Футбол ҳаётимизнинг бир қисмига айланиб улгурган. Бунга сабаб Еврофутбол дастурларидаги профессионал сьёмкалару, ажойиб видеороликлар ва ҳаммани ўзига жалб қиладиган рекламалардир. Дарҳақиқат, кўп соҳаларда ривожланиш, оммабоплигини ошириш ТВга боғлиқ бўлиб қолмоқда! Жумладан, футбол ҳам.
Мана Олий лигамизнинг биринчи давраси ҳам ўз ниҳоясига етиб бормоқда. Спорт-ТВ шу ўйинларни қай даражада сифатли қилиб биз мухлисларга етказа олди? Нечта учрашув жонли тарзда, тўғридан-тўғри трансляция қилинди? Ўзи шу Олий лигамизда урилган голларнию, ўйинчилар дриблинги, дарвозабонларнинг суперсейвларини неча фоизи биз мухлисларга мукаммал тарзда етказилди?
Ўзи Спорт-ТВнинг вазифаси нима? Мухлисларга сифатли футбол учрашувларини трансляция қилишми ёки уларнинг кўнглини футболдан совутишми? Футбол биринчи ўринда мухлислар учун! Буни Спорт-ТВдагилар ҳаммадан кўра яхшироқ билишади. Хўп, билиб туриб нимага миллий футболимиз ривожи учун жон куйдуриб ишлашмайди-а?
Ҳозир XXI аср техника асрида яшаб, давлатимиз томонидан милионлар ўйини ривожи учун катта эътибор қаратилаётган бир пайтда Спорт-ТВнинг бундай суст ҳаракатини, гапнинг очиғи, нима деб изоҳлашниям билмай қолдим...
Вилоятларда ҳам футболнинг ашаддий мухлислари бор, ҳурматли, Спорт-ТВ ходимлари! Уларнинг ҳаммаси ҳам вилоят марказидаги стадионларга бориб севимли жамоасининг футбол учрашувларини томоша қилиб ҳордиқ чиқаришга имкони йўқ!
Юртдошларимизга қирмизи олмаю, жаннати анжирларни, дастурхонимиз кўрки бўлган мевалару, полиз экинларини машаққатли меҳнати билан бизга етказиб бераётган соддагина бобо-деҳқонларимиз наҳотки ўз вилояти жамоасини ўйинларини Спорт-ТВ орқали томоша қилиб, ҳордиқ чиқаролмаса? Бу қандай Спорт-ТВ ўзи? Ёшларимизга Европадан "совчилар" келмаётгани ҳақида бонг урасизлар, лекин бунда ҳам сизларнинг айбларингиз борлигини биласизларми?
Ахир сизларни қўлингизда-ку реклама қилиш, ёш юлдузлар ҳақида видеороликлар тайёрлаш! Вилоятлардаги аншланг дербиларни сифатли тарзда жонли трансляция қилиб узатинглар, ана кейин кўрасизлар эътиборни. Ҳаттоки, Олий Лиганинг марказий учрашувларидан бири “Локомотив” – “Насаф” ўйинини тўғридан-тўғри транляция қилолмадинглару, вилоятлардаги ўйинлар ҳақида гапириб утирибман-а?! Лекин сизлар ҳам профессионал деган мақомга эгасизлар, шу номга муносиб бўлишга ҳаракат қилингларда...
Ҳозирги кунда “Насаф” уй учрашувларини тўғридан-тўғри трансляция қилиш учун ҳамма шарт-шароит яратилган, аммо сизлар тарафдан ҳеч қандай ҳаракат йўқ! Сизлар шундай савияда ишлаб турганинглардан кейин миллий футболимиз яна қандай ривожланаркин, қандай қилиб оммабоп бўларкин, деб ўйланиб қоласан киши.
Россия Премер-лигасининг шундай оммабоп даражага етишига ТВнинг ўрни катта. Ҳали катта пуллар киритилмасидан олдин ТВ энг катта урғуни тўғридан-тўғри трансляциялар сони ва сифатига берди! Бу ҳолат эса яхшигина натижа берганди.
Ҳурматли, Спорт-ТВ ходимлари, Олий лигамизнинг иккинчи давра ўйинларидан тўғридан-тўғри трансляциялар сони ва сифатини оширинглар. Шарҳловчиларингиз ҳақида ёзаман десам катта бир китоб бўлади, шунинг учун вақтни исроф қилгим келмади.
Сизлар вилоятдаги ТВлар билан профессионал шартнома тузиб, бизга сифатли учрашувларни тақдим этинглар, битта камерада тасвирга олиш даври ўтиб бўлди. Шунга ҳам эътибор беринглар.
Менимча, барча вилоят ТВларида рақамли микшер апаратураси бор, шундан унумли фойдаланса бўлади-ку ахир. Биз мухлисларга сифатли тарзда тасвирга олинган футбол учрашувлари керак. Шу сифат ва сонга асосий урғуни бериб, учрашувлар тақдим этилса, Олий Лигамизга ҳам қизиқиш бирмунча ортиб, мухлисларнинг стадионларга оқими анча ортган бўларди. Шунингдек, футбол ўйинларида юз берадиган баъзи тортишувлар, келишилган ўйинлар, ҳакамларнинг атайлиб бир жамоага ёнбосишлари, баҳсларга анчагина барҳам бериларди.
Умуман олганда, футболимиз оммабоплигини ошириш, мухлисларга ажойиб ҳордиқ тақдим этиш сизларнинг қўлингизда. Фақат озгина жон куйдуриб ишлаш, барча муаммоларга имкон қидириш керак. Олий лигамиз иккинчи давраси бошланишига сизлардан ажойиб сюрпризлар кутиб қоламиз, ҳурматли, Спорт-ТВ ходимлари.