, уни тарбиялаш лозим.