Ватанимнинг бошига оғир мусибат тушди. Кўчада, уйда, телевизорда муштарак дард билан йиғлаб юрган одамларни кўрдим. Илгари бунақа ҳолатни кўрмагандим. Табиийки, бу дардга бегона бўлган инсонларни ҳам ўқидим. Турли ижтимоий тармоқларда устимиздан кулмоқчи бўлишди, гўёки "кўзимизни очишга" ҳаракат қилаётгандек. Ундан ҳам табиийси, бояги, кўчада, уйда, телевизорда йиғлаб юрган ватандошларимга бундай гаплар қаттиқ таъсир қилди. Юртбошимиз хотирасини муқаддас деб билиб, ўша ижтимоий тармоқларда тортишишди, баҳслашишди, қарши тарафга ўз нафратларини изҳор қилишди. Худдики шу орқали, ўша ёрқин хотирани асраб авайлагандек, худдики, ўзида кечаётган кечинмаларнинг тўғри эканини исботламоқчидек. Лекин биласизми, мен бунга мухтож эмасман. Йўқ, эплай олмаслигимдан эмас. Агар юртбошимиз бўлмаганда, балки, ўз вақтида халқаро олимпиадаларда ғолиб бўлиб, имтиҳонсиз ўқишга қабул қилинмасдим. Балки, юртбошимиз бўлмаганда, ҳозир иккита қизимни икки ёнимга олиб, хотиржам байрамда айлангани чиқмас эдим. Балки. Бу гапларни мен ҳам биламан. Аммо бундай гапларни бировга тушунтиришга, энг асосийси, бу гаплар билан ўзимга таскин беришга мухтож эмасман. Юртбошимиз юртбоши бўлганларида мен тўққиз ёшдаги болакай эдим. Ҳозир ўттиз олтига кирдим. Эсимни таниган барча йилларим айнан юртбошимиз бошқарувидаги давлатида ўтди. Мултфилм кутиб ўтирганимда ҳам кўрардим у одамни. Талабалик имтиҳонларига тайёрланаётганда ҳам эшитардим. Кейин ҳам. Шундай ёшдаманки, юртбошимиз билан ўзимга президент ва фуқаро ракурсида қарай олмайман. У менга нима берди, мен унга нима бердим, у бўлмаса қандай бўларди, бошқа бўлганида мен қандай бўлардим? Йўқ! Қаранг, отангиз вафот этса, қандай аҳволга тушасиз? Отам бўлмаганда мен туғилмас эдим. Отам мени боққан, у бўлмаганда оч қолар эдим. Отам мана бу кийимни олиб бермаганида, яланғоч юрардим. Шунақа деймизми? Йўқ. Отамдан айрилиб қолдим, деймиз. Энди отамни кўра олмайман, деймиз. Суҳбатлаша олмайман, деймиз. Отам мени катта қилганлар деб эмас, отам мана бундай гапирардилар, деб эслаймиз. Овозлари бунақа эди. Гапираётганда мана бунақа мимика қилардилар. Қўлларини мана бундоқ кўтарардилар. Мана бундай кийинардилар. Мана бундай кулардилар. Аччиқлари чиқса, юзлари мана бундай бўларди. Хурсанд бўлсалар, кўзлари мана бундай бўларди. Хотира - мана шу. Мен сиёсатчи эмасман. Мен юртбошимизни мана шундай хотирлайман. Ҳамма шундай бўлиши керак, демоқчи эмасман асло. Телевизорни ёқаман. Маҳзун куй тараляпти. Орада ахборотнинг махсус сонини беради. Дафн маросимини, митингни, бошқа-бошқа лавҳаларни такроран кўрсатишади. Уларни қайта кўргим келмайди. Кутаман. Кейин лавҳа бошланади. Юртбошимиз ҳақида. Турли тадбирлардаги, турли мавзулардаги нутқлардан парчалар. Илгари ҳам кўп кўрардим. Баъзида бошқа каналга олиб ҳам юборардим. Олдинроқ, мултфилм кутиб ўтирган даврларимда хафа ҳам бўлардим. Аммо ҳозир кутаман. Йўқ, қанчалик тўғри гапирганларини таҳлил қилиш учун эмас.Ҳар бир гапларининг мағзини чақиб, кейинги ҳаётимда дастурамал қилиб олиш учун эмас. Йўқ унинг учун эмас. Шунчаки, тинглаш учун. Овозларини яна эшитиш учун. Гапираётганда қандай мимика қилардилар, қўлларини қандай кўтарардилар, қандай кийинардилар, қандай кулардилар, аччиқлари чиқса, юзлари қандай бўларди, хурсанд бўлсалар, кўзлари қандай бўларди - мана шуларни яна кўриш учун. Шунақа ҳолатдаман ҳозир. Кейин бир гап бўлар.