Soccerway.com интернет порталида Осиёнинг кўплаб миллий биринчиликлари қатори Ўзбекистон олий лигаси ҳақидаги маълумотлар ҳам бор. Унда стадионларга мухлислар ташрифи борасида қисқача маълумотнома тузилган экан. 16та клубимиз жорий мавсумда ўз мухлислари ва меҳмон жамоа ишқибозларини жами 21та стадионда кутиб олган. ТТЙМИ, «ғузор» ва «Металлург» ареналаридан бирданига иккитадан клуб фойдаланяпти. Балки худди «Сан-Сиро»да бўлгани каби қайсидир жамоа ўз ўйинини ўтказиш чоғида иншоот номини бошқача атаса қандай бўларкин?
«Бухоро» стадионидаги ўйинлар олий лигадаги исталган клуб учун ўрнак бўлиши керак. Нега бошқа жойларда бундай бўлмаяпти? Чунки ҳамма ҳам ўз ишини профессионал даражада бажармаяпти. Аренани томошабин билан тўлдиришнинг йўли кўп. Энг аввало, клуб совринли ўринлар учун курашиши керак. «қизилқум», «Бухоро» ва «Обод» стадионидан бошқа ҳеч қаерда 70 фоиздан ортиқ ўсишни кўрмаймиз. Пойтахтнинг 3 етакчиси, чемпионлик учун курашаётган клублар («Пахтакор», «Бунёдкор» ва «Локомотив») эса ўз трибуналарини 3, 12 ва 18 фоизга тўлдиришяпти, холос.
«Нефтчи» ўтган йили янги стадионга эга бўлганди. Лекин жамоа кўрсатаётган ўйин савияси томошабинлар сонини 18 мингдан 821 нафарга тушириб қўйди. Мухлисларни алдаб бўлмаслигини шу фактнинг ўзиёқ исботламаяптими? «Андижон» борасида ҳам бемалол айни фикрларни такрорлашимиз мумкин.
Янги чемпион - «Локомотив» аренасига 355дан 4502 нафаргача мухлис келган. Футбол ким учун ўйналишини пойтахт клублари унутиб қўйишган. Ўйин вақти борасида катта муаммолар бор. Учрашувлар кенг жамоатчилик орасида реклама қилинмайди. Олий лигадаги энг муҳим баҳслардан бири - олий лигага ўтиш ўйини («Навбаҳор»-«Норин») ТТЙМИ стадионида бўлиб ўтди. Сиғими 6010 кишилик бўлган аренадаги беллашув ва унинг атрофидаги муаммолар хусусида кўп гапирилди. Арена бундай ўйинга тайёр эмас экан, нега уни водийнинг ўзида ташкиллаштириб қўйилмади?
«Металлург»нинг натижаси, кўрсатаётган ўйини ва мухлислар ўртасидаги боғлиқликни тушунтира олмаймиз - ҳақиқий парадокс! Бир-бирини инкор қилаверади. Сўнгги турдаги «Нефтчи»га қарши баҳсга атиги 512 киши келган. Янглишмасак, сўнгги иккита тур баҳслари соат 14:00га белгиланди. Тўғри, ҳамма ўйинлар бир вақтда бошланмаган.
Солиштириш деймизми, ё ҳавас қилишми, Эрон про-лигасига олий лигамизни боғлаб ўтсак. Янги бошланган мавсумда Эрон миллий чемпионатида 1та ўйинда мухлислар стадионга киритилмади. Улардаги 11та клубнинг ўйинларида 100-1000 нафардан томошабин келган ҳоллар ҳам учради, лекин умумий ҳисобда томошабинлар ташрифи бўйича 1,0 фоиз ўсишга эришилди. Битта учрашувга ўртача 8134 нафар томошабин ташриф буюрмоқда. Чемпион «Истиқлол» (Ҳузистон) ўйинларига 500 мухлис келган ҳолат ҳам учради, лекин бу клубнинг ўртача кўрсаткичи 10200 нафарга етди. Худди «Пахтакор» ва «Бунёдкор»дан ўрнак олишганга ўхшайди. БАА про-лигасида эса бу кўрсаткич 2557 нафарни, Корея К-лигасида 7894, Малайзия суперлигасида 8915, Япония J1-лигасида эса 17968ни ташкил этмоқда.
Мухлислар кўнгил очадиган жойлар кўп бўлса, футбол улар учун биринчи танлов бўлмай қолиши ҳам мумкин. Лекин Англия ва Германиядаги ареналарга қараб бу фикр унчалик тўғри эмасдек туюлади. Стадионларда оддий ҳожатхоналар сони ҳам мухлислар келишига таъсир қилади, десак кулманг. Футбол бўйича жаҳон чемпионатлари ўтказиш учун мамлакатлар топширадиган аризаларда стадионлар ҳақида маълумотлар ҳам берилади. Номзод давлатларга келувчи ФИФА комиссияси аъзолари ҳожатхоналар тури (эркаклар, аёллар ва болали оналар учун алоҳида) ва сонини текширишади. Бу талаблар бажарилмаса, улар стадиондан чиқиб кетаверишади. Ареналар мухлислар маза қиладиган, кун бўйи жисмоний ва ақлий меҳнат билан банд бўлган одамлар учун ҳордиқ чиқарадиган масканга айланиши керак!
Европа ареналарида мухлисларнинг стадионга келишлари учун метро жетонлари берилади, клуб экипировкалари арзон нархда сотилади, сафар ўйинларига клуб президентлари («Ницца» раҳбари яққол мисол) чипта олишга кўмак беришади, нарх қиммат бўлиб кетган тақдирда мухлислар билан ҳисоблашилади ва ҳоказо. Яна давом эттирайликми?
Япония ва Жанубий Кореяда футбол спорт мусобақалари орасида биринчи ўринда турмайди. «Кунчиқар юрт»да сўнгги пайтда фигурали учиш кўплаб мухлисларни жалб этаётган бўлса, Ж.Кореяда гольф, БААда Формула 1 баҳслари оммалашиб бормоқда. Лекин шунга қарамай, футболга томошабинлар ташрифи бир маромда. Олий лигамизда ҳам шундай вазият юзага келиши учун клублар рақобатбардош ва сифатли ўйин намойиш қилишлари керак, «№1» ёки «№2» мухлислари ўйин қандай ҳисоб билан якунланиши ва нечта гол урилишини ҳатто тахмин қила олмасликлари лозим.