Аслини олганда, биз қуръани интиқлик билан кутдикми, демак, жамоаларнинг мувозанати, бизга қулай ёки ноқулайлиги ҳақида қандайдир фикрларимиз бор, шундайми? Балки шунинг учун, мураббийларнинг “ҳар бир жамоада имконият бор” қабилидаги изоҳларидан кўнглимиз тўлмайди. Ниманидир охиригача айтишмаётгандек туюлаверади. Лекин улар ҳақ...
Сабаби, биласизми, бўлажак рақибларимизга нисбатан ҳаммада ҳар хил фиқр бор. Кимдир Кореяни Япониядан кучлироқ ҳисоблайди. Кимдир Австралияга рўбару келмаганимиздан хурсанд. Бошқасини узоқ парвозлар хавотирга солади. Мингта фикр. Шунинг ўзи, аслида рақибларимиз ҳақида аниқ тасаввур йўқлигидан эмасми? Иордания кучлими ёки Қатар? Қаердан биламиз? Ҳеч қаердан. Демак, қайси жамоага тушсак, имкониятимиз ошиб кетиши ҳақидаги мунозаралар у қадар тўғри, деб ўйламайман.
Яқинда Ҳарри Невиллнинг Англия чемпионати ҳақидаги бир мақоласини ўқиб қолдим. Собиқ футболчи АПЛ чемпионлигига кимнинг имконияти кўпроқ экани ҳақида фикр юритган. Ушбу таҳлил нимага асосланган, биласизми?
Ҳаммамизнинг хаёлимиздан бир омил ўтади – тақвим! Яъни икки Манчестер клубининг бўлажак рақиблари кимлар? Қайси жамоа ким билан уйда ёки сафарда ўйнайди? Ва ҳоказо... Невилл бўлажак ўйинларни уч турга бўлиб чиққан. Оғир, очко йўқотилиши мумкин бўлган ва ғалаба қозониладиган ўйинлар сифатида. Жадвалга кўра, “Сити”нинг рақиблари ичида “оғир”лар кўпроқ, “МЮ” да аксинча.
Чемпионлик тақдирини мана шу омил ичидан ахтараётган Невилл қанчалик ҳақ? Буни ўлчаш учун, оддий саволни қўйиш ва турнирнинг биринчи даврасига қараш кифоя. Хўш, “Манчестер Сити” оғир ўйинларни қандай ўтказди-ю, осонроқларидан қанча очко олди? Невилл, мен, сиз, ҳаммамиз кучли деб ҳисоблайдиган “Арсенал”, “Тоттенҳэм”, “Ливерпуль”, “Ньюкасл” каби жамоаларга қарши ўйинларда “шаҳарликлар” ғалаба қозонишган. Энг “қийин” ўйинда 6:1 ҳисобида устун келишган. Аксинча, ғалаба қозонилиши шарт бўлган – “Сандерленд”, “Вест Бромвич”, “Эвертон” каи жамоалар билан ўйинларда эса очко йўқотишган. Худди шундай статистикани “МЮ” ўйинларида ҳам кўришимиз мумкин. Хўш, мана шу фактлардан кўз юма оламизми? Мана шу натижаларга қараб туриб, ўйинларни олдиндан оғир-енгилга ажратиш қанчалик тўғри?�
Нима демоқчиман?
Аслида бугун ҳеч нарса ҳал бўлмади. Оддий ҳақиқат – ҳар қандай ўйинда, ҳар қандай жамоада ғолиб бўлиш учун ҳам, мағлубиятга учраш учун ҳам етарли асослар бўлади. Бу ҳақида ёзилади, таҳлил қилинади. Мисол учун, биз узоқ парвоздан қўрқамиз, ушбу фактор имкониятларимизни кескин пасайтириб юборади, деб ҳисоблаймиз. Ёки бирор рақибимиз гуруҳ аутсайдери бўлса, унга очко керак бўлмаса, ғалаба қозонишимиз осонроқ, деган фикр бўлади. Лекин, эсингиздами, уч кун оралиғидаги узоқ парвоздан кейин олимпия терма жамоамиз Австралияда қониқарли ўйин кўрсата олганди-ку. Ёки аксинча. Ироққа қарши кечган, нейтрал майдондаги ўйинда, рақибга очко керак бўлмаса ҳам, мағлубиятга учрадик-ку. Сабаби, бизда ғалаба учун имконият рақибдан кўра кўпроқ бўлгани билан, ушбу имкониятлардан биз эмас, улар фойдаланди. Ҳаммаси оддий.
Футболнинг моҳияти, ушбу имкониятлар мувозанатини чамалаш эмас, ҳар бир жамоанинг ўша имкониятлардан қанчалик фойдаланиши ва фойдалана олмаслигини кузатишдир. Бу жиҳатдан, рақибдан қатъий назар, ҳаммаси терма жамоами футболчилари ва мураббийларимиз қўлида эканини таъкидламоқчиман.